...

...

AGROBLOGER

Вазирлар Маҳкамасининг “Иссиқхоналарда муқобил энергия технологиясини жорий қилиш харажатлари бир қисмини субсидия ҳисобига қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан иссиқхоналарда қўллаш учун сотиб олинган муқобил энергия қурилмалари қийматининг 30 фоизи, бироқ 150 миллион сўмгача бўлган қисми Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир марта қоплаб берилади.

Иссиқхоналарда муқобил энергия технологиясини жорий этиш мақсадида, харид қилинган ва ўрнатилган муқобил энергия қурилмалари қиймати бир қисмини қоплаш тартиби электрон шаклда “Агросубсидия” ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Талабгорлар субсидия олиш учун иссиқхоналарда муқобил энергия технологиясини жорий этиш мақсадида харид қилинган ва ўрнатилган муқобил энергия қурилмалари қиймати бир қисмини қоплашга субсидия ажратишга кўмаклашувчи туман комиссиясига Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки бевосита “Агросубсидия” АТ орқали ариза юборади.


Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

муқобил энергия қурилмаларини сотиб олиш бўйича шартнома нусхаси ва тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

муқобил энергия қурилмаларининг техник паспорти ва мувофиқлик сертификати;

муқобил энергия қурилмаларининг ўрнатилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Комиссия беш иш кунида ўрнатилган қурилмани жойига чиққан ҳолда қуйидаги кўрсаткичлар асосида ўрганади:

талабгорлар томонидан ўрнатилган муқобил энергия қурилмалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ янги сотиб олинганлиги ва талабгорга тегишли эканлиги;

ўрнатилган муқобил энергия қурилмаларининг энергия жиҳатдан самарадорлик кўрсаткичларига (паспортига), мувофиқлик сертификатига эга эканлиги, техник талабларига мувофиқлиги ҳамда белгиланган тартибда ўрнатилганлиги;

ўрнатилган муқобил энергия қурилмаларининг иссиқхонани иситиш учун талаб этиладиган қувватга эгалиги ва иссиқхона майдонининг қурилма қувватига мувофиқлиги;

энергия таъминоти корхонаси томонидан берилган техник шартларга риоя этилганлиги;

иссиқхона лойиҳа параметрларига мувофиқ қурилганлиги.

Муқобил энергия қурилмалари талаблардан камида биттасига мувофиқ бўлмаса комиссия субсидия ажратиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса қилади ва бу ҳақида талабгорга хабар беради.

Муқобил энергия қурилмалари талабларга мувофиқ бўлса комиссия субсидия ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса қилади ҳамда хулоса ва талабгор томонидан комиссияга тақдим этилган ҳужжатларни Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига тақдим этади, шунингдек, бу ҳақида талабгорга хабар беради.


AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page