...

...

AGROBLOGER

Чорва моллари учун мустаҳкам озуқа базаси яратишда озуқабоп экинларнинг юқори ҳосилдор навларидан фойдаланиш, уларни етиштиришда агротехник тадбирларга тўлиқ риоя қилиш, қолаверса, бунда замонавий технологияларни қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, чорвачиликни янада ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришда буларнинг ўрни беқиёсдир.

 Беда серҳосил, оқсилга бой, таркибида чорва ҳайвонларига керакли деярли барча витаминлар мавжуд бўлган энг асосий озиқа ҳисобланади. Шунингдек, алмашлаб экишда тупроқ таркибини яхшилайдиган ва кейинги экинлар ҳосилдорлигини оширадиган муҳим манбадир. Кўк поялари таркибида чорва ҳайвонлари учун зарур оқсил моддасининг миқдори кўп. Илдизидаги туганак бактериялар орқали ҳар гектар ерда 600–900 кг атрофида ҳаводан сингдирилган азот тўплайди, тупроқ тузилиши, сув, физикавий ва кимёвий хусусиятларини яхшилайди, ернинг шўрланиши ҳамда ўсимликларнинг касалликларга чалинишини камайтиради. Эски беда майдонларида май ойида ўриш амалга оширилгандан кейин азотли ўғитлар билан 100 кг/га миқдорида озиқлантириш ва 2–3 марта суғориш ишлари амалга оширилади.

 Маккажўхори униб чиққандан кейин, 3–4 барг чиқарганда қатор ораларига ишлов берилиб, кўчат қалин жойларда яганалаш ишлари ўтказилади. Дон учун экилган маккажўхори майдонларида кўчат қалинлиги бир метрда 5–6, силос учун экилган майдонларда эса 10–12 тадан кўчат қолдирилади. 7–8 барг чиқарганда эса азотли ўғитлар билан 150 кг/га миқдорида озиқлантирилиб, суғориш ишлари ўтказилади.

 Оқжўхори униб чиққандан кейин яганалаш, қатор ораларига ишлов бериш иш амалга оширилади. Май ойида азотли ўғитлар билан 120 кг/га миқдорида озиқлантирилгач, суғорилади.

 Хашаки лавлаги қорамолларнинг сут маҳсулдорлигини оширишда муҳим озуқа экинларидан ҳисобланади. Униб чиққандан кейин 2-4 барг пайдо бўлганида қатор ораларига ишлов бериш ва яганалаш ўтказилади. Яганалашда қатор оралари 60 см бўлганда бир метрда 4–5 та, қатор оралари 70 см бўлганда 5–6 та, қатор оралари 90 см бўлганда 6–7 та ўсимлик қолдирилади. Бегона ўтлардан тозалашда кетмон чопиқ ўтказилади. Қатор ораларига ишлов берилиб, азотли ўғитлар билан 200 кг/га миқдорида озиқлантирилиб, май ойида бир марта суғорилади.

 Оралиқ экинлардан кузда экилган тритикале, сули, хашаки нўхат май ойида бегона ўтлар ва бегона нав¬лардан тозалаш ишлари, ўтказилиб ҳамда азотли 100 кг/га миқдорда озиқлантирилади ва суғорилади.

 Май ойи охирида ўрим-йиғимга тайёгарлик ишлари амалга оширилади. Юқорида келтириб ўтилган озуқабоп экинлар бўйича май ойдаги мазкур агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилса экинлардан юқори ҳосил олишга эришилади.


AGROBLOGER канали

С.Аҳмедова, У.Куччиев, Б.Аллашов, С.Жамолов

agro.uz

Report Page