...

...

FERMER

Бу йил ҳам 20 августда давлат раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказади. Айни пайтда уларнинг муаммоларини ўрганиш учун 80дан зиёд ташкилот вакиллари махсус штабда мурожаатлар билан ишламоқда. Kun.uz мухбири штаб фаолияти билан танишиб, кўпроқ қайси масалаларда мурожаатлар тушаётгани билан қизиқди.

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашади. Ўтган йилги учрашувда 20 август – Тадбиркорлар куни деб эълон қилингач, бу кунда давлат раҳбарининг ишбилармонлар билан учрашувлари анъанага айланмоқда.

Учрашувдан олдин тадбиркорлар мурожаатларини ўрганиш учун июн ойида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида махсус штаб иш бошлаган.

“Штабга (8 август ҳолатига кўра) 8200дан зиёд мурожаат келиб тушган. Шундан энг кўп мурожаатлар бизнесни молиялаштириш, солиқ тизими, ер ажратиш ҳамда имтиёз ва преференциялар бериш борасида. Ўтган йил билан солиштирадиган бўлсак, баъзи йўналишларда мурожаатлар камайган, буни чиқаётган фармонлар натижаси деб биламан. Солиқ юкини камайтириш, давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувига оид мурожаатлар кўпайган”, – дейди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Дадахон Жуманиёзов.

Кадастр агентлиги масъул ходими Даврон Холиқуловнинг сўзларига кўра, тадбиркорлардан мулк ҳуқуқини тиклаш ва ер ажратиш каби масалаларда ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

“Ер ажратиш оғир бўлган ҳудудларда аукционсиз ер бериш борасида таклиф киритганмиз. Таклиф катта инвестиция киритаман деган тадбиркорларга оғир ҳудудлардан, масалан Қорақалпоғистондан аукционсиз ер ажратишни назарда тутади. Ҳозирда ер ажратиш “e-auksion” орқали амалга ошириляпти, тадбиркорлик соҳаси бўйича кимга қанча ер керак бўлса, аукционда ютиб олиб фойдаланиш имконияти бор”, – дейди у.

Дадахон Жуманиёзов тадбиркорлар кўпроқ тизимли муаммоларни кўтаришлари мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

“Тадбиркорларимиздан илтимос қилиб қолардик, тизимли муаммолар юзасидан таклифларни кўпроқ беришса, биз уларни ўрганиб чиққан ҳолда давлатимиз раҳбарига ўрнатилган тартибда киритамиз”, – деди у.

Маълумотларга кўра, штаб фаолиятини бошлагандан 8 августга қадар солиқ соҳаси бўйича 795та мурожаат келиб тушган. Ўтган йилнинг шу даврида бу борада 370та мурожаат келиб тушган эди. Рақамлар солиқ тизимига оид мурожаатлар бу йил ўтган йилгига қараганда 2 баробарга кўпайганини кўрсатмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Mfaktor'га берган интервюсида давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан бу йилги учрашувида “катта ўзгаришлар” бўлишини айтди.

Унинг сўзларига кўра, қўмита текширишларда солиқ органлари ходимларининг ваколатлари ва текшириш муддатларини қисқартириш таклифларини кўриб чиқмоқда.

“Тадбиркорларимиз, бутун халқимиз кўради, маъмурчилик ва солиқ нуқтайи назаридан жуда катта ўзгаришлар олдимизда турибди. Тадбиркорларимизга янгиликлар ва яхши хушхабарларимиз бўлади. Солиқ органларининг вазифаси кўпаймоқда. Лекин ҳозир текширишларда солиқ органлари ходимларининг ваколатлари ва текшириш муддатларини қисқартириш таклифларини кўряпмиз”, – деди у.

Қудбиев имтиёзларни қисқартириш бўйича ишланаётгани, индивидуал характерга эга имтиёзларни қисқартириш бўйича топшириқ ҳам борлигини айтди. Қўмита бу бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги учрашувда ҳам тадбиркорларга бир қатор енгилликлар эълон қилинган эди.


Мадина Очилова, kun.uz

FERMER канали

Report Page