...

...

AGROBLOGER

Амалда ўғитларни қўллашда агротехник муддатлар ва нисбатларнинг бузилиши, меъёрга амал қилмаслик натижасида кўпинча кутилган натижага эришилмайди. Оқибатда қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги пасайиб, таннархнинг ошади. Тажрибали деҳқон тупроқ таркибида озиқ моддалардан бирортасининг айниқса, азот, фосфор ва калийнинг етишмаслиги ёки унинг ортиқча бўлиши ўсимликка салбий таъсир этишини яхши билади.

Азотли ўғит оқсил моддалар таркибига кириб асосан, ўсимлик ер устки органларининг ўсиши ҳамда ривожланишида катта роль ўйнайди. Маълумки, тупроқда азот етишмаса, ўсимлик ёмон ўсади, барглари сарғайиб майда бўлиб қолади. Аксинча, кўп бўлса ўсимлик ғовлаб кетади. Натижада ҳосилдорлик пасаяди. Мутахассислар тавсияси ва тажрибасига таяниб иш кўрган деҳқон бундай бўлишига йўл қўймайди.

Фосфор ҳам, азот сингари, оқсиллар таркибига киради ва ўсимликларнинг нафас олиши ҳамда илдизларининг ўсишига катта таъсир кўрсатади. Шунингдек, ўсимликнинг ривожланишини ва меваларининг етилишини тезлаштиради. Фосфор етишмаса ғўза паст бўйли, майдабаргли бўлиб, баргларида қизил тарамлар вужудга келади. Шу боис, тажрибали деҳқонлар ерга керакли меъёрда фосфорли ўғитлар солишни канда қилмайди. Сабаби, фосфорнинг яна бир хусусияти тупроқни бўшатиб, экиннинг илдиз тизими ривожланишига ижобий таъсир кўрсатишидир.

Калий ўсимликларда эркин ёки кучсиз кимёвий бириккан ҳолда, асосан, протоплпазмада бўлади. У ўсимликни яхши шохлаши ҳамда мустаҳкамланишига, ҳосилдорликнинг ошишига ва турли касалликларга чидамли бўлишига ёрдам беради. Меъёрида калий берилса экинларнинг гули тўкилиб кетмайди. Калий экин ҳосилдорлигини ошириш билан бирга маҳсулот сифатини ҳам яхшилайди, мевалар сифатли, пахта толаси пишиқ, дон эсакрахмалга бой бўлади. Калий етишмаса, ўсимлик баргида қўнғир доғлар ҳосилбўлиб, барглари секин-аста тўкилиб кетиши ҳам мумкин.

Сўнгги йилларда деҳқонларимиз томонидан карбамид минерал ўғитига бўлган талаб сезиларли даражада ортди. Хўш, карбамиднинг афзаллиги нимада? Тадқиқотларда карбамиднинг аммиак ва нитратларга айланиш тезлиги ҳароратга, сув, тупроқнинг намлиги ва бошқа омилларга боғлиқ бўлган ҳолда ундаги азот ўсимлик томонидан тахминан 25-30 кунда ўзлаштирилиши тасдиқланган. Шу сабабли экинларда ҳосил тугиш ва гуллаш жараёнида азотли ўғитлардан аммиакли селитра ўғитининг қўлланилиши яхши самара беради.

Маълумки, қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган азотли ўғитларнинг асосий тури аммиакли селитра ҳисобланади. Унинг таркибидаги азот ҳаракатчанлиги билан ажралиб туради. Фосфорли ўғитларнинг асосий қисми аммофос, оддий суперфосфат ва кейинги пайтларда супрефос, аммоний сульфофосфат ва нитрофос ўғит турлари ишлаб чиқарилмоқда. Оддий суперфосфат ўғит ўт босган ва янги ўзлаштирилган ерларда самарали ҳисобланади.

Калийли ўғитлар тоифасидан эса хлорли калий ўғитидан фойдаланилмоқда. Фосфорли ва калийли ўғитлар шудгорлаш, экишдан олдин ерни юмшатиш жараёни, экиш билан бирга ва экинларни озиқлантиришда берилади.

Экишдан олдин, экиш билан бирга ва биринчи озиқлантиришда азотли ўғитлардан карбамид, фосфорли ўғитлардан аммофос, суперфосфат ва супрефос ўғитлари секин эриши сабабли узоқ вақт давомида таъсир этиши самарали ҳисобланади.

Шўрланмаган ва кучсиз шўрланган ерларга фосфорли ва калийли ўғитлар шудгор остига, азотли ўғитлар эса экишдан олдин тупроқни юмшатиш даврида ва экиш билан бирга солинади. Шўрланган ерларда эса фосфорли ва калийли ўғитларни азотли ўғитлар билан экишдан олдин ерни юмшатиш пайтида чизел ўғитлагичлар билан имкон борича чуқур бериш лозим.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда фосфор ва калий ўғитлари билан етарли таъминланмаслиги ҳамда ўсимликлар томонидан узлуксиз озиқа моддаларини тупроқдан ўзлаштирилиши натижасида тупроқ таркибида фосфор, калий ва микроэлементлар миқдорларини камайиш ҳолатлари содир этилади. Шу сабабли, ҳар бир экин майдонларида 3-4 йилда бир маротаба тупроқда агрокимёвий текширишишларини амалга ошириш ва хаританомалар янгиланиб турилиши зарур.


AGROBLOGER канали

agro.uz


Report Page