...

...

FERMER

Давлат хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти Шўрчи ва Қумқўрғон туманларида ноқонуний субсидия ажратилиши билан боғлиқ жиноий ҳолатларни аниқлади. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, президентнинг тегишли қарори ижроси юзасидан 2021 йилда Шўрчи туманидаги кластерга қарашли 1376 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш вазифаси маҳаллий таъминотчи корхона зиммасига юклатилган.

Ўз навбатида, таъминотчи корхона 142,7 гектардаги пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган ва унга кетган харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича Шўрчи тумани ишчи комиссияси томонидан хулоса тузилиб, Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига тақдим этилган.

Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мансабдор шахслари эса амалда 142,7 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлса-да, унга яна қўшимча равишда 993 гектарда томчилатиб суғориш технологиясининг қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, ишга туширилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, давлат бюджетидан кластерга 6 миллиард 747 миллион 400 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари ажратилишига эришган.

Ҳозирда ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Бундай ҳолат Қумқўрғон туманида ҳам аниқланган, маҳаллий кластерга қарашли 2000 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш кўзда тутилган ва бу ҳам айнан юқорида тилга олинган таъминотчи корхонага юклатилган.

Қумқўрғон тумани ирригация бўлими бошлиғи ва бошқа манфаатдор шахслар ўзаро тил бириктириб, 2021 йилда 1143 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинмаган бўлса-да, шунча майдонга томчилатиб суғориш технологиясининг қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, ишга туширилгани ҳақида сохта хулосалар тузиш орқали кластерга 7 миллиард 772 миллион 400 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари ажратилишига эришган.

Ҳозирда ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Қумқўрғон тумани ирригация бўлими бошлиғи ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.


FERMER канали

daryo.uz

Report Page