...

...

FERMER

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги «Чорвадор» фермер хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни кенгайтириш ва бу борада давлат томонидан бериладиган субсидия ҳамда бошқа имтиёзлар аҳамияти ва самарасига бағишланган кўргазмали ўқув-семинар ўтказилди.

Тадбирда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси масъул ходимлари, кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, дунё миқёсида сув танқислиги хавфи ортиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали ҳосилдорликни ошириш йўлидаги ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда. Жумладан, Президентнинг жорий йил 1 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ижроси доирасида биргина Тўрткўл туманининг ўзида 26 та фермер хўжалигига қарашли 871 гектар ер майдонларида томчилатиб суғориш ускуналари ишга туширилди. Шунингдек, 18 та фермер хўжалигининг 213 гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилди ва бу ишлар кузги мавсумда ҳам давом этади.

Тадбирда электр энергияси етиб бормаган ҳудудларда сув тежовчи технологияларнинг насос агрегатларини ишлатишда фойдаланиш мумкин бўлган қуёш панеллари ва уларни ўрнатиш, бунда тегишли қарорлар асосида бериладиган имтиёзли субсидиялар ҳақида маълумот берилди. Қуёш панели орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёни амалда кўрсатилди.

— Жорий йилда пахта далаларимизга томчилатиб суғориш технологияларини татбиқ қилдик, — дейди тумандаги «Чорвадор» фермер хўжалиги раҳбари Исмоил Сержанов. — Мана, ғўзанинг ривожланиши яхши, ҳозирги кунда 20-30 тагача ҳосил кўсаклари бор. Ҳали олдимизда ҳосилга ҳосил қўшиш ойи бўлган август турибди. Демоқчиманки, тежамкор технологияни қўллаб, ҳосилдорликни 40-45 центнерга етказиш ниятидамиз. Шу билан бирга жорий мавсумда ғалла майдонларимизга ҳам ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатиш бўйича ишларни олиб бормоқдамиз.


Ғ.Отажонов, xs.uz

FERMER канали


Report Page