...

...

AGROBLOGER

Риштон тумани тугаб, Олтиариққа кириб боришингиз билан кўчалардаги ишкомларда осилиб турган узумларга кўзингиз тушади. Бу ердаги одамларнинг ҳаммасининг кўчасию уйлари бир хил – “ишкомли”. 

Туманнинг Повулғон қишлоғига боришни ният қилган эдик. Бу қишлоқ шоир Азамжон Ориповнинг хонадони ёнида жойлашган каттакон “дринаж” (кран) дан бошланади. Дринаждан тушган муздек сув ариқ бўйлаб оқиб, хонадонлардаги томорқаларга кириб боради. Кимнинг ҳовлиси сувга тўйса, келиб дринажни ўчириб қўяди. Чунки олтиариқлик деҳқонлар ҳар томчи сувнинг қадрига етишади. Бу ернинг одамлари даланинг орқасидан ўғил-қизларини ўқитишади, тўйу томошалар қилишади. Водийликлар орасида ҳам энг кўп олий ўқув юртларига кирадиган абитуриентлар Олтиариқдан чиқади.

Повулғон қишлоғида яшовчи Воҳиджон Болтабоевнинг ҳам беш нафар фарзанди бор, тўрт қиз, бир ўғил. У ҳам икки нафар қизини шартнома асосида ўқитяпди. “Исоқжон-Мусажон ўғли” хусусий узумчилик боғи раҳбари бўлган Воҳиджон Болтабоев ҳамқишлоқлари қатори кечасию кундузи меҳнат билан банд. 

– Яқинда яна икки гектар ер олиб, узумнинг “мерс”, “киндик”, “ризамат ота”, “шохонак”, “гулкаптар”, “эчки эмар” каби навларини экдим, –дейди В. Болтабоев биз билан суҳбатда. –Бу узумларнинг ҳар бирининг ўзига яраша таърифи бор. Масалан, “эчки эмар” навидан асалнинг таъми келади. “Киндик” навли узум доналарининг ҳар бири ўртаси худди одамнинг киндигига ўхшаб тешик ҳолатда. “Ризамат ота” нави ҳам ўз номи билан ўзбекнинг дастурхонига ўзгача файз беради. 

Оллоҳ назари тушган бу тупроқда узумнинг шундай навлари борки, ортиқча меҳнат ҳамда сарф-харажат талаб қилмайди. Узумнинг жуда кўп навлари каттакон музлаткичларда сақланиб, қишда ҳам худди даладан ҳозиргина узиб келингандек туради.

Қишлоқ бўйлаб айланиб юрар экансиз, кўчада бекорчиликдан зерикиб ўтирган эркак ёки аёлга кўзингиз тушмайди. Бу ерда ёшу қари меҳнат билан банд. Ҳатто кичкина болалар ҳам қўлидан келганича ота-онасига ёрдам бергиси келади. Бир ҳовлига кирсангиз, боғда қайчи ушлаган отасининг ортидан қути кўтариб юрган болага кўзингиз тушса, яна бир ҳовлида онаси билан узумларни саралаётган қизалоқларни кўриб, қалбингиз фахрга тўлади. 


ЎзА, uza.uz

AGROBLOGER канали


Report Page