...

...

@AGROBLOGER

13 август куни Хоразм вилоятининг кўҳна ва навқирон Хива шаҳрида анъанавий «Қовун сайли» фестивали бошланганди.

Унда вилоятнинг барча туманларидан келган миришкор деҳқонлар, полизкор фермерлар, томорқа ер эгалари, агросаноат соҳаси корхоналари, давлат ва жамоат ташкилотлари иштирок этиб, «Гурвак – Хоразм қовунчилигининг рамзи» кўргазмаси доирасида ўз маҳсулотларини намойиш қилишди.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, туманлар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.



Фестивалдан мақсад – ҳудудга сайёҳлар оқимини ошириш, воҳанинг қадимий полизчилик тажрибасини, ширин-шакар қовун-тарвузлар ва боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштиришдир.




Сайилда қовунларнинг «Гурвак», «Қиличбой бешак», «Қари қиз», «Туя қовун», «Тўёна», «Ола замча», «Хоразм оқ новвоти», «Кўк гулоби», «Бўрикалла» каби бир-биридан ширин ўнлаб маҳаллий навлари намойиш қилинди. Бундан ташқари, турли мева-сабзавотлар, полиз экинлари, қандолат ва асаларичилик, ҳунармандчилик, чорвачилик ва балиқчилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.



«Қовун сайли» фестивали соҳа мутахассисларининг ҳам эътиборидан четда қолмади. Улар сўнгги йилларда қовунчилик ва полиз экинлари бўйича олиб борилаётган илмий ишларнинг натижаси билан яқиндан танишдилар. Хусусан, деҳқонлар ва амалиётчи олимлар қовуннинг йўқолиб кетган навларини тиклаш, экспортбоп янги навларини яратиш ва кўпайтириш устида ишлаб, ҳосилдорлиги юқори бўлган, ноқулай об-ҳаво шароитига, турли касалликларга чидамли «Гурлан», «Амударё», «Гулоби Хоразми», «Саховат», «Заргулоби» навларининг яратилгани бу борадаги изланишлар самарасидир.




Хиванинг дунёга машҳур Ичон-қалъа тарихий меъморий мажмуаси олдида ўтказилган фестиваль нафақат шаҳарликлар ва меҳмонларни, балки чет элдан ташриф буюрган сайёҳларни ҳам бефарқ қолдирмади. Улар Хоразмнинг ширин қовунларини, ноз-неъматларини татиб кўришди, меҳмондўст халқимизнинг ҳимматига баҳо беришди, шунингдек, санъаткорлар, фольклор-этнографик ансамблларининг саҳна чиқишлари, дилтортар куй-қўшиқларидан ҳам баҳраманд бўлишди. 



Ҳар бир туман ва шаҳар учун ажратилган павильонлар байрамона безатилди, қовунлар ўзига хос манзарали кўринишда намойиш этилди. Тадбир якунида алоҳида ўрнак кўрсатган деҳқон-миришкорлар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, агросаноат соҳаси ходимлари Хоразм вилояти ҳокимлигининг махсус дипломлари ва қимматли совғалари билан, Гурлан, Қўшкўпир, Янгиариқ, Боғот, Янгибозор, Хонқа, Ҳазорасп, Шовот, Хива ва Урганч туманлари эса DAMAS ва LABO автомашиналари билан тақдирландилар.

«Қовун сайли» 18 августгача давом этади.

Нурмуҳаммад Саид


kun.uz

@AGROBLOGER

Report Page