...

...

AGROBLOGER

Олтиариқ тумани нафақат Фарғона вилоятида балки юртимизда ҳам миришкорлиги ва тадбиркорлиги билан машҳур. Айниқса, томорқачиликда ўзига хос мактаб яратилган.

Ҳар бир маҳалла кесимида “ўсиш нуқта”лари аниқланиб, томорқадан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилди. Ҳозирги кунга қадар туман миқёсида 213 гектар ерда иссиқхоналар ташкил этилди. Аҳолининг шахсий томорқа ерларидаги иссиқхоналар 172 гектарга етди.

Полосон, Повулғон, Азимобод, Эскиараб, Янгиқўрғон сингари қишлоқларда томорқа миришкорлари кўп бўлиб, деярли ҳар бир оилада иссиқхона бор. Қизилтепа, Бўрболиқ, Жонибек сингари ҳудудлар аҳолиси ўртасида ҳам томорқада иссиқхоналар барпо этиш орқали ердан унумли фойдаланиш тобора кенг қулоч ёзмоқда.

Олтиариқда кейинги йилларда Қапчуғай, Зилха қир-адирлари, Бўрболиқнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган тош-шағал ерлари ҳам ўзлаштирилиб, иссиқхоналар ташкил этиляпти. Деҳқончиликда инновация кенг жорий этилиб, ҳосилдорлик ва даромад салмоғи йилдан-йилга ортиб боришига эришиляпти.

Туманда деҳқончиликни илмий асосда ривожлантираётган Абдувоҳид Мирзажонов, Абдумутал Ғофуров, Исақжон Бойматов, Ашурали Каримов, Иброҳим Раҳимов каби катта ҳаётий тажрибага эга томорқачилик миришкорлари кўпчиликни ташкил этади. Бу инсонлар ҳазиломуз оҳангда “агар табиий газ ва электрдан муаммо бўлмаса, олтиариқликлар мева-сабзавотлари билан жаҳон бозорини эгаллайди” деб қўйишади.

– Тажриба тариқасида маҳсулотларимизни Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Хитой, Корея Республикаси, Европа давлатлари бозорларига киритиб кўрдик, – дейди деҳқончилик билимдони Исақжон Бойматов. – Аммо бу юрт тадбиркорлари билан узоқ муддатли шартномалар тузиш учун бизга доимий равишда маҳсулотлар захираси керак. Мисол учун, хитойликлар меваларимизга катта қизиқиш билдиришяпти. Лекин Хитой бозорини таъминлаш учун рақобатбардош маҳсулот етиштиришдан ташқари, қадоқлаш, қайта ишлаш, логистика хизматлари яхши ривожланган бўлиши зарур.

Айни кунларда Ҳиндистондан кишмиш узумини олиб келиб, Олтиариқнинг иқлим шароитига мослаштириш ҳамда ундан экспортбоп сифатли маҳсулот олиш бўйича илмий-амалий тажрибалар олиб боряпмиз.

Ҳозирги кунда Олтиариқда вилоятда энг кўп – 82 та, сиғими қарийб 60 минг тонна бўлган музлаткичли омборхоналар мавжуд. 2020 йил туманда биргина узум ҳосилининг салмоғи 54 минг 276 тоннани ташкил этиб, унинг 16,2 минг тоннаси экспорт қилинди. Натижада узумчилик тармоғининг ўзидан 15,2 миллион АҚШ доллари миқдорида валюта жалб этилди.

Уддабуронликда олтиариқликларнинг олдига тушадигани йўқ. Айни кунларда туман миришкорлари иссиқхонада цитрус мевалар етиштириш, узумчилик тармоғини янада кенгайтириш учун янги-янги навларни маҳаллий шароитга мослаштириш, павлония плантациялари ташкил этиш бўйича тажрибалар олиб боришяпти. Хуллас, даромад келтириши мумкин бўлган ҳеч бир соҳа, ҳар қандай янгилик олтиариқликлар эътиборидан четда эмас.

Яқин истиқболда бодринг, турп, узум сингари маҳсулотларнинг иссиқхона тажрибаси Олтиариқнинг ўзига хос “бренд”ига айланиши, шубҳасиз. Бунинг учун туманда етарли шароит ва салоҳият бор.

 

М.Сулаймонов, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page