...

...

@AGROBLOGER

Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларни хусусийлаштириш ҳуқуқи кимларга берилди ва у қандай тартибда амалга оширилади? Шу каби саволлар билан Олий Мажлис Сенати аъзоси Толибжон Мадумаровга мурожаат қилдик.

– Кимлар ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга?

– Фақат Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириб олиши мумкин.

– Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларнинг ҳаммаси хусусийлаштириладими?

– Йўқ. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларнинг барчасини ҳам хусусийлаштиришга рухсат берилмайди. Ер участкасининг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда, ер участкалари ва улар билан мустаҳкам боғланган объектлар бирлиги принципи белгиланади. Унга биноан, жойлашган ер участкаси мулкдорига тегишли бўлган бино ёки иншоотга мулкдорлик ҳуқуқи берилганда, бино ёки иншоот билан банд ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик ҳуқуқи бино ёки иншоотни сотиб олувчига ўтади.

Шу билан бирга, қонунда бу борада аниқ норма белгиланган. Яъни:

* белгиланган тартибда режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ерлар;

* фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ерлар;

* табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар;

* ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари;

* эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ҳамда шу каби бошқа ерлар хусусийлаштирилмайди.

– Ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби қандай? 

– Ер участкаларини хусусийлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорлари асосида пуллик амалга оширилади. Бунинг учун тўлов миқдори ер участкаси хусусийлаштирилган кундаги ер солиғи ставкасининг каррали миқдорларида белгиланади.

Бўш турган ва Урбанизация жамғармасига ўтказилган ер участкаларини хусусийлаштириш электрон онлайн-аукцион орқали бажарилади. Энг муҳими, ер участкаларини хусусийлаштириш фақат бош режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳалари, шунингдек, кўчмас мулк кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган аҳоли пунктларида жойлашган ер участкаларига нисбатан амалга оширилади. Белгиланган ер участкаларининг бошланғич баҳоси аукционга қўйилган вақтда уларнинг бозор қийматига тенг этиб белгиланади.

Шунингдек, қонунда, хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган мулкдорлик ҳуқуқи давлат томонидан муҳофаза қилиниши мустаҳкамланган. Яъни уларнинг дахлсизлигини кафолатлайди. Бу ўз навбатида белгиланган тартиб-таомилларга зид равишда ерларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан олиб қўйилиши каби ҳолатларнинг бартараф этилишига хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2020 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.


Жонибек МАЪРУПОВ

суҳбатлашди.

kun.uz

@AGROBLOGER

Report Page