...

...

AGROBLOGER

Июль ойи охирида EastFruit мутахассислари Ўзбекистондан узумни оммавий экспорт қилиш бошлангани ва ташқи бозорга шафтоли/нектарин етказиб бериш кескин ошгани ҳақида хабар беришган эди. Сўнгги 10 кун ичида узум ва шафтоли/нектарин Ўзбекистондан сархил мева-сабзавотларни экспорт қилиш учун транспорт сўровлари рейтингида етакчи ўринларни эгаллади. Шу билан бирга, тарвузнинг оммавий экспорти тугади, деб ҳисоблаш мумкин. Август ойи бошидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистондан тарвуз атиги бир неча партияда жўнатилди.

Ўзбекистон жорий йил август ойининг биринчи ўн кунлигида сархил мева-сабзавотлар экспортида қандай асосий позицияларига эга?

Экспортёрлар ва логистика хизматлари бозори иштирокчиларининг фикрига кўра, янги узилган мева-сабзавотларни ташқи бозорга жўнатиш учун автотранспорт воситаларига умумий сўровларнинг қарийб 70 фоизи икки мева ҳиссасига тўғри келади, у ҳам бўлса, узум ва шафтоли/нектариндир. EastFruit экспертларининг фикрича, сўровларнинг 40-50 фоизи узум, тахминан 20-30 фоизи эса шафтоли ва нектарин ҳиссасига тўғри келмоқда. Шунга кўра, Ўзбекистон сархил мева-сабзавотлар экспортида биринчи позиция узумга, иккинчиси шафтоли ва нектаринга тегишлидир.

Узум Россия, Украина, Беларусь ва Қозоғистонга жўнатилмоқда, лекин унинг аксарият қисми Россия шаҳарларига – ушбу мамлакатнинг марказий қисмдан тортиб шимолий ва Узоқ Шарқ қисмигача етказиб берилади. Шафтоли ва нектарин ҳақида гапирадиган бўлсак, бу маҳсулотларнинг катта қисми Россия ва Беларусга, кичикроқ қисми – Украина ва Польшага юборилмоқда.

2021 йил август ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон сархил мева- сабзавотлар сегментидаги учинчи асосий экспорт позицияси – бу қовун. Унинг улуши сархил мева-сабзавотлар экспорти умумий ҳажмининг тахминан 7-10 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистон қовунларининг асосий қисми Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонга жўнатилади. Aммо сўнгги бир неча йил ичида Голландия, Чехия, Швеция, Aнглия, Молдова каби давлатлар ҳам қўшилиши ҳисобига экспорт географияси кенгайди. Бундан ташқари, Польшага етказиб бериш мунтазамлик касб этди, Германияга экспорт ҳажми 470 дан 860 тоннага, Латвияга 740 дан 2 750 тоннага, Украинага 450 дан 4 000 тоннагача ошди. EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, 2021 йилги мавсумда Латвия ўзбек қовуни импорти бўйича 2020 йилги рекордни янгилайди ва Польшага экспорт ҳажми ўтган йиллардагидан бир неча баробар кўпаяди.

Тўртинчи позицияни олхўри эгаллайди, унинг асосий бозори Россия Федерацияси ҳисобланади. EastFruit мутахассисларининг ҳисоб-китобига кўра, сархил мева-сабзавот экспортида бу маҳсулот улуши 4-7 фоизни ташкил қилади.

Бешинчи позиция пиёзга тегишли. Пиёз жўнатиш учун сўровлар транспорт талабларининг 3-5 фоизини ташкил қилади. 2021 йилнинг июнь ойи охирида пиёз Ўзбекистон сархил мева-сабзавотлар экспортида иккинчи позицияни эгаллаган. Ўшанда ушбу маҳсулот мева-сабзавотларни экспортга жўнатиш учун транспорт воситаларига сўровлар рейтингида иккинчи ўринда эди.

Бозор иштирокчиларининг фикрича, карам, булғор қалампири ва помидор охирги – олтинчи ўринни эгаллайди.


EastFruit

AGROBLOGER канали


Report Page