...

...

AGROBLOGER

Бугун, 24 июль куни АОКА биносида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Баҳодир Холиқов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда вазир ўринбосари соҳада илм ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, қуйидагиларни санаб ўтди:

  • Етук халқаро экспертлар билан жаҳон тажрибаси таҳлил қилинди.
  • Таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда соҳа учун янги ташаббусни, яъни Агрохизмат марказларини ҳар бир вилоятда ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
  • Фарғона вилоятида Агрохизмат марказини ташкил этиш ишлари бошланди ва йил якунигача ишга туширилади.

Вазир ўринбосарига кўра, барча вилоятларда очилиши режалаштирилаётган бу марказлар орқали тажрибали мутахассислар томонидан «ягона дарча» тамойилида фермерларга 500дан ортиқ хизматлар кўрсатилади.

«Шу жойнинг ўзида фермерлар ва кластерлар янги технологиялар ва ускуналар билан танишиш, кўчат, уруғ, ўғит каби муаммоларини ҳал этади ва умуман ҳар қандай масалаларига ечим топади. Ушбу янги тизим доирасида илм билан ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлиги таъминланади», – дейди Баҳодир Холиқов.

Маълум қилинишича, ҳудудий Агрохизмат марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар (AKIS) миллий маркази фаолияти йил якунигача йўлга қўйилади.

«Бугунги кунда вазирликка Туркия, Буюк Британия, ФАО мутахасислари ва Нидерландиядан малакали мутахассислар жалб этилиб, ишчи гуруҳи ташкил этилди. Улар томонидан янги AKIS тизимининг стратегияси ва «йўл харитаси» ишлаб чиқилмоқда ва уч ой ичида тасдиқлаш учун Ҳукуматга киритилади», – деди вазир ўринбосари.

Маълумот учун, бу каби марказлар ривожланган хорижий давлатларда анча оммалашган. Уларда фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш мақсадида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими (AKIS) йўлга қўйилган.

Улар томонидан янги инновацион билим ва технологиялар кенг жорий этилиши билан бир қаторда агрохизматлар ҳам кўрсатилади.

Ўзбекистонда Агрохизмат маркази фаолияти илк бор Фарғона вилоятида йўлга қўйиладиган бўлди.

Марказ орқали давлат-хусусий шерикчилик шартларида 500дан ортиқ агросаноат мажмуига оид хизматлар, жумладан 40дан ортиқ янги турдаги хизматлар: геоахборот тизимлари, дрон хизматлари, халқаро стандартлар, «Organic», «Global G.A.P» ва «Halol» сертификатлари жорий қилинади.


@AGROBLOGER канали

kun.uz

Report Page