...

...

AGROBLOGER

Суғориладиган ер майдонларида замонавий, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва шу асосида сувдан оқилона фойдаланиш муҳим масалалардан бирига айланмоқда.

 Шу боис мамлакатимизда замонавий суғориш тизимларини амалиётга татбиқ этиш, томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев Сирдарё вилоятида бўлиб, бу борада олиб борилаётган ишлар билан танишди. Жумладан, Сирдарё туманида Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси шаклидаги МЧЖ тасарруфидаги дала майдонларида ўтказилган “Қишлоқ хўжалиги йўналишида бугунги кунда суғориш тизимидаги томчилатиб суғориш усулининг афзалликлари” мавзуидаги кўргазмали семинарда қатнашди. 

Семинарда сув хўжалиги вазири юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини сув хўжалигида кенг татбиқ этиш ҳақида сўз юритди. Сувчилар ва фермерларга сув олишни тартибга солиш, обиҳаётни тежаб ишлатиш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш жорий этилган майдонларни кенгайтириш бугунги куннинг талаби эканлигини, вазирлик бу борада уларга амалий ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, жорий йилда Сирдарё вилоятида 12 минг 326 гектар ер майдонида томчилатиб суғориш, 100 гектар пахта майдонида пульсар суғориш технологиясини жорий этиш ҳамда 17 минг 924 гектар майдонни лазерли текислаш режалаштирилган эди. Кластер ва фермер хўжаликлари билан пудрат ташкилотлари ўртасида 17 минг 422 гектар майдонга сув тежовчи технологияларни қуриш бўйича шартномалар расмийлаштирилди. Шундан 13 минг 644 гектарини томчилатиб суғориш, 120 гектарини ёмғирлатиб суғориш ташкил этади. 3 минг 658 гектар майдонда эса дискрет суғориш технологиясини жорий этиш кўзда тутилган. 

Айни пайтда вилоятда 15 минг 526 гектар майдонда технологияларни қуриш учун жами 281 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар молиялаштирилган. Пудрат ташкилотлари томонидан 15 минг 512 гектар майдонда қурилиш ишлари бошланган. Қурилиш якунланган 8 минг 383 гектар пахта майдонлари томчилатиш усулида суғориляпти. Дастлабки босқичда керакли ҳужжатлари тақдим этилган 1 минг 206 гектар пахта майдони учун 10,021 миллиард сўм миқдорида субсидия маблағлари кластер ва фермер хўжаликларининг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди.

Сув хўжалиги вазири Ховос туманидаги Улуғбек Йўлдошев раҳбарлик қилаётган “Сайхун” фермер хўжалигининг пахта даласида ҳам бўлиб, ховослик фермерлар билан суҳбатлашди. Улуғбек Йўлдошев вилоятда биринчилардан бўлиб, сув тежовчи технологияларни ўз экин майдонига ўрнатган изланувчан тадбиркор-фермер. У икки йилдан буён ғўза суғоришни қўл телефони орқали амалга оширади. Бу эса кўпчилик фермерларнинг қизиқишини уйғотди. 

Вазир фермер хўжалигининг фаолияти билан яқиндан танишиб, ўз тавсияларини берди.


ЎзА, uza.uz

AGROBLOGER канали

Report Page