...

...

AGROBLOGER

Лимон бир йилда бир неча бор гуллагани учун унинг мевалари ҳам етилишда бироз фарқ қилади. Дастлабки гулларидан тугилган мевалар сентябрь ойининг охирлари ва октябрь ойининг бошларидан сарғая бошлайди. Бу жараён айниқса иссиқхона усти ёпилиши билан тезлашади.

Ноябрь ойидан бошлаб эса ҳосилни узиб олиш мумкин бўлади. Ноябрдан-декабрга қадар узилган мевалар аввалги ва кейинги узилганларига қараганда яхши сақланади. Чунки, мева бу пайтда тўлиқ пишиб етилган бўлади.

 

Ҳосилни йиғиб олишда эҳтиёткорлик талаб этилади. Мевалар узоқ вақт яхши сақланиши учун мева бандидан узиб олинмайди. Бунинг учун ток қайчида мева банди билан қирқиб олинади ва зарар етказмасдан салқин хонага (ҳосил кўп бўлганда)15-20 см қалинликда ёйилади. Лимон дарахти тиконли бўлгани учун мевага зарар етиши мумкин. Тикон кирган мева эса узоқ сақланмайди.

Йиғиб олинган ҳосил салқин ҳонада 3-5 кун усти очиқ ҳолда сақланади. Бу жараёнда мевалар ўзидан намлик чиқариб, озгина сўлийди ва яхши сақланади. Меваларни саралаш жараёнида нуқсони бор мевалар ажратилади, тилинган, тикан кирган, лат еган, банди узилган мевалар ажратиб қўйилади. Мева банди эса 0,5 см узунликда қолдириб кесилади. Шунда мевалар бир-бирига зарар етказмайди. Соғлом меваларни селофан пакетчаларда ёки махсус яшикларда сақлаш мумкин.

Бир-икки кг лимон сиғадиган пакетга мевани териб чиқилади, сўнгра устидан 2-3 сиқим олдиндан тайёрлаб қўйилган ёғоч қипиғи (апилка) солинади ва ҳаво кирмайдиган қилиб тугиб қўйилади. Қипиқ мева терлаганда ҳосил бўладиган намликни ютиб туради. Ёғош қипиғини ҳаво иссиқ пайтида қуёшда қуритиб, йирик тишли элакда элаб пана жойга олиб қўйилган бўлиши зарур.

Ҳамма мевани пакетлаб бўлингандан сўнг, пакетларни бир ёки икки қават қилиб салқин, қоронғу хонага териб чиқилади. Бунда 1-1,5 м оралиқда юриш учун (йўлак) жой қолдирилиши зарур. Сақлаш давомида шу ердан юриб меваларни назорат қилиб турилади.

Хона ҳарорати +5, +15 ˚C бўлиши керак ва вақти-вақти билан хона ҳавоси ўзгартириб турилиши талаб этилади. Агар текшириш пайтида 1-2 та зарарланган мевалар аниқланса, дархол зарарланган мева олиб ташланиб пакет қайтадан боғлаб қўйилади. Барча чора-тадбирлар тўғри қўлланганда лимон мевасини бу усулда март ойигача ва ундан ҳам узоқроқ муддатда яхши сақлаш мумкин.

Ёки яна бир усул шуки кичик пакетчаларга 2 тадан мева солинади ва бир-бирига ҳалал бермайдиган қилиб, бураб қўйилади. Бунда бир мева чириб қолган тақдирда ҳам иккинчисига зарар бермайди. Ва салқин жойда апрел ойигача ҳам сақлаш мумкин.

 

@AGROBLOGER канали

Одилжон Якубов

mirishkor.uz


Report Page