...

...

FERMER

Август ойида бажариладиган тадбирларнинг аҳамияти пахта ҳосилдорлигини оширишда ниҳоятда муҳим. Негаки, ҳосилнинг эртаги, сифатли ва мўл бўлиши айни шу ойдаги меҳнат натижаси билан ўлчанади. Зеро, ғўза агротехникаси талабларга мувофиқ бажарилса, ривожи тезлашиб, кўсакларга кўсак қўшилади, эрта пишиб етилади, ҳосилга барака киради. Шунинг учун ушбу масъулиятли ойда барча пахтакорларнинг ўрни далада бўлиши, айниқса сувчи, механизатор, энтомологлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи даркор. Ғўзани қондириб суғориш, оби-тобида культивация қилиб, қатор орасини юзароқ юмшатиш, зарарли ҳашаротлар – кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира хуружидан ҳимоя қилиш, вилт ва бошқа хавфли касалликларга қарши чоралар кўриш талаб этилади.

Августда бажариладиган юмушларнинг яна бир нозик жиҳати шундаки, бу пайтга келиб, ғўза қатор ораларида шўра, итузум, қўй печак, ғумай каби бегона ўтлар ҳам зўр бериб ўсади, ғўзадан баланд бўлиб, ҳашаротларни ўзига жалб этиш билан бирга, турли зарарли микроорганизмлар кўпайиб, пастки ярусдаги кўсакларни чиришига, макроспариоз ва бошқа чириш касалликлари кўпайишига олиб келади. Шу сабабли ҳар бир дала яна бир марта кўздан кечирилиб, бегона ўтларни сувдан кейин қўлда юлиб олиш ва барча пайкаллар бегона ўтлардан тозаланишига жиддий эътибор қаратиш зарур.

Суғориш сувларидан ва маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиш ҳам жуда муҳим бўлиб, бунда суғориш шарбат усулида олиб борилса, намлик узоқроқ сақланади, ғўза тез чанқаб қолмайди, суғоришлар оралиғи узаяди.

Шу ойнинг бошларида ривожи кечроқ бўлган далаларда ғўзаларни чилпиш ишларини якунига етказиш лозим. Чилпиш ишларидан сўнг, "Бактомин" биологик стимулятори билан ишлов берилиши ғўза ривожи кечки бўлган далаларда ҳам пахтани эрта пишиб етилишига ва ҳосили баракали бўлишига эришиш мумкин.

Айниқса, ғўзани суғоришда экинни оби-тобида суғориш жуда муҳимдир. Асад ойида ғўзани чўллатиб ҳам, кўллатиб ҳам суғориш ярамайди. Акс ҳолда, ҳосил элементлари, ёш кўсакчалар тўкилиб, етарлича ҳосил тўпланмайди, биомассаси ортиб, ғўза сербарг бўлиб қолади ва кўсаклар очилиши кечикиб, дефолиация самарадорлиги ҳам пасайиб кетади.

Тунги суғориш яхши самара беради, сув назоратсиз қолмаслиги, унинг исрофгарчилиги олди олинади, ғўза қониб сув ичади, сувдан оқилона фойдаланилади.

Агар сув тақчил жойларда ғўза жуда чанқатиб қўйилса, гул ва тугунчаларни тўкади, кўсаклар кичрайиб, вазни 1–2 г камайиб кетади, толаси яхши етилмайди, чигити пуч бўлиб қолади, оқибатда ҳосил салмоғига путур етади. Борди-ю, далалар кўллатиб узоқ вақт суғорилса, ғўза бўйига зўр бериб ўсади, бачкилайди ва ғовлаб кетади, ҳосилини тўкиб юборади, пастки қаватдаги кўсаклари чирийди, қорайиб қолади, сифати пасаяди, қора шира пайдо бўлади.

Шу сабабли биологик ишлов бу жараёнларда муҳим ўрин тутади. Биологик препаратлардан Спорагин ва Плантастим воситаларини уйғунлашган ҳолида қўлланилиши ғўза касалликларига қарши ва унинг ривожланишида катта самара беради.

Ғўза сувга келганлиги оқ гули тепага чиқиб кетишидан ва ғўза ранги тўқ кўк тусга кириб, қорайиб кўринишидан билинади.

Кўп йиллик олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, бу даврда ғўза навларини суғориш меъёри гуллаш-ҳосил тўплашда гектарига 900–1100, пишиш даврида 700–800 куб.м ни ташкил этиши тавсия этилган.

Ғўза гуллаш даврида суғориш муддатларининг кечикиши ҳисобига 6–7 ц/га ҳосил йўқотилади, тез-тез суғориш ҳам ҳосилга салбий таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш керакки, август ойида ғўза қатор орасини культивация қилиш жуда керакли ишлардан саналиб, ғўза туплари орасида ҳаво алмашинувини яхшилайди, кўсакларга иссиқ ҳаво ва шамол тегиб, тез етилади, сифати ҳам меъёрида бўлади. Шу ойда ғўза қатор оралари туташиб-бирлашиб кетмаган далаларда 1–2 марта культивация қилиниши мумкин. Лекин қатор орасида культивация шундай ўтказилиши керакки, ғўза тупларига зиён етказмасин, кўсакларни тўкмасин, ғўза пояларини пайхон қилмасин. Бундай культиватор ишчи органлари яхшилаб, сирти силлиқ қилиб ўралган, ғилдираклар олди суйри қилиб ҳимояланган, ғўза шохлари ва ҳосил элементларига зарар етказмайдиган бўлиши лозим. Мазкур жараёнда тракторнинг тезлиги бир маромда бўлиши талаб этилади.

Агар культивация кечиктириб ўтказилса, эгатлар ораси қуриб, юзаси ёрилади, ғўзанинг томирлари шикастланади, намлик тез йўқотилади, бегона ўтлар кўпаяди, гул ва тугунчалар тўкилиб, ҳосилдорлик 15–25% камаяди, бир сўз билан айтганда культивация оби-тобидан 1–2 кунга кечикса 1–2 ц/га, 2–3 кунга кечиктирилса, 3–4 ц/га пахта ҳосили камайиб кетади.

Культивацияни чуқур ўтказиш ҳам салбий таъсир этиши мумкин, шунинг учун охирги культивациялар юзароқ ўтказилиши лозим. Юза культивация далани машина теримига яхши тайёрлаш имконини ҳам бериб, пахта териш машиналари бир текис юришини таъминлайди.

Ғўза қатор оралиғи 60 см ва қўшқатор қилиб экилган майдонларда ғўза шохлари бир бири билан туташгандан сўнг, культивация ўтказиш тавсия этилмайди, чунки культиватор ўтиши натижасида пояларни пайхон қилиб, ҳосилга салбий таъсир кўрсатади.

Маълумки, август ойида тунлари салқин тушади, ҳаво эса қуруқ ва иссиқ бўлади. Бундай шароитда кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира каби зараркунандалар кўпаяди. Шу сабабали зарарли ҳашаротларга қарши курашни янада кучайтириш зарур. Чунки озгина эътиборсизлик туфайли тўпланган ҳосилнинг 30–40 фоизи бой берилиши мумкин.

Зараркунандаларга қарши курашишда Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти олимлари тавсиясига асосан, биологик кураш усулидан фойдаланиш, зарурият туғилганда кимёвий воситаларни қўллаш лозим.

Кўсак қурти тухуми ва ёш куртлари мавжуд майдонларда аввал гектарига 1–2 граммдан трихограмма тарқатиш, сўнгра 3–4 кун оралатиб уч маротаба (биринчиси 1:10, иккинчиси 1:5 ва учинчиси 1:10 нисбатда) 1000–2000 донадан бракон қўйилиши лозим.

Бу йилги шароитда кўпчилик вилоятларда ўргимчаккана тарқалган ерларда акарицидлар билан тизимли ишлов берилиши, препаратлардан Узмайт, Энтомайт ва бошқа янги дорилар қўлланилиши, уларни тезда бартараф этади.

Кўсак қуртига қарши эса, "Престиж" биоинсектицидлари яхши самара беради.

Ғўзани август ойида парваришлашда юқоридаги юмушлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилса, ғўза яхши ривожланиб, ҳосилига ҳосил қўшилади ва шу тарзда асад ойида экин ясатилади.

Деҳқон ва фермерларимиз август ойининг ҳар бир дамидан унумли фойдаланиб, шу ойдаги юмушларни ўз вақтида ва сифатли бажаришса, ҳосил салмоғи ва сифатини оширади, кузда юзлари ёруғ, хирмонлари баланд бўлади.


AGROBLOGER канали

Report Page