...

...

AGROBLOGER

«Ўздавкарантин» томонидан Хитойга қовун маҳсулотини экспорт қилиш учун қовун етиштириладиган далаларнинг 173 таси ҳамда қадоқлаш корхоналарининг 11 тасига рухсат олинган.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот хизмати раҳбари Дурдона Очилова 25 июль кунги брифингда маълум қилди.

Унинг айтишича, «Ўздавкарантин» пандемия шароитида ҳам маҳаллий маҳсулотлар экспортини амалга ошириш учун янги ташқи бозорларга йўл очишга интилмоқда.

Жумладан, «Хитой Халқ Республикаси ўсимликлар карантини хизмати билан олиб борилган амалий ишлар натижасида, ҳозирда юртимиздан Хитойга қовун маҳсулотини экспорт қилиш учун қовун етиштириладиган далаларнинг 173 таси ҳамда қадоқлаш корхоналарининг 11 тасига рухсат олинди.

Бу далаларнинг 114 таси Хоразм, 40 таси Сирдарё, 12 таси Қашқадарё ҳамда 7 таси Жиззах вилоятларига тўғри келади», – дея Очилованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг 2019 йил 27—28 август кунлари Хитойга амалга оширган расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Хитойнинг бош божхона бошқармаси ўртасида «Ўзбекистондан Хитойга қовун экспорт қилиш бўйича фитосанитар талаблар тўғрисида баённома» имзоланган эди.

Ушбу баённомага мувофиқ, Ўзбекистондан Хитойга экспорт қилинадиган қовун Ўзбекистоннинг тўртта вилоятидан – Хоразм, Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидан бўлиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, Хитойга экспорт қилинадиган қовун фитосанитар талабларга тўлиқ мувофиқ келиши, жумладан, зарарли организмлардан холи ҳудудларда етиштирилиб, карантин инспектори томонидан мониторинг назоратидан ўтказилган бўлиши талаб этилади.

Хитой томонидан қовун экспортига қўйилаётган талабларнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Бунгача Ўзбекистоннинг Хитойга қовун экспорти 2017 йилда фитосанитар қоидалар бўйича аниқлаган камчиликлар туфайли узилиб қолган.


@AGROBLOGER

kun.uz

Report Page