...

...


Тупроқлар мамлакатимизнинг баландлик минтақаси ва текислик зоналарида тарқалган.


Текислик зоналарида сур тусли қўнғир, тақирли, ўтлоқи ва ботқоқли тупроқлар кенг тарқалиб, улардан қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Булар орасида ўтлоқи тупроқлар кўпроқни ташкил этади.


Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экин майдонлардаги тупроқларни намлантириш яʼни суғориш орқали етиштирилади. Бунда ўтлоқи тупроқлар асосан дарё водийларида тарқалган, яни Норин, Сирдарё, Қорадарё, Қашқадарё, Сурхондарё каби дарёлар водийларидаги ушбу тупроқларда деҳқончилик ишлари юритилади.


Суғориладиган ўтлоқи тупроқлар гумусга бой, озуқа моддалари билан турли даражада таъминланганлиги жиҳатидан ажралиб туради. Бу ерларда сизот сувлари ўртача 1,5-2,5 метр атрофида туради. Шунинг учун ҳам уларда шўрланишлар кузатилади. Ушбу тупроқларда доимий равишда мелиоратив тадбирларни олиб бориш талаб этилади. Акс ҳолда, шўрланишлар кучайиб, ернинг яроқсиз ҳолатга келишига олиб келади.


Чўл зонасидаги тақирли, сур тусли қўнғир тупроқларда деҳқончилик юритилади. Лекин уларни мелиоратив шароитлари (шўрланишга мойиллиги, гипслашганлиги, зичлашганлиги, ювилишга учраганлиги) оғирлигидан камроқ фойдаланилади.


Чўл зонасидаги бу тупроқлар Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида кенг тарқалган.


Шунингдек, баландлик минтақасида энг кўп ва унумдор тупроқлар-типик бўз ва оч тусли бўз тупроқлардан фойдаланилади.


Бу тупроқлар Фарғона водийсида, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг пахтачилик туманларида кенг тарқалган ва унумдор тупроқлар ҳисобланади.


Республика бўйича тупроқлардан унумли фойдаланадиган ҳудудлар Хоразм, Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент вилоятлари ҳисобланади.


Муаммолар


Ерларни мелиоратив ҳолатини доимо яхшилаш ишларини узлуксиз Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сирдарё, Жиззах вилоятларида ҳамда бошқа вилоятларнинг чўл зонасидаги суғориладиган ер майдонларида ўтказилиб борилади.


Тупроқ деградацияси 21-асрнинг муҳим экологик муаммоларидан бири ҳисобланади. Тупроқ ва сув манбаининг, ер ости сувининг ифлосланиши унинг деградацияси билан боғлиқдир. Тупроқ деградациясига иқлим ўзгариши бевосита ва билвосита таʼсир қилади.


Қишлоқ хўжалиги секторида суғоришнинг тавсия этилган ставкалари, ҳажми ва муддатларига риоя этилмаса, сув ҳисобга олинмаса, буларнинг барчаси охир-оқибат ерларни деградацияга олиб келади.


Ерлар қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келади, устига устак атроф-муҳитга, экологияга катта зарар етказилади. Масалан, суғориш меʼёрларига амал қилмаслик, айниқса, ер ости сувлари яқин жойлашган жойларда, ер ости сувлари сатҳининг кўтарилишига олиб келади. Оқибатда, суғориладиган майдонлар ботқоқланади ва шўрланади. Катта қияликдан иборат бўлган далаларда суғориш йўлаклари олинганда қаттиқ чиқинди сув ва озуқа моддаларининг шиддати остида суғориш йўлаклари емирилади, сифатсиз суғориш ва тупроқ эрозияси юзага келади.


Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти маълумотлари асосида тайёрланди



Report Page