...

...

AGROBLOGER

Хўжаликларда такрорий сабзавот экинларидан шолғом, турп, пиёз ва кўкат сабзавотлар экиш учун майдонларни ҳайдаш олдидан суғориб, ер етилгандан сўнг кечиктирмай ҳайдаш, сўнгра кетмағкет намлик парланиб кетмасдан ЧКУ-4 ёки БСО-3 русумли борона билан 10-12 см чуқурликни юмшатиб, кейин, экиш лозим бўлган экин турига мос равишда катта майдонларда КРН-4,2 ёки КОН-2,8 А русумли культиваторда эгатлар тортиб чиқилади.

Шолғом ва турпнинг марказий ҳудудларда 1-15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июл 10 август ва жанубий ҳудудларда 20 август 20 сентябрларда уруғи экилади. Уруғини сочма ҳамда қатор (лента) қилиб экиш мумкин.

Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см ёки 60 см қилинади. Уруғ СОН-2,8 сеялкада экилади.Икки қатор қилиб экишда сеялканинг сошниклари жуфт-жуфт қилиб ўрнатилади. Ҳар жуфтдаги сошник ораси 20 см қилинади. Сеялкага окучниклар тиркалиб эгат ҳам олинади. Ҳар гектарига турп уруғи 4-5 кг, шолғом уруғи 2-3 кг сарф бўлади. Бунда туп ораси 10-12 см кенгликда қолдирилади. Турп ва шолғом ўтдан тозаланиб ягона қилингандан сўнг ўғитланади ва ҳар гектарига 400 кг суперфосфат ва 150 кг аммиачная селитра солинади.

Август муддатида экиладиган пиёз уруғи августни иккинчи ярми, сентябрни биринчи ўн кунлигида экилади. Асосий ҳосили май ойида ёппасига пишади. Август муддатида экиш учун айнан эрта-кузги пиёз навлари Сумбула ва Пешпазакни экиш тавсия этилади. Бошқа навлар сепилса ҳосилни пишиши бир-бир ярим ойга кечикади, ҳосили 20-25% га камаяди ва маҳсулот сифати паст бўлади.

Пиёз уруғи 60-70 см орасида олинган эгатларга 2-3 қатор қилиб ёки сочма ҳолда сепилади. Кўчат ораси 5-6 см бўлади. Уруғ сарфи гектарига 14-16 кг.

Пиёз учун унумдор, бегона ўтлардан тоза ерлар ажратилиши лозим. Сабзавот алмашлаб экиш тизимида чопиқ қилинган ва ерни бегона ўтлардан тозалаб кетадиган экинлардан сўнг пиёз экиш тавсия қилинади. Эртаги бодрингдан сўнг экиш яхши натижа беради. Мабодо бошоқли дон экинидан сўнг экиладиган бўлса, албатта ҳайдаб эгатлар олиб суғориш лозим, бунда бегона ўт ва бошоқли дон экинлари уруғи тўлиқ униб чиққандан сўнг ерни чизеллаб ундан сўнг эгатлар олиниб экилиши лозим. Бўлмаса пиёз бегона ўт ва бошоқли дон экинлари орасида қолиб, ўсиб ривожланиши орқада қолади, натижада ҳосилдорлик кескин пасаяди.

Экилган асосий сабзавот экинлари майдонларидан мўл ҳосил етиштиришни таъмин этишда ҳал қилувчи муҳим омилларидан бири ҳар бир экин тури талабига мувофиқ майдонларни 7-12 кун оралатиб 450-500 м3/ га меъёрида суғориб туриш бўлиб, ҳар 2-3 маротаба сув қўйилгач ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8 А русумли юмшатгич билан 12-14 см чуқурликда юмшатиб туриш тавсия этилади. Суғоришни кечалари ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Шу кунлардаги асосий вазифа, пайдо бўлаётган касаллик ва зарарли хашоратларга қарши тезда курашишдан иборат.

Республикада экиладиган сабзавот, полиз ва картошка экинларида айниқса август ойида кўп зарар келтирадиган зараркунандаларга оқ қанот, ўргимчак кана, занг кана, ширалар, полиз қўнғизи, колорадо қўнғизи, кўсак қурти, ғовакловчи пашша (минер пашшаси) ва ҳар хил турдаги карам зараркунандалари катта зарар келтириб ҳосилдорликни 30-35 фоиз камайишига олиб келади. Шуни эътиборга олган ҳар бир сабзавоткор ва фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари бу юқорида номлари келтирилган зараркунандаларга тўғри қарши кураш тадбирларини олиб бормоқлари лозим.

Масалан: Оқ қанот сабзавот, полиз ва картошка экин турларига икки томонлама зарар келтиради. Биринчидан: оқ қанот личинкалари ўсимлик баргларини орқа қисмига жойлашиб тайёр озиқа моддаларини сўриб зарар келтирса, иккинчидан оқ қанот личинкалари ўзларидан чиқазган суюқ (экскремент) моддалар ўсимлик барг пояларига тушиб ёпишқоқ шира бўлиб ифлослайди ва бу моддаларда қора замбуруғлар тез кўпайиб ўсимликларни нафас олишини қийинлаштиради ва баргларни тез қуриб қолишига олиб келади. Оқ қанот бир мавсумда 12-15 марта авлод бериб кўпаяди. Бу зараркунандаларга қарши барча экин турларида биологик кушандалардан бири бўлган трихопорусни 1:5; 1:10 нисбатда (битта трихопорусга 5 та ёки 10 та оқ қанот личинкаси) қўллаш тавсия этилади ёки қуйидаги пиретроидли дорилардан бирортасини (25% Цираксдан – 1,2 л/га ёки 20% Конфидордан 0,4 л/га ёки 50% Карбофосдан - 1,2 л/га ёки 10% Талстардан 0,6 л/га ҳисобида) қўллаш тавсия этилади.

Сабзавот экинларидан помидорда ва картошкада ўргимчак кана, занг кана, колорадо қўнғизи каби зараркунандаларга қарши курашни ўз вақтида олиб бормоқ лозим. Ўргимчак кана, занг кана помидорга ва картошкага июл-август ойларидан колородо қўнғизлари эса то кеч кузгача зарар келтиради. Бу зараркунандалардан ўргимчак кана ва занг кана билан зарарланган ўсимликларни пастки барглари кейинчалик тепа барглар қурий бошлайди. Баргларни орқа қисми ўргимчак кана билан зарарланса ипчалар ҳосил қилади, занг кана билан зарарланган баргларни орқа қисми кумиш рангли бўлиб, поялари қўнғир тусга киради. Буларга қарши 40% Данадим дорисидан 1,0 л/га ёки 36% Гризлидан 0,25 л/га ёки 57% Омайтдан 1,5 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.

Колорадо қўнғизи картошка, бақлажон, помидорига катта зарар келтириб бир мавсумда 3-4 марта авлод бериб кўпаяди ва битта она қўнғиз – 2000 тагача тухум қўйиши мумкин. Бунга қарши – 20% Моспиландан – 0,025 кг/га ёки 80% Регентдан – 0,025 кг/га ёки 4% Адонисдан 0,25 л/га ёки 20% Конфидордан – 0,05 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.

Сабзавот, полиз ва картошка экинларига ҳар хил турдаги (акация, полиз, карам) ширалар ҳам зарар келтириб, улар ўсимлик баргларини орқа қисмига, ўсиш нуқталарига жойлашиб тайёр озуқа моддаларини сўриб зарарлайдилар натижада ўсимликларни ўсиши секинлашади ва ҳосилдорликни 60-70 фоиз камайишига олиб келади. Ширалар турига қараб 14-17 мартагача авлод бериб кўпаядилар. Шираларга қарши фойдали ҳашоратларни (олтин кўз, ҳон қизи ва сирфидлар) қўллаш ҳамда пиретроидли кимёвий дорилардан 57% Фуфанон - 1,2 л/га ёки БИ -58 дан – 0,8 л/га ёки Децисдан – 0,5 л/га ҳисобида 600 литр сувга қўшиб пуркаш мумкин.

Кейинги йилларда очиқ ва ёпиқ майдонларда помидор, бодринг каби сабзавот экинларига ғовакловчи пашша (минер пашшаси) катта зарар келтира бошлади. Бу зараркунанда пашшаси ўз тухумини ўсимлик баргларини четига қўйиб, тухумдан чиққан личинкалар барг тўқималарини кемириб чизиқлар ва юпқа парда ҳосил қилади. Натижада баргларни нафас олиши қийинлашади ва тез қурийди.

Бу зараркунандаларга қарши БИ – 58 дан – 1,0 л/га ёки 1.8% Вертимекдан – 0,5 л/га ёки 50% Карбофосдан – 1,0 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.

Помидорга – кўсак қурти катта зарар келтириб, ҳосилдорликни кескин камайишига олиб келади. Кўсак қурти помидор меваларини кемириб зарарлайди. Натижада зарарланган мевалар тез чирийди ва истеъмол учун яроқсиз бўлиб қолади.

Кўсак қуртига қарши помидорига 15% Аваунт дорисидан – 0,4 л/га ёки 25% Арриводан – 0,3 л/га ёки 25% Цираксдан 0,4 л/га ҳисобида қўллаш тавсия этилади. Шу билан бирга кўсак қуртига қарши трихограмма ва ҳабрабракон кушандаларидан ҳам фойдаланиш мумкин.

Полиз экинларига полиз қўнғизи ва қовун пашшаси каби зараркунандалар кейинги йилларда зарар келтира бошлади. Полиз қўнғизи барг ва меваларни кемириб зарарласа, қовун пашшасини қурти қовун, тарвуз ва бодрингни ичига кириб уруғларини кемириб зарар келтирмоқда. Полиз қўнғизи Республиканинг барча вилоятларига тарқалган бўлиб, қовун пашшаси эса Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро вилоятларига тарқалиб ҳосилдорликни 60 – 70% камайишига олиб келмоқда.

Полиз қўнғизи ва қовун пашшаси бизнинг шароитимизда 3 – 4 марта авлод бериб кўпаяди.

Полиз қўнғизи, личинкаси, қурти зарар келтирса, қовун пашшасини қурти зарар келтиради.

Бу зараркунандаларга қарши 57% Фуфанондан – 1,0 л/га ёки 50% Карбофосдан – 1,5 л/га ёки 20% Конфидордан 0,3 л/га ёки 25% Цираксдан – 0,06 л/га ёки 25% Арриводдан – 0,06 л/га ҳисобида 600 литр сувга қўшиб сепиш тавсия этилади.

Юқоридаги барча турдаги пиретроидли дориларни қўллашни сабзавот, полиз ва картошка экинларини пишишидан бир ой олдин тўхтатиш ҳамда ишлатилганда эҳтиёж чораларини кўриб ишлаш тавсия этилади.


@AGROBLOGER канали

Report Page