...

...

AGROBLOGER

Uzbeklife хориждаги ватандошлар билан интервюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Санжар Маҳкамов Германия Weihenstephan-Triesdorf амалий фанлар университетида халқаро аграр менежмент мутахассислиги бўйича магистр даражасини эгаллаган.

У немис қишлоқ хўжалиги ютуқлари, қишлоқ ҳаёти ва турмуш тарзи ҳақида ҳикоя қилиб берди.

«Ёшликдан агрономликка қизиқиш бўлган»

Германияга илк марта 2009 йилда келганман, у вақтларда Тошкент Ирригация институти талабаси эдим ва талабалик амалиётини шу давлатда ўтказдим. 2010 йил Ўзбекистонга қайтдим.

Ўзим асли Жиззах вилояти Фориш туманида туғилиб ўсганман. Ёшлигим олис тоғлар бағрида ўтган десам ҳам бўлади. Биз томонларда суғориладиган майдонлар йўқ, барчаси лалми ерлар ва чорвачилик учун жуда қулай майдонлар ҳисобланади. Ўзбекистонда қишлоқда ўсган инсон борки, у албатта, ё чорвачилик, ёки деҳқончиликдан хабардор бўлиб ўсади. Кўпинча келажак касбини ҳам шунга яқин соҳаларда давом эттиради. Мен ҳам ёшликдан агрономликка қизиқиш ва дунё кўришга бўлган ҳавас туфайли бакалаврдаги муваффақиятли таҳсилдан сўнг ўқишни хорижда давом эттиришга қарор қилдим.

Ўқишни тамомлаб, магистратурада таълим олиш учун яна Германияга келдим ва Германия Weihenstephan-Triesdorf амалий фанлар университетида халқаро аграр менежмент мутахассислиги бўйича магистр даражасини олдим. Магистр даражасига эришиб, шу ерда қишлоқ хўжалигида иш бошладим.

«Аҳолининг икки фоизигина қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлайди»


Қарийб 8 йилдан бери агроном сифатида ишлаб келаман ва айта оламанки, икки давлат қишлоқ хўжалиги, ерга муносабат тамоман фарқ қилади. Бу нималарда кўринади? Биринчидан, Ўзбекистонда ҳалигача қўл меҳнати асосий ўринда туради; бу ерда эса техникалар қишлоқ хўжалигини эгаллаб бўлган, кенг кўламда фойдаланилади. Тўғри, қулупнайни машина тера олмаслиги мумкин, лекин умуман, қишлоқ хўжалигини техникасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бунга олиб келган омиллар ва эҳтиёж ҳам бор, албатта, масалан, жадал саноатлашув, индустриянинг ривожланиши ишчи кучига бўлган талабни оширган. Аҳолининг атиги 2 фоизи қишлоқ хўжалиги ва шунга оид соҳаларда ишлайди, лекин самарадорлик ўта юқори.

Иккинчидан, бу ерда деҳқон ҳар бир килограмм ғалла учун ўзида кучли босим ҳис қилади, ердан максимал фойдаланади, дориларни ҳам ўз вақти ва меъёрида беради. Давлат дори ва ўғитларни камайтириш учун ҳаракат қиляпти, шу жиҳатдан деҳқонларга бироз қийинчилик бор. Лекин бу ҳам аслида экология ва инсон саломатлиги учун амалга оширилаётган тадбир аслида, чунки минерал ўғит ва дорилар ер ости сувларига ўтиши ва циркульяция охири бориб инсон соғлиғига таъсир этиши мумкин.

Ўзбекистонда эса вазият тамоман бошқача, фермер ернинг яккаю ёлғиз эгаси эмас, нима экишни ўзи мустақил ҳал этолмайди, фермер ишига аралашувлар кўп. Пишиб етилган ҳосил ҳам табиийки давлатга топширилади.

Германияда нимани қанча экишни деҳқонларнинг ўзи ҳал қилади. Тўла мустақил бўлган деҳқон фойдасини кўзлаб ҳаракат қилади, барча ишнинг тадбирини қилади, қолаверса, кўрган фойдаси ҳам зарари ҳам ўзига. Қайсидир амалдор ёки орган ходимлари унинг ҳосили ўримига қараб, қанчасини ўрди, қанчаси қолди, деб ўтирмайди. Хоҳласа омборга жойлайди, хоҳласа бирдан сотиб юборади.

Яқинда ўзим ўсиб-улғайган қишлоқда бўлиб қайтдим ва ерда тер тўкиб ишлаётган қишлоқдошларим меҳнатига ачиндим. Хабарингиз бор, бу йил баҳор қурғоқчил келди, бу айниқса лалми ерлардаги ҳосилга таъсир қилди. Одамлар бир гектар ердан 150 килограмм буғдой олганини айтяпти, Германияда бундай натижа учун ҳаракат ҳам қилиб ўтирмайди. Тўғри, бу ўринда Германия табиатининг ўзига хос хусусиятлари, лалми ерлар учун қулайлигини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Ёғингарчилик йил бўйи кузатилади.

Германияда қишлоқ хўжалиги ерларининг асосини лалми ерлар ташкил қилади. Жорий йил серсув келди, лекин ўтган 3 йил анча қурғоқчил бўлганди, шунда ҳам энг кам ҳосил берадиган қумлоқ, тошлоқ ерларда камида 1,5-2 тоннача ҳосил олинган. Деҳқонлар 25 фоиздан ортиқ зарар кўрмаган. Одатда лалми ҳосилдорлиги юқори ерлардан 10 тоннадан зиёд буғдой олса бўлади. Германияда йил давомида ўртача 700 мм атрофида ёғингарчилик кузатилади. Ўзбекистонда ўртача 200-300 мм ёмғир ёғади, лекин шу ҳам бир маромда бўлмайди, сув керак бўлган апрел ойларига бориб ёмғир ёғмай қолади. Ёғингарчилик кутиладиган фаслда ёғиннинг кам бўлиши лалми ҳосилга жуда катта таъсир қилади.

Ўқишни тамомлаб, дастлаб SESVanderHave Deutschland биотехнология компаниясида ишладим. У ерда шакар лавлаги гибрид уруғи ишлаб чиқариш, уруғлар селекцияси билан шуғулландим. Тақдим этилаётган уруғларни синов майдонларида экиб йил давомида ҳар хил касалликларга чидамлиги, навларнинг ўзига хосликларидан маълумотлар жамлаб парваришлаб охирида олинган маълумотларни таҳлил қилиб, мавжуд навлардан фарқини асослаб берардим.

2017 йилдан буён ўсимликларни ҳимоя қилувчи дорилар, пестицидларни синовдан ўтказадиган Field Research Support – дала тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш компаниясида фаолият олиб бораман. Консернлар дориларни регистрациядан ўтказиб, бозорга олиб чиқишдан олдин сертификат олишдан аввал дориларни регистрация берадиган компанияларга тақдим этади, экин далаларида синовдан ўтказилган ва белгиланган талабларга жавоб берадиган дорилар регистрация қилинади.


Ўзбекистонда бу соҳада қилиниши керак бўлган ишлар талайгина. Ўсимликларни ҳимоя қиладиган, зараркунандаларга қарши фойдаланиладиган дориларни хориждан олиб киришда регистрациядан ўтказиш, назорат қилиш, қандайдир бир стандартга тушириш Ўзбекистонда қатъий тартибга солинмаган. Бу ерда вазият шундайки, қўлидан иш келадиган бизнесмен дориларни олиб келиб регистрациядан ўтказдириб олиши мумкин. Аксар ҳолларда бюрократияга дуч келинади, бу катта-катта консернларнинг шундоқ ҳам қизиқиш паст бўлган Ўзбекистон бозоридан ўзларини тортишига олиб келади.

Бошқа томондан бу дориларнинг зарарли таъсири деган тушунча ҳам бор. Қайсидир мева ёки сабзавотга сепилганда дорининг маълум фоизи ўша маҳсулотда қолиб кетиши ҳам мумкин. Бу, албатта, соҳага оид билимни, тажрибани шакллантиришни ва юқори назоратни талаб қилади.

Немис қишлоқлари нимаси билан фарқ қилади?

Бу икки мамлакат ривожланиш жиҳатдан бир-биридан қанчалик фарқ қилса, қишлоқлари ҳам шу даражада фарқли дея айта оламан. Бу ерда сиз кўзингиз ўрганган доимги қишлоқларни кўрмайсиз, қишлоқ одамларининг ҳар бирида мол, қўй-эчки, товуқ ёки озиқ-овқат етиштирадиган томорқа деган нарсалар йўқ. Уй ҳайвонлари боқиладиган бўлса ҳам, ўрнатилган тартибларга риоя қилиш керак, аксинча чорва ёки бошқа ҳайвон боқишга рухсат берилмайди. Одатда 1-2 сотихдан каттароқ томорқани топа олмайсиз, бунда ҳам гуллар ва манзарали буталар парвариш қилинади. Қишлоқлари унчалик катта эмас, ихчамгина, хўжаликлар сони ҳам у қадар кўп эмас.


Германия чуқур саноатлашган мамлакат. Қишлоқ одамлари бир қисми шундай завод-фабрикалар, супермаркетлар, турли савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларида ишлайди, умуман бу ерда иш турининг ўзи ҳам, иш ҳам кўп. Германияда яна бир тур касб бор, улар касалларни парвариш қилиш, уйма-уй юриб беморларга ёрдам бериш билан шуғулланади.

Қишлоқ ҳаёти

Ривожланган давлатлар, жумладан, Германияда ҳам шаҳар ва қишлоқ одамлари бир-биридан деярли фарқ қилмайди, яъни бир кўришда бу шаҳарлик ёки қишлоқлик эканини билмайсиз. Одамларнинг суҳбат мавзуси ҳам бутунлай ўзгача, Ўзбекистонда оддий қишлоқ одамлари гурунги қанча ҳосил олгани, бозордаги нарх-наво, қимматчилик, ёғ етишмаслиги, пул етишмаслиги кабилар ҳақида бўлса, Германияда бундай нарса йўқ. Юқорида ҳам айтдим, умумий аҳолининг 2 фоизигина қишлоқ хўжалиги ёки деҳқончиликка оид соҳаларда ишлайди, бундан ташқари доимий иш жойи ва юқори ойлик-маош, қишлоқ жойларда ҳам барча маиший муаммоларнинг ҳал этилгани сабаб бўлса керак. Ўзбекистонда қишлоқда ҳамма деҳқончилик билан бевосита шуғулланади.

Ўхшаш тарафлари ҳам йўқ эмас, масалан, бу ёқда ҳам қишлоқликлар самимийроқ, бироз меҳмондўст ва оқибатли, шаҳарлар эса ўткинчироқ деса бўлади. Умуман немис қишлоқлари тасвирини берадиган бўлсак, қишлоқлар фақат шаҳарлардан бироз узоқдалиги билангина фарқ қилади, яъни оқова сув, газ, электр каби маиший муаммолар учрамайди. 8 йилдан бери қишлоғимизда бир марта бир соат ўчиришган, аввалдан огоҳлантириб. Таълим бу ерда қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам бир хил: мактаб биноси-ю ўқув сифатигача. Агар кичикроқ қишлоқларда мактаблар бўлмаса, энг яқин мактабга автобусда бориш имконияти яратилган.


Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

kun.uz

AGROBLOGER канали

Report Page