...

...

AGROBLOGER

Фарғоналик деҳқонлар азалдан пахта ва ғалла етиштириш, боғдорчилик соҳасида катта тажриба тўплаган. Айни кунларда фермер хўжаликларида ғўза парвариши агротехник тадбирлар асосида олиб борилмоқда.

Деҳқонларимиз бугунги куннинг ҳар бир дамини ғанимат билиб, ғўзани суғориш, культивациялаш, зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш каби тадбирларни ўз вақтида, маромида бажарсалар, ҳеч шубҳасиз, пахта хирмони юксак бўлади. Шундай экан, ҳосилга ҳосил қўшиладиган ҳозирги ўта масъулиятли паллада тунни тонгга улаб, фидокорона меҳнат қилиш муҳим вазифа саналади.

Вилоят туманларида “Зарбдор 45 кунлик” эълон қилиниб, 13 июлдан 30 августгача ғўза парваришида амалга оширилиши долзарб бўлган тадбирлар белгилаб олинди.

Ёзёвон туманидаги «Аҳмадалиев Шокиржон» фермер хўжалигида ғўза ривожидаги амалларга муҳим эътибор қаратилмоқда. 29 гектар майдонда ғўзанинг «8290» нави экилган бўлиб, баравж ўсмоқда.

– Масъулиятли паллада ғўзани суғориш, ишлов бериш, чеканка қилиш тадбирларини сифатли ўтказиш муҳимдир, – дейди фермер Шокиржон Аҳмадалиев. – Ғўза ўсув даврида ўғитланса, озуқа моддалар билан етарли даражада таъминланиб, ҳосилдор бўлиб ўсади. Ҳозирга қадар икки марта ўғит солинди. Суғориш, чеканка ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ғўзаларимизнинг ривожи анча яхши. Ҳосилдорликни 45 центнерга етказишни ният қилганмиз.

 

М. Сулаймонов, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page