...

...

AGROBLOGER

Лимон ўсимликлари иссиқсевар бўлганлиги боис, у совуққа чидамсиз, шу сабабли унинг меваларининг етилиши учун жуда кўп миқдорда фойдали иссиқ ҳарорат йиғиндисини талаб қилади. Шунинг учун республикамизда лимон ўсимликларини ҳимоя қилинган жойларда, яъни иссиқхона ва ҳандакларда экиб ўстирилади (лекин, ушбу иншоотларнинг усти ёз фаслида очиб қўйилади).

Лимон ўсимликлари қулай ўсиб-ривожланиши ва ҳосил тугиши учун 4000ºС дан ортиқ фойдали ҳарорат йиғиндисини талаб қилади. Бироқ, лимон мевалари -2,5°С, барг ва бир йиллик новдалари -3–4°С да зарарланиб, ҳароратнинг -5–6°С гача пасайиши қарироқ шохларнинг ҳалок бўлишига олиб келиб, -8–9оС да эса ўсимликни бутунлай совуқ уради.

Иссиқхона ва ҳандакларда об-ҳаво шароитларига, ўсимлик ёшига, мева бериш даражасига ва бошқа омилларга қараб суткалик ҳаво ҳарорати +12ºС бўлиб, тупроқ ҳарорати +5ºС да лимон ўсимликларининг куртаклари очилиб новдалари ўса бошлайди. Февраль бошларида пластик моддалар ажралиб чиқади, шунингдек, кўп миқдорда гулкуртаклар вужудга келади, булар юқори ҳосил олиш учун катта аҳамиятга эга.

Иссиқхона хамда ҳандакларда ўртача ҳаво ҳарорати 16–18ºС ва тупроқ ҳарорати 14–17ºС бўлганда лимон гулининг ғунчалари шаклланади. Март-апрель ойларида иссиқхона ва ҳандакда ҳаво ҳарорати 18–22ºС ва тупроқ ҳарорати 21ºС бўлганда гуллари қийғос очилиб, гуллаш давомийлиги 20–25 кунни ташкил этади.

Мева тугунларини шаклланиб ва тутиб қолиши учун ушбу ҳароратни ушлаш мақсадга мувофиқдир. Лимон ўз-ўзидан ва четдан чангланадиган ўсимлик бўлганлиги сабабли асалариларда фойдаланиш тугунчаларнинг кўпроқ ҳосил бўлишига ёрдам беради. Апрель охири май бошларида суткалик ўртача ҳарорат 22ºС бўлганида меваларнинг шаклланиш босқичи бошланади ва июннинг биринчи ўн кунлигида ҳаво ҳарорати 25,4ºС бўлганида тугайди.

Мева тугиши ва уларнинг ривожланиши учун биринчи ўн кунликда ҳаво 20–25ºС гача қизиши ва нисбий намлик 70–80% бўлиши зарур. Бундай шароитда лимон ўсимлиги анча яхши гуллаб мўл ҳосил тугади. Ҳаво қуруқлиги ва ҳароратнинг кескин ошиши тугунларнинг кўплаб тўкилиб кетишига олиб келиши мумкин. Май-июнда ойларида лимон меваси тез ривожланади, кейин ўсиши бир оз секинлашади. Шу билан бирга, октябр ойигача пўсти сарғайгунча йириклашаверади. Ноябрь-декабрь бошларида мева пишиб, ноябрда лимон ўсимлиги тиним даврига киради. Ушбу даврда иссиқхона ва ҳандакда ҳарорат ўртача +8ºС дан ошмаслиги керак.

Академик М.Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳамда бир қатор хўжаликларни тажрибаси шуни кўрсатдики, мамлакатимизда фаол ҳароратнинг юқори бўлиши лимон навлари ичида энг кўп экилган Мейер навидан яхши сифатли мўл ва мунтазам ҳосил олиш имконини берди. Бу нав нисбатан кичиклиги ва эрта мева бера бошлаши билан фарқланиб, (кўчати ўтқазилгандан сўнг 2-йили), у маҳаллий шароитга кўпроқ мослашган.

Лимон ўсимлиги барглари 2–3 йил яшайди ва аста-секин алмашинади. Ёш (1 йиллигигача) барглар озиқ моддаларни фақат истеъмол қилади, қарироқлари эса озиқ моддаларни ўсиш ва ҳосил тугиш учун туплайди.

Лимонни Мейер нави совуққа унчалик чидамли бўлмаганлиги учун уни ҳандак ва иссиқхоналарда ўстирилиб, иссиқхоналарда етиштириладиган бошқа ўсимликларга нисбатан иссиқлик кам сарфланади. Ҳандакда ушбу нав қисқа муддатда ўсиб-ривожланиб, парвариш қилиш енгиллашади ҳамда юқори ҳосилдорликни таъминлайди.

Агар ҳандакларда ўстирилганда битта дарахтдан тўлиқ ҳосилга киргач ўртача 200–250 тагача мева олинса, иссиқхоналарда эса кучли ривожланган дарахтдан 400–500 тагача лимон меваси олиш мумкин.

Лимонни Мейер навидан узоқ йиллар давомида юқори ва барқарор ҳосил олишнинг муҳим шарти бу нав талаблари билан уни ўстириш шароитлари ўртасида мувофиқликни таъминлашдир. Шунинг учун иссиқхоналарни ҳам, ҳандакларни ҳам бу иншоотлар лойиҳасига қатъий риоя қилган ҳолда қуриш ҳисобланади. Яъни, шимолдан жанубга ёки шимолий шарқдан жанубий ғарбга қаратиб қуриш мақсадга мувофиқ. Бунда лимон ўсимлигига кун давомида қуёш нури бир текис тушади

Лимоннинг ўсиши ва ривожланиши учун тупроқ шароити муҳим аҳамиятга эга. Сизот сувлари яқин жойлашган шўр ерларда ва структурасиз тупроқларда мутлақо ўса олмайди. Зичлиги ўртача қумоқ тупроқли ерлар ва сув ҳаво ўтказувчанлиги яхши бўлган енгил тупроқлар лимон ўсимлиги учун мосдир.


AGROBLOGER канали

agro.uz


Report Page