...

...

AGROBLOGER

Яхши хабарнинг қаноти бор, дейишади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 август куни қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини эшитиб, туманимиз аҳли беҳад мамнун бўлмоқда.


Унда туманда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, соҳада фойдаланилмаётган ва фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш каби масалаларга эътибор қаратилгани халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.


Сўхликлар азалдан миришкор деҳқонлар сифатида танилган. Ерларимиз тош-шағалли, деҳқончилик қилишга бироз ноқулай бўлса-да, ер билан тиллашишнинг ҳадисини биламиз. Азалдан қанду шакар, мазали ва тўйимли мева-сабзавот, полизчилик маҳсулотлари ўзимиздан ортиб, хорижий давлатларга экспорт қилинган. Бироқ кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасини замон талаблари асосида ривожлантиришга, шу жумладан, уруғчиликни ва етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлашга эътиборнинг сусайгани, қолаверса, туманнинг анклав ҳудудда жойлашгани ички ва ташқи бозорларни туман деҳқончилиги маҳсулотлари билан тўлдириш имкониятини маълум маънода оқсатиб қўйди.


Сўхнинг табиати, иқлим шароити сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уларнинг янги навлари уруғларини етиштиришга жуда қулай, бу ерда авваллари илғор тажриба мактаби яратилган эди. Картошка, қанд лавлагиси, пиёз, сабзи каби сабзавот ва полиз экинларининг уруғлари республикамизнинг барча вилоятларига, Марказий Осиё ва МДҲ давлатларига экспорт қилинган. Айниқса, Сўх картошкасига талаб юқори бўлган. Афсуски, кейинчалик миришкор деҳқонлар тажрибаси ўрганилмай қолди, серҳосил, маҳаллий шароитга мос навлар яратиш бўйича илмий-амалий ҳамкорлик йўқолиб кетди, натижада ҳозирда фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари эски уруғлардан фойдаланмоқда ёки валюта ҳисобига хориждан уруғ олиб келишга мажбур бўляпти.


Президентимизнинг қарори асосида тасдиқланган манзилли дастурда Сўхда картошка уруғчилигини тиклаш, туманни уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштиришга эътибор қаратилгани муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу борада инновация, илмий ишланмалар деярли йўқ эди, шунчаки ҳаётий тажрибалар асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилаётган эди. Ваҳоланки, туманда ҳам, вилоятда ҳам тажрибали деҳқонлар, соҳа мутахассислари етарли, Фарғона давлат университетида қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган йўналишлар мавжуд, илмий салоҳияти юқори профессор-ўқитувчилар кам эмас. Картошкачилик соҳасида бу ерда замонавий мезонлар асосида мактабнинг шаклланишига асос солинди, десак янглишмаймиз.


Туманимизнинг бетакрор табиатида етиштирилаётган меваларнинг таърифи жуда машҳур. “Ҳушёр” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги янги ўзлаштириладиган ерларда 50 гектар ер майдонда бодомзор, пистазор ва ёнғоқзорлар ташкил қилиш, Сўх дарёси ҳимоя зонасидаги ер майдонларида шоличиликка ихтисослашган қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш каби ишларнинг амалга ошиши ҳудуднинг тараққий этишига хизмат қилади.


Шунингдек, туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадидан келиб чиқиб, аҳолига, хусусан, ёшларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун 20 сотихдан ер берилиб, уларга 2 миллион 200 минг сўмдан субсидия ажратилаётгани каттаю-кичик тумандошларимизни беҳад шод этди. 3 та ширкат хўжаликларида иш юритишни оилавий пудрат асосида ташкил этиш ҳисобига 5 мингдан зиёд оиланинг бандлиги таъминланади. Туманимиз аҳолиси учун Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдони ва ипотека кредитлари асосида квартиралар ажратилиши ҳам катта имкониятларни яратади.


Бу ерда бошланган ҳаётбахш ислоҳотларнинг кўлами ва миқёси жуда кенг. Демак, яқин келажакда туманимиз Ўзбекистоннинг ҳар томонлама обод ва фаровон гўшаси сифатида бутун дунёга ўз кўрку тароватини кўз-кўз этади. Биз сўхликларга эса бундай бунёдкорликлар ғурур ва ифтихор бахш этмоқда.


@AGROBLOGER канали

Муҳсин МАВЛОНБЕКОВ,

Фарғона вилояти

Сўх туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи.

uza.uz

Report Page