...

...

AGROBLOGER

Картошканинг айниши деганда, одатда юқумли вирус ва вироидлар ҳамда ноқулай тупроқ-иқлим шароитлар таъсирида туганаклар уруғлик сифатининг пасайиши тушунилади.

Айниган картошка ўсимлиги барги таркибидаги хлорофилл камаяди, фотосинтез ва транспирация жараёнлари сусаяди, ҳосилдорлиги ва касалликларга чидамлилиги, туганакларни товарбоплиги ҳамда озиқалик сифати пасаяди. Натижада, картошка кўпайтиришга яроқсиз бўлиб қолади. Юқори ҳароратли қуруқ иқлим шароит айнишни яққол намоён бўлишига ва ҳосилдорликни камайишига асосий сабабдир.

Картошкани вирус ва вироидли айниш касаллиги юқумли бўлиб, у сўрувчи ҳашоратлар орқали касалланган ўсимлик хужайра шираси соғлом ўсимликка ўтиши ёки ўсимликларни бир-бирига тегиб туриши натижасида содир бўлади. Кейинги бўғинларга вируслар ва вироидлар уруғлик туганаклар орқали юқади. Вирусларни зарар келтириши улар таркиби, ўсимликда тўпланиш даражаси, нав хусусиятлари, ташқи муҳит шароити ва етиштириш усулларига боғлиқ. Вируслар кам тўпланган ва касаллик даражаси сезиларсиз бўлса картошка ҳосилдорлиги бироз пасаяди. Картошка палаги ва туганагида айрим вирусларнинг тўпланиши кўп бўлса айниш белгилари яққол намоён бўлади. Бундай ўсимликлар соғлом ўсимликларга нисбатан ўсишдан орқада қолади ва улар ҳосилдорлиги кескин пасаяди. Туганаклари кўп кўзли, шакли ва ранги ўзгариб, ўсимталари ипсимон бўлади.

Вирус касалликлари яширин ҳолда ўтиши ҳам мумкин, лекин бу уларнинг юқумлилигини ва зарар етказишини мутлақо камайтирмайди. Яширин шаклдаги юқумли вирус инфекцияларини картошка бирламчи уруғчилигида аниқлашда ҳар хил усуллардан (серлогик, имунно-ферментатив ва бошқалар) фойдаланилади.

Адабиётларда, картошкага зарар етказадиган 20 дан ортиқ вирусларга таъриф берилган. Шу билан бирга уларни ҳар бири бир неча штаммга эга. Улардан энг кўп тарқалган 6-9 вируслар ҳосилни камайтиришга сезиларли даражада зарар келтиради. Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича барча кураш чора-тадбирлари айнан уларга қаратилган. Ҳосилни оз миқдорда камайтирадиган S, X вируслари, бошқа юқумли вируслар (баргларни найсимон холатга айлантирадиган вируслар, Y, A вируслари) билан биргаликда таъсир этиши натижасида зарар келтириши кучайиб ҳосилдорликни анчагина пасайтиради. Кўпчилик вируслар касалланган туганаклар орқали юқади, шунинг учун мунтазам равишда картошкани соғлом уруғликлари билан алмаштирилмаса уни ҳосилдорлиги тезда камайиб – картошкани вирусли айниши авж олади. Ҳатто биринчи бўғинда ҳосилдорлик 25 фоизга камайиши мумкин (ўсимликларни 1 фоизи вирус билан зарарланса ҳосилдорлик 0,5-0,6 фоизга пасаяди). Сўрувчи ва ташувчи ширалар кўп тарқалган йилларда вирус эпидемияси пайдо бўлади.

Вирусли касалликлар билан оддий усулда курашиш мумкин эмас, шу сабабли уларни ривожланиш ва юқумли даврида олдини олиш мақсадга мувофиқ. Уни элементлари – вирус манбааси, ўсимлик ва сўрувчи хашоратлар бўлиб, вирус касалликларига қарши уйғунлашган кураш тизимини қўллаш керак.

Вегетатив кўпаядиган картошкада вирус касалликларининг асосий манбаи касалланган ўсимлик ҳисобланади, у касалланган туганакдан ҳосил бўлади. Шунинг учун соғлом уруғликни етиштириш асосий кураш чораси ҳисобланади.

Вирус билан касалланган озиқбоп картошка етиштирилса унга қарши кураш сертификацияланган касалликка чидамли соғлом уруғлик картошка навларини мунтазам равишда олиш ва экишдан иборат. Хўжаликларда – етиштирилиши мумкин бўлган уруғлик миқдори иқлим шароити, қўлланилган агротехника ва навни чидамлигига боғлиқ.

Вирусдан соғломлаштирилган картошка етиштиришнинг энг ишончли усули учки апикаль меристемадан (мини) митти туганак ва расмий тутунак етиштиришдир.


@AGROBLOGER канали

В.И. Зуев, Ҳ.Ч. Бўриев, О. қодирхўжаев, Б.Б. Азимов. "Картошкачилик". 

dehqon.uz


Report Page