...

...

FERMER

Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди.

Ахборот хизмати хабарида айтилишича, илмий тадқиқотлар натижасида республикамизда чорва моллари наслини яхшилаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда юқумли ва юқумсиз касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллий хомашёлар асосида юқори самарадор ветеринария препаратлари ва диагностикумлари яратилди ҳамда уларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Маҳаллий штамлар асосида қорамолларнинг тейлериоз касаллигига қарши вакцинанинг илмий асоси ишлаб чиқилди. Ҳайвонларнинг колибактериоз, сальмонеллёз ва пастереллёз касалликларига қарши маҳаллий вакцина 100 фоизгача самара бериши аниқланди.

Ветеринария биопрепаратларини тайёрлашда фойдаланиладиган микроорганизмлар штаммларини биологик, морфологик, иммунологик хусусиятлари ўрганилиб, 12 та штаммни паспортизация қилиш услуби ишлаб чиқилди. Маҳаллий ишлаб чиқариш штаммлари асосида колибактериоз, сальмонеллёз ва пастереллёз касалликларини даволаш учун қон зардоби олиш усули ва технологияси яратилди.

Ўсимлик моддалари кимёси институти билан ҳамкорликда яратилган “Альсус” препарати Жиззах вилоятидаги “Golden territоriya” МЧЖда 9 минг бош қўй-эчкиларда гельминтозларнинг олдини олиш, даволаш мақсадида татбиқ этилди. Ҳайвонларнинг хавфли паразитоз ва табиий ўчоқли трансмиссив касалликларга қарши “Биоинсектицид” препарати ишлаб чиқилди.

Россиянинг “ЮНИГЕН” МЧЖ ҚК билан ҳамкорликда юртимизда чорва молларидан учрайдиган лейкоз касаллигини диагностика қилувчи маҳаллий “Лейкоз IgG–ИФА” иммунофермент таҳлил реагентлари жамланмаси ишлаб чиқилди.

Олимларнинг тадқиқотлари натижасида қизил чўл зотли сигирларнинг иккита янги, ўнта сермаҳсул оиласи яратилди.


ЎзА

FERMER канали

Report Page