...

...

AGROBLOGER

Президент “Жиззах ва Cирдарё вилоятларида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • 2020-2023 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш бўйича манзилли рўйхатлар;
  • 2020-2023 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ирригация тизимларини таъмирлаш ва тиклаш ишларининг прогноз кўрсаткичлари;
  • 2020-2023 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ҳамда фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан суғориш тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишларининг прогноз кўрсаткичлари;
  • 2020-2023 йилларда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари;
  • Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги сув хўжалиги объектларини бошқариш, сувни ҳисобга олиш ва мониторинг юритишда рақамли технологияларни жорий қилиш прогноз кўрсаткичлари;
  • Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги суғориш ва дренаж қудуқлари ҳамда мелиоратив объектларда сувни назорат қилиш бўйича рақамли технологияларни жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланади.

Сув хўжалиги вазири, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳамда туманлар ҳокимларига мазкур қарорда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича шахсий жавобгарлик юкланди.

Лойиҳалар, шунингдек, белгиланган прогноз кўрсаткичлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар:

  • ҳар бир лойиҳанинг натижадорлиги ва мақсадга мувофиқлигидан келиб чиқиб, тегишли лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилади;
  • қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ортиқ бўлган ҳар бир лойиҳанинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилгандан сўнг Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ва туманлар ҳокимликлари, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, сув истеъмолчилари уюшмалари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар иштирокида ҳамда мустақил экспертларни жалб этган ҳолда муҳокама этилади ва уларнинг ижобий хулосаси асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги:

  • 2020 йилда амалга ошириладиган лойиҳаларни 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурининг 2020 йил учун тасдиқланган параметрлари доирасида ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширсин, келгуси йиллар учун асосий кўрсаткичларни аниқлаштириб ва янгилаб борган ҳолда Инвестиция дастурини шакллантириш жараёнида инобатга олади;
  • Давлат бюджетининг 2020 йил параметрлари доирасида 2020 йил учун белгиланган чора-тадбирларни амалга оширади, 2021-2023 йиллар учун белгиланган тадбирларни келгуси йиллар Давлат бюджети кўрсаткичларида ўрнатилган тартибда назарда тутади.

Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари:

  • белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши учун талаб этиладиган маблағларни маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратиб боради;
  • белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилишида сув истеъмолчилари уюшмалари, кластерлар ҳамда фермер хўжаликларига кўмаклашади.

Сув хўжалиги вазирлиги, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари:

  • тасдиқланган манзилли рўйхатлар, шунингдек, тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари доирасида объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилишини, бош пудрат ташкилотларининг тендер (танлов) савдолари асосида аниқланишини ҳамда қурилиш ишларининг амалга оширилишини ташкил қилади ва қатъий назоратга олади;
  • объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашда, тендер танловларини ўтказиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш ҳисобига объектларнинг қийматини мақбуллаштириш чораларини кўради;
  • лойиҳаларни амалга ошириш доирасида зарур асбоб-ускуна, хом ашё, бутловчи буюмлар ҳамда қурилиш материалларининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилинишини таъминлайди (мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун);
  • энергия тежамкор технологияларни қўллаш ҳамда объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларига маҳаллий пудрат ташкилотларини кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратади.

2021 йилдан бошлаб ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш бўйича устувор лойиҳаларни танлаш ва амалга оширишнинг шундай тартиби ўрнатиладики, унга кўра:

  • устувор лойиҳалар бўйича таклифлар сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, геология, ер тузиш ва лойиҳа ташкилотлари мутахассислари ҳамда мустақил экспертлар, шунингдек, манфаатдор фермер ва кластерлар иштирокида жойида ҳар бир ҳудуднинг сув таъминоти, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва бошқа ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳамда муаммолар таҳлилини қилган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда шакллантирилади;
  • устувор лойиҳалар бўйича таклифлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашларида муҳокама қилинади ва маъқуллангандан сўнг белгиланган тартибда амалга оширилади;
  • ҳар бир лойиҳанинг амалга оширилиши ҳолати тегишли халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан назорат қилиб борилади.

2020/2021 ўқув йилида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олаётган талабаларнинг ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиёти эксперимент тариқасида Жиззах ва Сирдарё вилоятларида қуйидаги тартибда ташкил қилинади:

а) талабаларнинг ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиёти Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Институт билан келишилган ҳолда тасдиқланган жадвал ва дастур асосида ихтисослашган кафедраларнинг профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида назарда тутилган объектларда, шунингдек, буюртмачи, пудратчи ва сув хўжалиги эксплуатация ташкилотларида ўтказилади;

б) малакавий-ишлаб чиқариш амалиётини ташкил қилишда:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда талабаларни ҳудудларга олиб боради, жойлаштиради ва зарур шароитларни яратади;

лойиҳаларнинг буюртмачиси, бош пудратчи ва сув хўжалиги эксплуатация ташкилотлари талабаларни қурилиш ва сув хўжалиги объектларига даврий равишда олиб чиқади, уларга лойиҳа-смета ва қурилиш назорати ҳужжатларидан фойдаланишга ҳамда замонавий қурилиш ва сувни оқилона бошқариш услублари, техникаси ва технологияларини чуқур ўрганишлари учун амалий шароит яратади.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти талабаларининг 2020/2021 ўқув йилида ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида Жиззах ва Сирдарё вилоятларида амалга ошириладиган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш лойиҳаларида иштирокини таъминлаш жадвали тасдиқланади.

Сув хўжалиги вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги Дўстлик Сув хўжалиги ва мелиорация коллежи ҳамда Гулистон давлат университети ҳузуридаги Оқолтин саноат техникумида Институт талабаларининг ёзги малакавий-ишлаб чиқариш амалиётини ташкил қилади.

Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари:

  • Пахтакор ҳамда Ховос туманларида илғор агрокластерларни жалб қилган ҳолда замонавий рақамли технологиялар асосида намунали автоматлаштирилган суғориш участкаларини ташкил қилиш чораларини кўради. Бунда Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси намунали участкаларни ташкил қилишда ҳар томонлама услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;
  • 3 кун муддатда мазкур қарорни самарали ижро этишга доир масалаларни халқ депутатлари вилоятлар ҳамда туман (шаҳар)лар Кенгашларида муҳокама қилади ва тегишли қарор қабул қилади.



@AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page