...

...

AGROBLOGER

Мавсум масъулиятини тўғри тушунган қишлоқ хўжалиги заҳматкашларининг саъй-ҳаракатлари туфайли ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин экилиши ва бу орқали аҳоли даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ғалладан бўшайдиган ерларнинг 800 минг гектари ишсиз аҳолига бозорбоп такрорий экин экиш учун берилиши белгиланган эди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимиз табиий-иқлим шароити бир йилда камида икки марта ҳосил олиш ва аҳоли даромадини ошириш имконини беради. Айтайлик, ғалла ва эрта экинлар 15-20 июнгача йиғиштириб олинган тақдирда ҳам, ундан кейин қарийб тўрт ой, яъни 120-130 кун иссиқ ва ҳароратли бўлади. Бу эса сабзавот, полиз ва картошка экинлари етиштириш учун айни муддао.

Айтиш жоизки, такрорий экин жойлаштирилган майдонлар янада маданийлаштирилади, ерга қайта ишлов бериш орқали бегона ўтлар йўқотилиб, тупроқ унумдорлиги ортади. Энг асосийси, аҳолимизни йил давомида витаминларга бой сабзавот, полиз ва картошка маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти вужудга келади.

– Такрорий экинлар сифатида эътиборни дуккакли-дон ва мойли, сабзавот-полиз экинларга қаратиш зарур, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилояти бошқармаси бош инспектори Ш.Юсубалиев. – Республикамиз шароитида ушбу такрорий экинларни навларига қараб 1-5 июнь ва 10 июль оралиқларида экиш мумкин. Муҳими, экинларни жойлаштиришда даланинг сув билан таъминланганлик даражасига эътибор қаратиш талаб этилади. Сув таъминоти оғир, кучсиз шўрланган, сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ҳудудларда дуккакли-дон экинларидан мош, ловия, мойли экинлардан кунжут, зиғир, ёрма-дон экинларидан тариқни экса бўлади. Қолган экин турларини имкон борича сув танқис бўлмаган жойларда экиш мақсадга мувофиқдир.

Тошкент вилоятида ҳам ғалладан бўшайдиган 90 минг 208 гектар майдонда экспортбоп ва бозорбоп такрорий экинларни экиш режалаштирилган. Мазкур майдонлардан жами 1 миллион 55 минг тонна маҳсулот етиштириш кутиляпти.

Жумладан, 52 минг 670 гектарда 63 минг 204 тонна дуккакли, 9 минг гектарда 179 минг 475 тонна сабзавот, 5 минг 443 гектарда 108 минг 860 тонна картошка, 753 гектарда 15 минг 59 тонна полиз, 1 минг 902 гектарда 2 минг 282 тонна мойли экинлар, 1 минг гектарда 4 минг тонна шоли ва 19 минг 436 гектарда 682 минг 996 тонна озуқа учун ем-хашак етиштириш режалаштирилмоқда.

Туманларда биринчи навбатда ишсиз юрган ҳамда “Темир”, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарларига кирган аҳолининг ҳар бирига 20-25 сотихдан ғалладан бўшайдиган майдонларни бўлиб бериш ҳисобига жами 100-150 минг нафар аҳоли иш билан банд қилинади.

Ерларни ҳайдаш, экиш учун талаб этиладиган уруғлик, ўғит, ёқилғи ва техника хизматлари кўрсатиш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олишни тизимли ташкил этиш мақсадида жойларда бу тадбирларга агрокластерлар, экспортёр корхона ва “Томорқа сервис” корхоналари бириктириляпти.

Ўз навбатида такрорий майдонларга экиш учун вилоятда биргина картошка уруғи етишмаслиги маълум бўлиб, етишмайдиган 1 минг 853 тонна картошка уруғини туманларга “Бўстонлиқ картошкачилик маркази” томонидан етказиб бериладиган бўлди.

Айни пайтда мавсумий агротехник тадбирлар давом этмоқда.

 

А.Мусаев, ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page