Фарғонада “Ишонч телефонлари” нега ишламайди?

Фарғонада “Ишонч телефонлари” нега ишламайди?

🌐OLTIARIQ_TV

“Ишонч телефони” номигагина ташкил этилганлигини қандай тушуниш мумкин?

Фарғонада “Ишонч телефонлари” нега ишламайди?

Мамлакатимизда бугунги кунда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда бутунлай янгича тизим яратилди. Айниқса, давлат органлари ва жамоат ташкилотларида ташкил этилган “Ишонч телефони” ҳам бунда яхши самара бермоқда. Албатта, барча жойда ҳам бу борада ишлар қониқарли эмас. Фарғона вилоятидаги бир қатор маҳаллий ҳокимлик ва бошқармаларда “Ишонч телефони” номигагина ташкил этилганлигини қандай тушуниш мумкин?


Фарғона шаҳар ҳокимлигининг 243-91-91 рақамли “Ишонч телефони”га қилган қўнғироқларимиз бесамар кетди. Телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади. Ажабланарлиси эса Қўқон шаҳар ҳокимлигининг http://qoqon.uz сайтида кузатилди. Ҳокимликнинг сайтида “Ишонч телефони” рақами берилган экан. Бу шаҳар ҳокимлигининг “Ишонч телефони” айнан Фарғона шаҳар ҳокимлиги билан бир хил. Бу ҳолатни биз умуман тушунмадик. Сиз тушунгандирсиз балки, азиз ўқувчи?


Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидаги тиббиёт муассасаларида бугунги кунда барча ташкилотларнинг “Ишонч телефони” ҳақида маълумот берилган. Агар фуқарода соҳага оид бирор эътироз бўлса, тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкони бор. Афсуски, соғлиқни сақлаш тизимидаги “Ишонч телефонлари”нинг ўзи ишламаяпти, мурожаатлар юбориш имконияти йўқ. 


Бугунги кунда мазкур бошқарманинг www.fvssb.uz деб номланган сайти фаолият кўрсатмоқда. Сайтда “Ишонч телефонлари” деб номланган бўлим ҳам бор. Унда тизимдаги тиббиёт бирлашмаларининг “”Ишонч телефонлари” берилган. Келтирилган телефон рақамларига бир неча марта қўнғироқ қилинишига қарамай, ҳеч ким қўнғироқларга жавоб бермади.


Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 242-90-42, 242-96-88 рақамли телефонларига кун бўйи қўнғироқ қилиб кўрдик, афсуски, барча қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Шу ўринда Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси “Ишонч телефонлари” қайси вақтда ва қайси кунда ишлаши ҳақида маълумот тарқатмаган экан деган хаёлга ҳам бордик. Чунки, аниқ вақт кўрсатилганда, мурожаатчилар айнан ўша вақтларда уларни безовта қилармиди балки?!


Аҳолида бугунги кунда кўплаб соҳалардаги баъзи ҳолатлардан ҳақли эътироз пайдо бўлмоқда. Айрим жойларда соҳада тамагирлик, бефарқлик ҳолатлари кузатилмоқда. Аммо уни ҳал этишни, мурожаатлар билан ишлашни тизимидаги раҳбарлар асло ўйлагани йўқ. Фарғона вилоятидаги айрим бошқарма ва ташкилотларда “Ишонч телефони”нинг ишламаётгани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.


Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Report Page