...

...

@AGROBLOGER

2019 йил 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП ва “Адолат” СДП фракцияларининг ташаббуси билан навбатдаги “Ҳукумат соати” ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, унда депутатларнинг “Мамлакатда мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимига ўтишнинг самарадорлиги ва бу борада истиқболдаги вазифалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан саволларига жавоб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти таклиф қилинди.

“Ҳукумат соати”да депутатлар ихтисослашган кластерларда мева-сабзавотларни халқаро стандартлар талабларида етиштириш, уларга кафолатли талабгор буюртмачилар рўйхатини шакллантириш, даладан тўғридан-тўғри истеъмолчига етказиб бериш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт масалалари ҳамда транспорт-логистика тизимини йўлга қўйиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар юзасидан бир қатор саволлар билан мурожаат этдилар.

Қайд қилинганидек, бугунги кунда республикада 241 мингта қишлоқ хўжалик техникаси, шундан 52 мингта трактор мавжуд. Тракторлар билан таъминланганлик даражаси сабзавот ва полизчиликда – 54 фоиз, боғдорчилик ва узумчиликда – 48 фоиз, чорвачиликда – 55 фоизни ташкил этади. Шундан боғдорчиликка ихтисослашган тракторларнинг 57 фоизи, транспорт тракторларининг 41 фоизи, ҳайдов тракторларининг 31 фоизи ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддиси ушбу муаммо юзасидан парламент вакиллари берган саволга жавоб қайтарар экан, мазкур масалани ижобий ҳал этиш мақсадида президент томонидан яқинда имзоланган “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга асосан, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган кластерларда 2019-2025 йилларда 100 мингдан ортиқ янги қишлоқ хўжалиги техникаси, жумладан, 18 минг 744 та мева-сабзавотчиликка мослаштирилган техникалар ишлаб чиқарилиб, жойларга етказиб берилиши белгиланганини қайд этиб ўтди. Шунингдек, республикада ишлаб чиқарилган замонавий техника сотиб олишда қийматини 15 фоизини субсидиялаш ҳамда банк кредити ёки лизингга сотиб олинган техникалар бўйича фоиз ставкаларининг 50 фоизини давлат томонидан қоплаб бериш механизми жорий этилганини маълум қилди. Албатта, ушбу механизмлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини механизация даражасини ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ҳосилдорликни камида 15-20 фоизга ошириш имконини беришини таъкидлади.

Ўз навбатида, депутатлар вазирликнинг мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимига ўтишнинг самарадорлигини янада ошириш борасидаги истиқболдаги режалари, кўрилаётган чора-тадбирлари хусусида қизиқдилар. Шунингдек, кластерлар томонидан етиштирилаётган мева-сабзавотларни хорижга экспорт қилиш борасида юзага келаётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан саволлар бердилар. 

Тадбир якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарига соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.


kun.uz

@AGROBLOGER

Report Page