...

...

FERMER

Ҳаётий эҳтиёжларимизнинг асосий қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади.

Шу боис ҳам мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинган эди. Унда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмол рационини яхшилаш, талаб этиладиган миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни назарда тутувчи озиқ-овқат хавфсизлиги давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати инфратузилмасини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириши, қулай агробизнес муҳитини яратиш каби қатор мақсад-вазифалар белгилаб қўйилган.

Хўш, бугунги кунда мазкур стратегия доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда, кутилган натижалар қониқарлими, аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш борасида қандай чора-тадбирлар кўрилаётир?

Бу каби масалаларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Тешаев батафсил тўхталди. Мажлисда вазир ўринбосарининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси бажарилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

— Озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички истеъмолни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш борасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 4 миллион 499 минг гектар ерга экинлар экилди, — деди Ш.Тешаев. — Республикамиздаги қишлоқ хўжалиги корхоналарида 5,1 минг гектар майдонларда 2 минг 912 та иссиқхона фаолият олиб бормоқда. Шундан 876 гектар гидропоника усулида, 4,2 минг гектар тупроқда маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилган бўлиб, уларда 385 минг тонна маҳсулотлар етиштирилди.

Стратегияда назарда тутилган қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида 14 та пахта-тўқимачилик, 41 ғаллачилик, 103 мева-сабзавотчилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда 134 та пахта-тўқимачилик, 198 та ғаллачилик, 249 та мева-сабзавотчилик, 43 та шоличилик, 9 та доривор ўсимликлар етиштирувчи кластерлар фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ғаллани сотиб олиш ва сотиш бозор нархлари асосида амалга оширилиши йўлга қўйилди. Хусусан, ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида доннинг бир қисми 2022 йил июль-сентябрь ойларида биржа савдолари орқали график асосида сотилиши белгиланди, — деди маърузачи ўз ахборотида.

Эшитув давомида сўз олган депутатлар қишлоқ хўжалиги соҳаси энг муҳим ва долзарб тармоқлардан бири эканлигини таъкидлаб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, қатор масалаларда саволлар билан мурожаат қилдилар.

— Йилдан-йилга экологиянинг ёмонлашуви, ноқулай об-ҳаво шароити кузатилмоқда, — деди депутат Қодир Жўраев. — Бу эса, албатта, деҳқон-фермерларга, боғбонларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Масалан, ўтган йили ўрик меваси деярли бўлгани йўқ. Деҳқон-фермерларни ана шу каби ноқулай об-ҳаво шароитидан, табиий офатлардан ҳимоялаш борасида қандай ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд?

— Бу борада суғурталаш тизимини ривожлантириш масаласи кўриб чиқилмоқда, — дея жавоб берди вазирлик мутасаддиси. — Бу бўйича Президент қарори лойиҳаси тайёрланган. Яъни, 50 фоиз ҳосилни суғурталаш масаласи кўрилмоқда. Бозор шароитларига мос механизмлар йўлга қўйилади. Халқаро ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Мажлисда депутатлар томонидан яна бир қанча саволлар тақдим этилди. Жойларда аграр соҳага оид дуч келинаётган муаммолар юзасидан мурожаатлар бўлди. Депутатларга вазирлик томонидан соҳага оид қўшимча маълумотлар тақдим этиладиган бўлди.


ЎзА

FERMER канали

Report Page