...

...

Mohira O'tkirovna

     Шафтолисиз ширинлик

  Моҳина шошилмасдан ўзи учун қадрдон бўлган ʼʼ Октабр ʼʼ қаҳвахонасига яқинлашди. Шаҳар марказидан унчалик узоқ бўлмаган, тинч, атрофи томоша қилишга арзигулик сўлим, энг асосийси эса бемалол ўзинг ва хаёлларинг билан ёлғиз қололадиган ягона жой унинг назарида шу ер эди. Кўпинча у бу ерга Университетдан уйига қайтишда кириб ўтарди. Бугун ҳам ўз одатига содиқ қолган бўлса-да, келмоғидан мақсад буткул бошқа эди. Яқин бир неча ойдан бери оиласидаги Моҳина иштирок этган, этмаган кўпгина суҳбатларнинг бош мавзуси бўлган, онасининг мақтайвериб эси кетаётган куёвликка номзод билан учрашгани келар, бу жойни ўзи танлаган бўлса ҳам сира оёғи тортмаётганди. Қаҳвахонанинг тош ётқизилган йўлагида, ёшларидаги ер ва осмончалик фарққа қарамасдан дўст бўлиб қолгани- Диёрбек онасининг қўлидан тутганча, кечаги ёмғир ювган йўлакчадаги кўлмаклар устидан сакраб-сакраб ўтиб келаётганини кўрди.

- Моҳи опа!- қичқириб юборди у,- Моҳи опа , сизни кўрганим қандай яхши бўлди !

Моҳина Диёрбекнинг онаси билан самимий, табассум билан саломлашди.

 - Салом, кичкинтой, мен ҳам сени кўрганимдан жуда хурсанд бўлдим.

 - Мен сиз берган эртак китобларни ўқиб бўлдим.

 - Ооо, Диёрбек, бунча тез ўқиб тугатмасанг-а ? Ўзи ростдан ўқиб бўлдингми, ё мен ваъда қилган дурбинни тезроқ олиш учун айёрлик қиляпсанми ? – деди у боланинг онасига кўз қисиб.

- Чин сўзим !

 - Яхши. Унда менга айт-чи, нечта эртак бор экан ўша китобда ?

Диёрбек митти бармоқларини бир неча маротаба букиб санашга, лаблари пичирлаб номларини эслашга ҳаракат қиларди.

- Моҳи опа, кўўўп эди. Аниғини айтолмайман- да, чунки санамагандим. 

- Сенга ишонаман, кичкинтой, уларнинг сони муҳим ҳам эмас, аслида. Хўш, эртаклар ёқдими?

- Ҳа

- Қайси бири ?

- Ҳаммаси.

- Ҳаммасими ? Ахир улар бир-бирига ўхшамайди-ку.

- Йўқ, опа, эртакларнинг ҳаммаси " … улар узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришди" деб тугаган.-Демак, охири яхшилик билан тугашига қараб улар бир-бирига ўхшайди. 

- Шундай, ақллигим, шундай.

Моҳина Диёрбекка кейинги сафар совғани ўзи билан бирга олиб келишини айтиб хайрлашди. " Қандай ажойиб бола, қани эди менинг ҳам шундай ўғлим бўлса" хаёлидан ўтказди у. Бу ёқимли фикрдан юзларига табассум югурди.  

Бироз юргач Диёрбек ортига қайрилиб сўз қотди.

- Моҳи опа, айтганча, қаҳвахонамиз бугун ишламаскан. Бориб оворабўлманг.

- Нега экан ? - ҳайрон бўлди Моҳина ва айни пайтда бир енгиллик сезди ўзида

- Кимдир бутун қаҳвахонани банд қилдирибди, – деди Диёрбекнинг онаси ўғлининг гапларини тўғрилаб.

Моҳина қаҳвахона томонга бир қараб қўйиб, уларга раҳмат айтди ва йўлида давом этди.

***

Моҳина белгиланган учрашувга роппа роса 40 дақиқа кечикиб келди. Бир қарашда юзидан кайфиятини билиш мушкул бўлган йигит - Жасур унга ҳурмат юзасидан ўрнидан турди.

- Салом, хайрли кун. Узр кеч қолдим мен... 

- Биламан, - деди у совуққонлик билан қизнинг гапини бўлиб - ўзингизни тушунтираман деб уринтириб ўтирманг, Моҳина. Аёллар ўзи шунақа кўзгуни ёнига ўтирса вақт ўтганини сезмай қолишади. Ўзларининг вақтига ачинмаганликлари учун бўлса керак, бошқаларни ҳам шундай деб ўйлашади. Нима ҳам дердим, марҳамат ўтиринг.

" Қандай яхши, демак, бу аҳмоқона учрашув узоққа чўзилмайди. Бу жанобнинг вақтини қадрлаб, қўполлиги учун айбини ҳам бўйнига қўйиб, хайрлашаман, кетаман " деб хаёлидан ўтказди Моҳина дид билан безатилган стол ёнига ўтираётиб. 

- Жуда тушунган ва илтифотли йигит кўринасиз, - деди у табассум билан – аммо бироз адашдингиз. Мен тўғри ишдан келяпман ва агар шундай бўлмаганда ҳам кўзгуни ёнида кўп ўтирмасдим. Бунга арзийдиган одам бўлганингизда - ку, бошқа масала.

Улар бир-бирига қараб олишди. Бу қарашлардан иккиси ҳам бир маънони англади: ҳисоб 1=1. Жасурнинг қовоғидан қор ёғиб гиргиттонга имо қилди. Ўзи шуни кутиб турган ёшгина бир йигит тезда етиб келди.

- Барибир сиз аёллар бир хилсиз, - деди Жасур ўзини жиддий тутишга уриниб.

- Шундай фикрда экансиз, унда нега учрашувма- учрашув қиз танлаб юрибсиз ? 

- Чунки, уларнинг кўпчилигига мен ёқмаганман. Аксарияти эса менга маъқул бўлмаган.

Бу жавоб Моҳинани қониқтирди. Бугунги тушлик зерикарли ўтмаслигидан мийиғида кулиб қўйди. 

- Ўша " кўпчиликка " нимангиз ёқмапти. Менга биб- бинойидек йигит кўриняпсиз, - деди у табассум билан, гиргиттон узатган менюни варақлай туриб.

- Сиз мени билмайсиз, тез хулоса чиқарманг,- қатъий жавоб қайтарди йигит.

Моҳина шунча йилдан бери бу ерга келиб сира бундай хилма-хил таомлар тайёрлашларини билмаган экан. Ҳайрон бўлди- да " Нимани буюрамиз" ? деди.

- Хоҳлаганингизни,- деди йигит қўлларини кенг очиб

-  Хоҳлаганим бу ерда йўқ экан, - деди Моҳина менюдан кўз узмай

- Оқ отли шаҳзода эмасми хоҳлаганингиз ? – қизга синовчан назар ташлади Жасур

- Торт емайман. Умуман, кремли нарсалар ёқмайди, - деди Моҳина менюни ёпиб.

Жасур кутилмаганда хандон отиб кулиб юборди. Бу ҳазил, кулги ўзининг жиғига тегиш учун атайлаб бўлаётганини сезган Моҳина ўзини билмаганга олиб, арқонни узун ташлаб қўйишни тўғри деб ҳисоблади.

- Сиз билан суҳбатлашиш тобора ёқимли тус оляпти,- деди Жасур

- Менга ҳам ! – кўзлари билан бутунлай ўзгариб кетган қаҳвахонани кўздан кечираркан жавоб берди у.

- Демак, сиз учун эркаклар- ширинликдек гап эканда ?

- Сени ўзига тортиши… қарамлик пайдо қилиши, турган-битгани соғлиққа зиёнлиги жиҳатидан ўхшаб кетасизлар. Яхшиси, ўзингиз буюртма бера қолинг, барибир пулини сиз тўлайсиз-ку. " Нималар деяпман- а, ошириб юбормаяпманми ? " дея хаёлидан ўтказди у . Моҳина ўзини негадир жуда ноқулай ҳис этар, унга фақат бир нарса – йигитнинг беэътиборлиги ва сурбетлиги далда бериб турарди.

- Яхши, ҳеч бири нозик дидингизга ўтирмаган бўлса, ўзим қарайман. Хўўўш, бизга камчиқимгина бўлгани дуруст, шундай эмасми?

- Шундай, аммо обрўйингизга ҳам мос бўлсин.

- Бу гапингизда ҳам жон бор, - биринчи марта қизнинг гапини маъқуллади Жасур.

Буюртмани кутиб қолган йигит қизнинг эътиборини тортди.

- Сизни аввал бу ерда кўрмаган эканман. Яқинда иш бошладингизми?

- Ҳа, хоним,- деди у ва тезгина Жасур томонга " Нима дей " дегандек қараб олди. Буни зийрак қиз фаҳмлади.

- Сиз учун янгилик бўладиган таомларни айтмоқчиман, - деди Жасур негадир Моҳина ва гиргиттон йигитнинг гапини бўлишга шошилиб. Моҳина яна нимадир деб сўрамоқчи эди-ю, гапи оғзида қолди. Бугун ҳамма нарса қаршисида ўтирган йигит каби ғалати эди унинг назарида.

 – Мен ўз жамиятидаги фан ва маданиятнинг юксак тараққий этгани билан ғурурланадиган ғарбликларнинг дастурхонини, шарқнинг ғоятда ажойиб таомлари ва ширинликларини ҳали кўрмаган бир ғарибга ўхшатаман. Айниқса, десерт сизни ҳайрон қолдиради деб ўйлайман. Уни олис сафарларимнинг бирида ўзим учун кашф этганман. Кўриниши ва таъми худди шафтолига ўхшайди, номи ҳам шу мева шарафига қўйилган. Аммо энг қизиғи унга шафтоли солинмайди. Шунинг учун уни сиздек шафтолига аллергияси борлар ҳам ейиши мумкин.

Моҳинанинг хаёлидан ялт этиб бир фикр ўтди " У буни қаердан билди ? " Гиргиттон йигит буюртмаларни олиб кетди. Жасур оқ кўйлагининг бўйин тугмаларини бўшатди ва қимматбаҳо дастурхон тушалган столни бармоқлари билан бир меъёрда черта бошлади.

- Асабларингиз билан боғлиқ муаммо бор, шекилли, - сўради Моҳина хаёллари бошқа масалани ўйлаш билан банд бўлса-да, сир бой бермасдан.

- Психологиядан Университетда маърузалар ўқишингизни унута ёзибман. Раҳмат эслатганингиз учун. Тўғри, бироз асабийлашдим, сизнинг шарофатингиз билан, албатта. Аммо шу баҳонада Кант*нинг ўз тўйини бекор қилишидан олдин нималарни ҳис қилганини тасаввур қилиб кўрдим. 

- Нега сиз ҳам у қилган ишни қилиб кетиб қўя қолмадингиз ? – йигитнинг асл мақсадини билишни истарди у.

- Ҳали ҳам шундай қилмоқчиман. Сизга эслатишим шарт эмасдир, бу вақтни бағоятда қадрловчи даҳо бўлажак келиннинг келишини кутиб, айтарини айтиб кейин кетган.

- Унда вақтни бекор кеткизиб нима қилдик ? Ўша айтарингизни айтинг.

- Шошиб нима қилдим. Мендан Кант ҳам у яратган ахлоқий таълимотнинг давомчиси ҳам чиқмайди, - деди ва нимадир эсига тушгандек ўйланиб қолди. Сўнг тезда " уйқудан уйғониб " - Ҳа- я, боя нима ҳақида гаплашаётган эдик ? –деди.

- Шафтоли ҳақида – деди Моҳина боядан бери уни диққат билан кузатаркан

- Ундан олдинроқ.

- Эсимда йўқ.

- Мана биринчи ўхшаш жиҳатимиз. Мен ҳам кераксиз нарсаларни эсда сақламайман. 

- Бу жуда фойдали одат.

- Менимча, сиз эртага мени эсламайсиз ҳам.

- Эҳтимол

- Келинг, унутишдек ёқимли ва фойдали қобилиятларимиз учун ичамиз!

- Қаршилигим йўқ.

Улар қадаҳларини секингина чўқиштириб, қимматбаҳо қизил винодан ичишди. Бу "ичишди" Моҳина учун кўплик қиларди. У шунчаки номигагина қизил винога лаб теккизиб қўйди, холос.

- Агар – деди Жасур қадаҳидаги винони дераза томондан тушаётган ёруғликка солиб кўраркан- ёзувчи ёки шоир бўлганимда, шу винонинг ўрнида бўлиб лабларингиз ҳароратидан маст бўлгим келди, деган бўлардим. Гарчи бу сизга ёқмаса ҳам.

- Адашмасам, сиз иқтисодчисиз. Шундай экан сизга бу винонинг нархи ҳақида гапириш кўпроқ ярашади.

- Еее, "адашмасам" деганингиз нимаси ? Ахир, сиз менинг касбим, ишим, уй-жойим, қаерда қанча кўчмас мулкларим борлиги ҳақида батафсил маълумотга эгасиз. Шундай эмасми ? Бу борадаги билимларингизни йўқдек кўрсатиб бунчалик камтарлик қилмасангиз ?

- Ҳа, булар ҳақида сиз айтгандай тўлиқ бўлмаса ҳам қисман хабардорман. Аммо, сизни ишонтириб айтаманки, бунинг мен учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Менга бўлажак турмуш ўртоғимнинг шахсий сифатлари ва дунёқараши муҳим. Ва албатта, менга бўлган муносабати ҳам.


" Сизга бўлган муносабатим- ҳисларимни очиқ ошкор этсам, қандай қабул этардингиз- а ? – деб хаёлидан ўтказди Жасур, суҳбатдошининг мовий кўзларига илк бор юрак ютиб тикиларкан – " Мен сиз ҳақингизда шунчалар кўп нарсани биламанки, ҳатто тасаввур қилолмайсиз. Аммо… менинг болаларча қўрқоқ, телбаларча қайсар ва оташин муҳаббатимни қандай қабул қилишингизни билмайман. Билмайман ! Моҳина, сизни бир кўришдаёқ севиб қолганимни билганингизда эди… Йўқ ! Билмаганингиз яхши. Ахир, аёллар севишингни билиб қолишса борми, сенга саркарда ўзи забт этган қалъасига қандай кибр билан қараса, шундай қарай бошлайди. Камдан кам ҳоллардагина ошиқнинг чин кўнгилдан айтган соф, самимий дил изҳори ўз кутилган натижасини берган. Мен эса таваккалчи инсон бўлсамда, бутун ҳаётим, бутун бизнесим таваккалдан иборат бўлса- да бу борада таваккал қилишдан, тўғрисини айтишдан қўрқяпман. Эркак киши учун уйланиш – ҳаётидаги энг катта хатоси ёки энг тўғри иши бўлиши мумкин. Чунки, аёллар тўйдан кейин эрини худди тўнғич ўғлидек бошқармоқчи бўлишади. Омадинг чопиб унга ҳали уйланмаган бўлсанг ҳам, ортидан югуриб юришингга, аҳмоқона истаклари-ю, инжиқликларига чидашингга тўғри келади. Бошқа ишларда нўноқ бўлишса ҳам, бундай айёрликларни ўйлаб топишда бағоятда ақлли бўлиб кетишади. Буларнинг ҳаммаси ўша аёлни севишингни сездириб қўйган кунингдан бошланади. Ҳа, буларни биламан, шундай дейман-у аммо… Эй худойим эй, бунчалар чиройли бўлмаса унинг кўм-кўк денгиздек теран кўзлари. Биринчи бор кўрганимдаёқ бу денгизга ғарқ бўлгим келган "

- Менга бойлигининг аҳамияти йўқ дейсизми ? Нақадар баландпарвозлик ! – деди у сир бой бермай, тарқоқ хаёлларини жамлашга уринаркан. 

- Шундай, - деди Моҳина мутлақо хотиржам

- Аммо менга ёқди.

- Сизга тегишли эмас бу.

- Албатта, аммо мен бойман ва сиз билан мен учрашувдамиз.

- Бойлигингизни кўп таъкидладингиз, кўриниб турибди бу билан жуда фахрланаркансиз.

- Фахрланиш даражасида бўлмаса ҳам ўзим ҳисобини билмайдиган даражада бойлик эгасиман.

- Мен иқтисодчиларнинг иши пул санашдан ва ҳамма нарсани пулга чақишдан иборат деб ўйларканман. Наҳот ҳисоб- китоб қилмасангиз ?

- Ўйларингиз тўғри, аммо ҳаммаси ҳам эмас. Озми-кўпми бойлигимни ҳисобини қилмаслигимнинг сабаби- уларнинг аниқ қийматини билиб бўлган куним улар камая бошлайди... Сизга айтсам, хоним, севгида ҳам худди шундай.

- Қандай ? – қизиқтириб қўйди унинг гаплари қизни.

- Севги деган мавҳум туйғунинг қийматини билиб қолсак, қадри йўқолади. Маълум нарсанинг қизиғи бўлмайди, қизиғи бўлмаган нарса эса зерикарли. Ундан кўра олисда сир- синоатга ўралиб турса, ҳурмати баланд бўлади. Кўпчиликнинг севгини илоҳийлаштиришнинг сабаби ҳам шунда.

Моҳина севгини инсоннинг физиологик, психологик жиҳатдан ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутишини билади. Севги ҳақидаги турлича, ҳатто бир-бирини рад этувчи фикрлардан хабардор. Аммо, бундай ўзгача қарашга илк бор дуч келиши. Йигитнинг баъзи бир гаплари Моҳинани ҳозиргина қизиқтириб қўйган тушунмовчиликларга ойдинлик киритган эди.

- Фикрларингиз мени ҳайратга соляпти, худди мана бу буюрган таомингиз каби.

Қиз ҳозиргина дастурхонга назокат билан келтириб қўйилган антиқа таомга имо қилди ва сўради.

- Нима бу ?

-Қовурилган гўшт, - шуни ҳам билмайсизми дегандек гапирди йигит.

- Бунисини кўриб турибман, ниманинг гўшти ?

- Ниманинг гўшти эканлигини ошпаздан бўлак ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Аммо мен Тустовуқ гўшти буюргандим. Вегетариан эмасмисиз, ишқилиб ?

- Албатта, йўқ.

- Унда тортинманг. Тустовуқ гўшти ғоятда мазали бўлади, тўғри реципт билан пишира олсангиз. Одатда, ўзим отган Тустовуқларни ўзим пишираман. Бундан хабардор киши сифатида ошпаз маҳоратига баҳо беришим мумкин.

- Шу жойига ҳам овчиликданн ҳам ошпазликдан хабарингиз борлигини қистириб ўтдингиз-да а ?

- Албатта- да ! Дўстларим менинг мерганлигимга тан беришган, ошпазлигим эса ғирт ёлғон. Ўрмонда Тустовуқ гўштини чўғда пишириб еганман, холос. Худди ибтидоий одамлардек.

- Унинг мазасини билмадим-у, аммо бу қушча мазали экан. Кўринишига нисбатан таъмини юқори баҳолаш мумкин.

- Ҳа, айнан ! Овқатни еб кўрмагунингча, у ҳақда бир нима деб бўлмайди.

- Инсонлар ҳақида эса то яшаб кўрмагунингча !

- Моҳина, бир умр бирга яшаган инсонлар ҳам бир-бирини билолмай ўлиб кетишяпти.

- Ундай эмас.

- Қандай сизнингча ?

- Маълум вақт давомида бир инсонни юриш-туриши, кундалик одатлари, гап- сўзларидан хулоса қилиб уни билиб олиш мумкин. Фан буни аллақачон исботлаган.

- Нима деб ўйлайсиз, мени билиб олишингиз учун сизга қанча вақт керак бўлади ?

Моҳина унинг кўзларига табассум билан тикилди.

- Шу бир соат кифоя, - деди у мийиғида кулиб. 

- Хайрият-е, мен сиз билан анча судраламанми деб ўйлагандим.

- Ҳамма нарса ойдек равшан кўриниб турганда, ўрганиб, кутиб вақт йўқотишнинг нима кераги бор ?

- Нима демоқчисиз бу билан ?

- Сизга турмушга чиқишга розиман ! – деди ниҳоятда оддий ва тушунарли қилиб. Унинг бу гапи Жасурга яшин ургандек таъсир қилди. Ва бироз ўзини йўқотиб қўйди.

- Нима учун бунча тез айтяпсиз жавобингизни ? Балки, бироз шошмасдан ўйлаб кўрарсиз ?

- Шунча йил ўйлаганим етар, энди амалий ишга ўтсам ҳам бўлади.

- Унда менга бироз вақт беринг.

- Нимага, ҳаяжонингизни босиб олишгами ? – ҳазил қилди Моҳина. Аммо, Жасур буни тушунадиган аҳволда эмасди.

- Ўйлаб олишга. 

" Қанақа ўй, қанақа вақт нималар деяпман мен. Ахир бу ҳаётимнинг энг бахтли лаҳзаларидан бири-ку. Ахир бу мен интиқлик билан кутган кун, рад жавобидан қўрқиб яшаган кунларимнинг эса якуни-ку. Агар ҳозир ниманидир бузиб қўйсам ё ишни ортга сурсам, уйга қайтгач ўз-ўзимни пешонамдан отаман."

- Сиз мени кутиб ўтказган 40 дақиқа ўйлаб олишингиз учун етарли бўлган менимча. Агар ундан кейинги ўтган вақт сизни ўз фикрингиздан қайтарган бўлса, мен нима ҳам дердим. Ўша сиз мақтовини келтирган десертни ҳам кутмай, кетганим бўлсин.

Моҳина, гўё кетишга шайланаётгандек ўрнидан тура бошлаган эди ҳамки, Жасурнинг жон- пони чиқиб кетди. 

- Йўқ, нималар деяпсиз, албатта менга турмушга чиқишингизни хоҳлайман. Ҳатто жуда ҳам жуда ҳам хоҳлайман. Бу қувончимни, ҳозирги ҳолатимни сўз билан тушунтириб бўлмайди. Фақат, кутилмаган бу бахтдан мени шошириб қўйдингиз.

- Ахир, сизнинг ҳамма ўйлаб қўйганларингиз менинг шу сўзларимни эшитгунга қадар эди. Шундай эмасми ? – деди у сирли ва жозибали бир қараш билан.

- Сиз ҳаммасини билармидингиз ? ( мен қаерда хато қилиб буни сездириб қўйдим)

- Ҳа, аввал бошдан. Буйрутма бераётганингиздаёқ. Сизни "Шафтолисиз ширинлик " фош қилиб қўйди.

Жасур бироз бошини ерга эгганча кулди ва ўзини стулга бемалол ташлаб, суяниб ўтириб олди.

- Энди нима қилдик ? Ўзингиз айтганингиздек, менинг режаларим тугаган, - деди у елкасидан тоғ тушгандек ўзини енгил ҳис қилган ҳолда.

- Келинг энг бошидан бошлай қоламиз.

-Қаеридан ?

-- Кечикканимнинг сабабини айтмоқчи бўлиб турган жойимдан

- Розиман ! 


* Иммануил Кант ( 1724- 1804) немис файласуфи, немис классик фалсафасининг асосчиларидан бири.

У ўзининг тўйига кечикиб келган қаллиғига уйланишдан бош тортган.


Моҳира Эшпўлатова

  

 


Report Page