...

...

AGROBLOGER

Ёзнинг иссиғида пишиб етилган тарвуз-қовунлар айни кунда бозорларимизни тўлдириб, дастурхонимизнинг кўрки бўлиб турибди.

Юртимиз фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларида етиштирилаётган қовун, тарвузлар бетакрор таъми, мазаси, шифобахшлиги ва витаминларга бойлиги, табиийлиги билан ажралиб туради. Биргина қовун маҳсулотига тўхталадиган бўлсак, қовун иссиқсевар, ёруғсевар ўсимлик, қурғоқчиликка ва тупроқ шўрланишига чидамли.  

Маълумотларга кўра, жаҳонда энг яхши қовунлар Ўзбекистонда етиштирилади. Халқ селекциясида унинг 150 дан ортиқ нави яратилган. Жумладан, Амири қовун турига кирадиган барча ёзда пишадиган қовун навлари — Давлатбой, Тошлоқи, Даҳбеди, кассаба турига мансуб Бўрикалла, Гурвак, шунингдек, қишки Умрбоқий, Қўйбош, Гулоби каби навлари маълум ва машҳур ҳисобланади. 

 Қовун тиббиётда бод, беланги, сил, камқонлик, зиқнафас, жигар ва буйрак касалликларини даволашда тавсия этилади. Сепкил, доғ ва бошдаги қазғоқни йўқотишда фойдали. Халқ табобатида подагра (ниқриз)га даво, пешоб ҳайдовчи, қабзиятдан холи қилувчи, асабни тинчлантирувчи омил сифатида қўлланилади. 

 Юртимизнинг тилёрар қовун ва тарвуз полиз маҳсулотлари нафақат юртдошларимиз, балки хорижга экспорт қилиниб, чет элликларнинг дастурхонини ҳам тўлдирмоқда. Серқуёш ўлкамизда миришкор деҳқонларнинг меҳнати ва қалб меҳри билан етиштирилаётган турли навдаги қовун ва тарвузлар хориж бозорларида ҳам харидоргир ҳисобланади. Шу боис ҳар йили ушбу маҳсулотлар хорижий давлатларга катта миқдорда экспорт қилинади. Жумладан, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 6 ойида Ўзбекистон хорижга қиймати 7,4 миллион долларга тенг бўлган 22,8 минг тонна қовун ва тарвуз экспорт қилган. 

 Бу йил мамлакатимизда етиштирилган қовун ва тарвузлар 14 та хорижий давлат бозорларига етказиб берилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,5 минг тоннага, яъни қарийб 5,3 бараварга ошган. Хусусан, ўтган 6 ой мобайнида Ўзбекистон қовун ва тарвузлари Қозоғистон (11,8 минг тонна), Россия (6,3 минг тонна), Қирғиз Республикасига (2,9 минг тонна), Беларусга (527 тонна), Латвия (524 тонна), Украина (484,2 тонна), Германия (131,2 тонна), Молдова (59,5 тонна) давлатларига энг кўп экспорт қилинган. 

 Мамлакатимизда етиштирилаётган қовун, тарвузларнинг ўзига хос таъми, мазаси, шифобахшлиги уларнинг харидоргирлигини оширади. Демак, ҳали йил охиригача ушбу маҳсулотларнинг экспорти давом этиб, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига, деҳқонлар ва аҳоли вакилларининг қўшимча даромад қилишига замин яратилади.  


ЎзА,uza.uz

AGROBLOGER канали

Report Page