...

...

GULISTON.UZ 🇺🇿

Ўзбекистонда «права»сиз машина ҳайдашга ва рулда телефондан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин

Ўзбекистон Адлия вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишни таклиф этувчи қонун лойиҳасини муҳокамага эълон қилди. Адлия вазирлиги хабарида айтилишича, тузатишлар энг яхши хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Унга кўра:

муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги учун жарима миқдори икки бараварга камайтирилмоқда (амалда 245 минг сўм, эндиликда 122,5 минг сўм этиб таклиф этилмоқда);

транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик учун жарима фуқаролар учун икки бараварга (амалда 245 минг сўм, эндиликда 122,5 минг сўм этиб таклиф этилмоқда), мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмга (амалда 735 минг сўм, эндиликда 490 минг сўм этиб таклиф этилмоқда) камайтирилмоқда;

фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш учун жарима миқдори БҲМнинг ўн бараваридан (2 миллион 450 минг сўм) йигирма бараваригача (4 миллион 900 минг сўм) бўлган миқдор оралиғида белгиланмоқда (амалда қатъий миқдорда — 4 миллион 900 минг сўм этиб белгиланган);

бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан жарималар миқдори деярли икки бараварга камайтирилмоқда (амалда 1 миллион 200 минг сўмдан 2 миллион 400 минг сўмгача, эндиликда 735 минг сўмдан 1 миллион 700 минг сўмгача, бир йил ичида қайта содир этилганда амалда 2 миллион 400 минг сўмдан 4 миллион 900 минг сўмгача, эндиликда 1 миллион 700 минг сўмдан 2 миллион 400 минг сўмгача этиб белгилаш таклиф этилмоқда);

йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдори уч бараварга камайтирилмоқда (амалда фуқаролар учун 4 миллион 900 минг сўмдан 24 миллион 500 минг сўмгача, эндиликда 1 миллион 700 минг сўм этиб, мансабдор шахслар учун 12 миллион 200 минг сўмдан 36 миллион 700 минг сўмгача бўлса, эндиликда 7 миллион 300 минг сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда);

паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори икки баравардан ҳам кўпроққа камайтирилмоқда (223-модда);

Ўзбекистон фуқароси паспорт олмагани ёки унинг шикастланиши, йўқолгани, шунингдек, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси бўлмагани, яшаш гувоҳномасининг шикастлангани ёки йўқолгани учун амалдаги 122 минг сўмдан 735 минг сўмгача бўлган жарима миқдори 81,6 минг сўмдан 245 минг сўмгача бўлган миқдоргача этиб белгилаш таклиф қилинмоқда;

Фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган, вақтинча ёки доимий рўйхатдан ўтмаган фуқароларни турар жой биноларида яшашга рухсат берганлик учун амалдаги 2 миллион 400 минг сўмдан 735 минг сўмгача этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида, шунингдек, транспорт воситалари ҳайдовчиларига қулайликлар яратувчи қуйидаги янгиликлар кўзда тутилган:

ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқараётганда қўлларини ишлатмасдан мулоқот қилиш имконини берувчи минигарнитуралар ва бошқа техник қурилмалар орқали телефондан фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, транспорт воситасини бошқараётганда телефондан фойдаланиш ҳуқуқбузарлигини жазо қўлланилгандан сўнг бир йил давомида такроран содир этилгандаги кучайтирилган жавобгарлик чораси бекор қилинмоқда;

Ҳужжатда қайд этилишчича, бугунги кунда деярли барча замонавий транспорт қурилмалари техник алоқалар қурилмалари билан жиҳозланган бўлиб, улар қўллардан фойдаланмаган ҳолда телефонда мулоқот қилиш имконини беради. Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан, АҚШ, Россия, Қозоғистон, Польша ва бошқа мамлакатларда bluetooth орқали, телефон орқали мулоқот қилишга рухсат берилган.

автомобиль салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатганлик учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинмоқда;

ҳайдовчиларга, агарда уларнинг Ўзбекистон Республикасида берилган биометрик паспорти ёки ИД-картаси ёнида бўлса, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, тех. паспорт, суғурта полисини ёнида олиб юрмасдан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи берилмоқда;

Бунда, ушбу ҳужжатлар мавжудлиги ДЙҲХХ ходими томонидан электрон тизим орқали транспорт воситаси тўхтатилган жойда мустақил текширилади. Мазкур янгиликни амалиётга жорий қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлигига керакли интеграция ишларини 2021 йил 1 декабрга қадар якунлаш вазифаси юклатилмоқда.

ҳаракат тезлигини ўлчашда тезликни ўлчайдиган махсус қурилмалар томонидан қайд этилган тезлик кўрсаткичларидан қурилмалар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган соатига 5 километрлик нуқсонни айириб ташлаш бўйича қоида жорий этилмоқда.


@GULISTONUZ24


Report Page