...

...

AGROBLOGER

Такрорий сабзавот экинларидан шолғом, турп, пиёз ва кўкат сабзавотлар экиш учун майдонларни ҳайдаш олдидан суғориб, ер етилгандан сўнг кечиктирмай ҳайдаш, сўнгра кетма-кет намлик парланиб кетмасдан ЧКУ-4 ёки БСО-3 русумли борона билан 10-12 см чуқурликни юмшатиб, кейин, экиш лозим бўлган экин турига мос равишда катта майдонларда КРН-4,2 ёки КОН-2,8 А русумли культиваторда эгатлар тортиб чиқилади.

Шолғом ва турпнинг марказий ҳудудларда 1-15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июл 10 август ва жанубий ҳудудларда 20 август 20 сентябрларда уруғи экилади. Уруғини сочма ҳамда қатор (лента) қилиб экиш мумкин.

Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см ёки 60 см қилинади. Уруғ СОН-2,8 сеялкада экилади.Икки қатор қилиб экишда сеялканинг сошниклари жуфт-жуфт қилиб ўрнатилади. Ҳар жуфтдаги сошник ораси 20 см қилинади. Сеялкага окучниклар тиркалиб эгат ҳам олинади. Ҳар гектарига турп уруғи 4-5 кг, шолғом уруғи 2-3 кг сарф бўлади. Бунда туп ораси 10-12 см кенгликда қолдирилади. Турп ва шолғом ўтдан тозаланиб ягона қилингандан сўнг ўғитланади ва ҳар гектарига 400 кг суперфосфат ва 150 кг аммиачная селитра солинади.

Август муддатида экиладиган пиёз уруғи августни иккинчи ярми, сентябрни биринчи ўн кунлигида экилади. Асосий ҳосили май ойида ёппасига пишади. Август муддатида экиш учун айнан эрта-кузги пиёз навлари Сумбула ва Пешпазакни экиш тавсия этилади. Бошқа навлар сепилса ҳосилни пишиши бир-бир ярим ойга кечикади, ҳосили 20-25% га камаяди ва маҳсулот сифати паст бўлади.

Пиёз уруғи 60-70 см орасида олинган эгатларга 2-3 қатор қилиб ёки сочма ҳолда сепилади. Кўчат ораси 5-6 см бўлади. Уруғ сарфи гектарига 14-16 кг.

Пиёз учун унумдор, бегона ўтлардан тоза ерлар ажратилиши лозим. Сабзавот алмашлаб экиш тизимида чопиқ қилинган ва ерни бегона ўтлардан тозалаб кетадиган экинлардан сўнг пиёз экиш тавсия қилинади. Эртаги бодрингдан сўнг экиш яхши натижа беради. Мабодо бошоқли дон экинидан сўнг экиладиган бўлса, албатта ҳайдаб эгатлар олиб суғориш лозим, бунда бегона ўт ва бошоқли дон экинлари уруғи тўлиқ униб чиққандан сўнг ерни чизеллаб ундан сўнг эгатлар олиниб экилиши лозим. Бўлмаса пиёз бегона ўт ва бошоқли дон экинлари орасида қолиб, ўсиб ривожланиши орқада қолади, натижада ҳосилдорлик кескин пасаяди.

Экилган асосий сабзавот экинлари майдонларидан мўл ҳосил етиштиришни таъмин этишда ҳал қилувчи муҳим омилларидан бири ҳар бир экин тури талабига мувофиқ майдонларни 7-12 кун оралатиб 450-500 м3/ га меъёрида суғориб туриш бўлиб, ҳар 2-3 маротаба сув қўйилгач ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8 А русумли юмшатгич билан 12-14 см чуқурликда юмшатиб туриш тавсия этилади. Суғоришни кечалари ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Шу кунлардаги асосий вазифа, пайдо бўлаётган касаллик ва зарарли хашоратларга қарши тезда курашишдан иборат.

Республикада экиладиган сабзавот, полиз ва картошка экинларида айниқса август ойида кўп зарар келтирадиган зараркунандаларга оқ қанот, ўргимчак кана, занг кана, ширалар, полиз қўнғизи, колорадо қўнғизи, кўсак қурти, ғовакловчи пашша (минер пашшаси) ва ҳар хил турдаги карам зараркунандалари катта зарар келтириб ҳосилдорликни 30-35 фоиз камайишига олиб келади. Шуни эътиборга олган ҳар бир сабзавоткор ва фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари бу юқорида номлари келтирилган зараркунандаларга қарши кураш тадбирларини тўғри олиб бормоқлари лозим. Бунда кимёвий курашдан кўра, биологик кураш усуллари самралилиги ва истеъмолчига хавфсизлиги билан яққон устундир.


AGROBLOGER канали

Report Page