...

...

AGROBLOGER

Жорий йилнинг 25 июлида Бош прокуратура матбуот хизмати Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида фермерларга чириган картошка уруғи тарқатилгани ҳолати юзасидан “EGOIST AST” МЧЖ раҳбарига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини хабар қилган эди.


Ушбу хабардан сўнг жиноятда гумон қилинаётган “EGOIST AST” масъулияти чекланган жамияти мулкдорларидан мурожаат келиб тушди. Танганинг иккинчи томонини ҳам ёритиш мақсадида ЎзА мухбири жойида бўлиб, воқеани атрофлича ўрганишга ҳаракат қилди.


Фирма иш юритувчиси Чори Сафаровнинг айтишича, жорий йилнинг 20 июлида Бош прокуратура терговчилари Э.Хайруллаев ва У.Куллиевлар Қашқадарё вилоятига келиб, “EGOIST AST” МЧЖнинг мулкдори А.Сафаровга унга нисбатан 06.07.2020 йилда Бош прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилиб, жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни кўрсатишган. Қарорга кўра, жиноят иши қўзғатилишига 11.06.2020 йилда транспорт хизмати кўрсатиш бўйича тузилган 16-сонли шартномага асосан “EGOIST AST” МЧЖдан “Ҳамроҳ Асил юксалиш” МЧЖга 600 миллион сўм пул ўтказилгани ва шу пул эвазига Россия давлатидан 16 та оғир юк кўтарувчи рефрижератор автомашиналарда уруғлик картошка олиб келингани ҳамда 02.06.2020 йилда транспорт хизмати кўрсатиш бўйича тузилган 22-сонли шартномага асосан “EGOIST AST" МЧЖдан “Insperation” МЧЖга 2,8 миллиард сўм пул ўтказилгани, лекин томонларнинг шартлар бўйича келишмовчилиги сабабли томонларнинг ўзаро розиликлари билан 22-сонли шартнома бекор қилиниб, 2,8 миллиард сўм пул “EGOIST AST“ МЧЖга қайтарилгани асос қилиб кўрсатилган.


Шундан сўнг терговчилар жиноят иши бўйича “Ҳужжатли тафтиш тайинлаш тўғрисида”ги қарорни кўрсатишган. Қарорда, айнан юқоридаги фактларни текшириш ўрнига, “EGOIST AST” МЧЖнинг бутун фаолиятини текшириш кўзда тутилган.“EGOIST AST” МЧЖ раҳбарияти терговчиларга бу қарор ноқонунийлигини, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 1871-моддасида “Тадбиркорлик субъектини тафтиш қилиш фақат унинг қонун ҳужжатларини бузганлиги фактлари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида амалга оширилади. Бунда тафтишга тадбиркорлик субъектининг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолияти қамраб олиниши мумкин” деб белгиланганини, шу боис юқоридаги иккита шартномадан ташқари МЧЖнинг бошқа фаолиятини текширишга ҳуқуқлари йўқлигини маълум қилишган.


Терговчилар эса МЧЖнинг уруғлик картошкани олиб келиб, тарқатиш билан боғлиқ барча ҳужжатларини талаб қилишган, божхона хизматидан, умуман, бошқа шартномаларга оид ҳужжатларни сўрашган. 20 июлда эса Қашқадарё вилояти прокурорининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари, қишлоқ хўжалиги бўйича ходимлари, вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича мутасадди раҳбарлари, агроинспекция ходимлари, вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари ва бошқалар жами 30 нафардан ортиқ шахслар иштирокида фирманинг Шаҳрисабз шаҳридаги ва Яккабоғ туманидаги омборхоналарида сақланаётган уруғлик картошкаларни саноқдан ўтказишган. Бу ҳақда ҳужжатлар тузиб, омборхоналарни муҳрлаб кетишган. “EGOIST AST” МЧЖ томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида 2 та шартномага оид барча зарур ҳужжатлар терговчиларга тақдим этилганига ва муқаддам омборхоналарда саноқ ўтказилганига қарамай, терговчилар такроран 22 июль куни кечки пайт яна ички ишлар ва солиқ ходимлари иштирокида кўпчилик бўлиб омборхоналарга бориб, ўзбошимчалик билан дарвозадаги қулфларни бузиб, синдириб, хусусий мулкка шикаст етказиб, МЧЖнинг расмий вакили бўлмаган ҳолда уруғлик картошкаларни саноқдан қайтадан ўтказишган. Картошка сақланишини МЧЖга умуман алоқаси бўлмаган бегона шахсга моддий жавобгарликни топшириб кетишган.

Албатта, юқоридаги гаплар фирма вакилининг фикрлари холос. Биз иккинчи томонни ҳам эшитиш мақсадида ушбу ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти прокуратурасига боғланганимизда, ушбу иш билан боғлиқ тергов ҳаракатлари давом этаётгани боис ҳеч қандай маълумот тақдим қилолмаслигини, ҳали ҳеч кимнинг айбдорлиги маълум эмаслигини, тергов ҳаракатлари якунлангач натижалари батафсил маълум қилинишини таъкидлашди.

Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, “EGOIST AST” МЧЖ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан уруғлик картошка тарқатиш бўйича таъминотчилик фаолиятини бошлаган. Шунга асосан Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларидаги фермер хўжаликлари билан 2800 тонна уруғлик картошка етказиб бериш бўйича 18 миллиард сўм атрофида олди-сотди шартномалари тузилган.

Хўш, аслида фермерларга тарқатилган картошкалар сифатсизмиди? Бу ҳақда Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманидаги бир нечта фермер хўжаликлари раҳбарлари билан боғландик.

– Омбордан 9 тонна картошка олганмиз, – дейди Яккабоғ туманидаги “Суюнов Мирза Нормаҳматович” фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Суюнов. – Уни олиб боргандан экиб бўлмайди. 5-10 кун об-ҳавога ўргатилади. Биринчи саралашни ўзидаёқ 1 тонна чиригани чиқди. Кейин фирма вакилларига мурожаат қилганимизда, улар бизга нисбатан ортиқча муомала қилди. Сўнг порталга мурожаат қилдик. Шундан кейин улар яна 1 тонна 200 килограмм уруғлик картошка берди. Уни саралаш жараёнида ҳам чиригани чиқди. Хуллас, ерга эккунимизча 10 тонна уруғдан 4 тоннаси чириб кетди. Аслида уруғ сифатсиз экан.

– Нолисак кўзга зиён, ука. Чин кўнгилдан меҳнат қилса, ҳаммасига ҳам яратган барака бераверади, – дейди Шаҳрисабз тумани “Собиров Суҳроббек” фермер хўжалиги раҳбари Санобар Умарова. – 16 тонна гала навли уруғлик картошка олиб 5 гектар ерга экканман. Шукрки ҳаммаси униб чиққан. Ўтказган пулимга картошкани олдим, қилган меҳнатимга яраша уруғларим униб чиқди. Аслида картошка экиб ундан мўл ҳосил оламан деган фермер келган уруғни вақтида далага олиб бориб экиши керак. Ахир у омборда ётаверса-ётаверса, албатта, сифати ўзгаради-да.

Хуллас фермерларнинг фикрлари мана шундай бир-бирига қарама-қарши. Кимдир олинган уруғларни мақтаса, бошқа бирови қоралайди. Лекин уларнинг барчаси битта омбордан уруғ олишган. Натижалар эса ҳар хил.

Фирма вакилининг юқоридаги фикрларига аниқлик киритиш мақсадида Шаҳрисабз шаҳри ва Яккабоғ туманларидаги омборхоналарини бориб кўрдик. Яккабоғ туманидаги омборхонада сақланаётган уруғлик картошкаларнинг сифати яхши сақланган. Аммо Шаҳрисабз шаҳридаги “Шаҳрисабз озиқ-овқат моллари” МЧЖга қарашли омборхонада сақланган қарийб 200 тонна атрофидаги уруғлик картошка аллақачон чириб тамом бўлган. Фирма вакилларининг таъкидлашича, бу ҳолат терговчиларнинг омборхонани 3 кун давомида ёпиб қўйгани туфайли юз берган.

ЎзА ушбу воқеалар ривожини ўрганишда давом этади. Чунки ҳали жавоби топилмаган саволлар кўп. Аслида ким ҳақлигини эса вақт кўрсатади.





@AGROBLOGER канали

uza.uz


Report Page