...

...

AGROBLOGER

Нурота тоғлари этакларидаги адирлик бағрида жойлашган шаҳарча Хонбанди аталишининг тарихий асоси бор. Шаҳарчамиз ёнида Бухоро ҳукмдори Абдуллахон II томонидан XVI асрда бунёд этилган ноёб сув иншооти – банд, тўғон бор. Тўғри, ҳозирги кунга келиб деярли вайрон бўлган банддан фақат тош тўғонгина қолган. Ушбу тарихий иншоот қадимдан бу адирларда деҳқончилик қилинганидан далолат беради. Ҳукуматнинг ёрдами билан бугунги кунга келиб бу адирликлар бағрида яна деҳқончилик йўлга қўйилмоқда. Бу йил артизан қудуқлар қазилиб, адирликлар бағрида ўзлаштирилган 1000 гектарга яқин ер ёшларга деҳқончилик қилиш учун ажратиб берилди.


Ўт-ўланлар қовжираб атрофдан файз кетиб, чанг тўзон кўтариладиган адирликлар бағрида бугун ям яшил далалар бўлди. Хонбандилик ёшлар адирда боғлар, токзорлар барпо этди, сабзавот полиз экинлари экди.


«Хонбанди» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Фарҳод Қаюмов бу ишнинг фаол тарғиботчиси ва ташкилотчиларидан бири. Фарҳод ака ёшларга тарғибот қилаётган ишнинг самарасини унинг икки ўғли Фазлиддин ва Музаффар Ғофуровлар амалда исботлади. Ака-ука ҳудудда 5 гектар ерни ўзлаштириб қовун-тарвуз етиштирди.


Отаси ўғилларига кекса деҳқонларнинг уйида сақланиб қолган Форишнинг «одилбой», «амри», «кўкча» каби ширинлиги билан қадимдан машҳур бўлган қовунлари уруғини топишда ёрдамлашиб, қандай экиш ҳақида маслаҳат берди. Қолган ишларни ўғиллар ўзлари бажарди. Мана, қовун пишиғи ҳам етиб келди. Фориш қовунларининг мазасини биладиганлар узоқлардан сўраб келмоқда.


Оқсоқолнинг ўғиллари биргина қовун билан чекланиб қолмасдан «Қорамирза муруввати» хусусий корхонаси ташкил этиб, тадбиркорлигини кенгайтирди.


– Туман давлат солиқ инспекцияси ходимларининг маслаҳати ва яқин кўмагида тадбиркорликнинг бошқа йўналишини ҳам йўлга қўйдик, – дейди Фазлиддин Ғофуров. – Паррандачилик яхши даромад берар экан. Гўшт йўналишида тўрт марта бройлер боқдик. Айни пайтда 1000 донагача товуқ парваришлаяпмиз. 2 сотих майдонда енгил конструкцияли иссиқхона кураяпмиз. Кузда уни ишга тушириб, помидор, бодринг, кўкат етиштириш ниятидамиз. Катта ишлар учун катта маблағ тикиш зарур. Бу масалада яна солиқчиларга кўмак сўраб мурожаат қилдик. Сектор бу масалада ҳам ёрдам кўрсатаётир.


Бугун эрта кўклам бошланган ишларнинг шундай яхши самарасини фақат шу ака-укалар фаолиятида эмас, хонбандилик юзлаб ёшлар фаолиятида кўриш мумкин. Атрофда ҳисобсиз ҳосилдор ер бўла туриб, ишсизликдан ёшлар ташлаб кетгани Хонбанди шаҳарчаси бугун яна обод бўлди. Шаҳар атрофида қишлоқ хўжалигининг барча турлари ривожлантирилмоқда. Бугун бу ердан юртимизнинг бошқа ширин қовун-тарвузлар, сабзавот мевалар етиб бормоқда. Ердан, табиат имкониятларидан фойдаланиш аҳолини, айниқса ёшларни иш билан таъминлашда, камбағалликни қисқартиришда ҳам ўз самарасини бермоқда.


@AGROBLOGER канали

ЎзА

Report Page