...

...

@AGROBLOGER

Мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароити сабзавот экинлари етиштириш учун ғоят қулай минтақа ҳисобланади. Мавжуд суғориладиган майдонлардан самарали ва унумли фойдаланиш, ҳар бир майдондан йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш мамлакатда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини бермоқда.

Сабзавоткор хўжаликларда август ойида экиш режалаштирилган такрорий экинлардан шолғом, турп, август пиёзи каби сабзавотлар экиладиган майдонларни экин экишга тайёрлаш мақсадида ерни ҳайдаш олдидан албатта яхшилаб суғориш талаб этилади. Ер етилгандан сўнг тупроқ намлиги кўтарилиб кетмасдан ҳайдаш, сўнгра кетма-кет ЧКУ-4 ёки БСО-3 русумли борона билан 10–12 см чуқурликда юмшатиб, кейин эса экиш лозим бўлган экин турига мос равишда КРН-2,8А, КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида 70 см ёки 90 см оралиқда эгатлар олиниб экишга тайёрланади.

Турп уруғи юртимиз шароитда фақат ёзда – август ойида сепилади, шолғомнинг эса эрта баҳорда плёнка остида эртаги навлари етиштирилгани билан уни сабзавоткорларимиз асосан август ойида экадилар. Мазкур экинлар сувга ўта талабчан бўлганлигидан илдизмевали бошқа сабзавотларга қараганда уларни тез-тез суғориб туришни талаб этади.

Мазкур экинлар уруғлари марказий минтақада жойлашган ҳудудларда 1–15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль-10 август ва жанубий ҳудудларда 20 август-20 сентябрь оралиғида сепилади.

Шолғомнинг Наманган маҳаллий, Самарқанд маҳаллий, салатбоп Муяссар навларини экишга тавсия этилади.

Турпнинг эса Маргеланская, Андижон–9 навлари ва дайконнинг Содиқ ва Куз ҳадяси каби навларини экиш тавсия этилади.

Шолғом ва турп уруғи 70, 90 см кенгликдаги эгатларга СОН-2,8 сеялкада ёки қўл кучи ёрдамида экилади. Икки қатор қилиб экишда сеялканинг сошниклари жуфт-жуфт қилиб ўрнатилади. Ҳар жуфтдаги сошник ораси 20 см қилинади. Сеялкага окучниклар тиркалиб, эгат ҳам олинади. Ҳар гектарга турп уруғи 4–5 кг, шолғом уруғи 2–3 кг сарф бўлади. Турп уруғ 2 см, шолғом уруғи 1,5 см чуқурликда экилади.

Уруғ униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2–3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади. Бундан сўнгги парвариш экинларни вақтида суғориш, қатор ораларини культивация қилиш, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашдан иборат.

Бўз тупроқ ерларда соф ҳолда 125 кг азот, 95 кг фосфор, 60 кг калий солиш керак. Фосфор ўғити йиллик миқдорининг 75%, калийнинг ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, қолган 25% фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларнинг ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиклантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлганда ўтказилади.

Шолғом ва турп етиштиришда узунбурун, шира, барг бургалари сингари зараркунандалар, ун-шудринг ва оқ чириш касалликлари ўсимликни зарарлайди. Касалликларга қарши – 72,2 фоизли Превикур с.э.к. 1,5 л/га, Курзат Р 2,0–2,5 кг/га, 68 фоизли Рирдомил голд с.э.г. 2,0–2,5 кг/га ёки 1 фоизли Бордо суюқлигининг 600–700 литр сувга тайёрланган аралашмасини пуркаш лозим. Зараркунандаларга қарши 10 фоизли ДВА-три эм.к. 0,4 л/га, 20 фоизли Моспилан н.кук. 0,25–0,30 кг/га меъёрда сепилади.

Пиёз майдони ҳамда олинадиган ҳосилнинг миқдори жиҳатидан сабзавот экинлари ичида помидордан кейинги ўринда туради.

Пиёз уруғи августнинг иккинчи ярми, сентябрни биринчи ўн кунлигида сепилади. Асосий ҳосили кейинги йил май ойида ёппасига пишади.

Пиёзни маҳаллий шароитда яратилган Оқ дур, Сумбула, чет элнинг Сибир, Алдоба каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади. Ушбу навлардан ўртача 285–300 ц/га ҳосил олинади.

Пиёз уруғи гектарига 12–15 кг меъёрида сарфланади. Пиёз СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70–90 см. дан олиб, тўрт қаторли усулда экилади. Уруғлар ерга 1,5–2,0 см чуқурликка кўмилади.

Ёзги-кузги муддатларда пиёз ўртаги, ёзги сабзавот ва картошка ҳосили йиғиштириб олингандан ҳамда ғалладан кейин экилади.

Пиёз икки-уч марта дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларидаги бегона ўтлар КРН-2,8 А культиватори билан ерни 15–16 см чуқурликда ишлов берилади.

Пиёз ўсимлиги попук илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озиқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади.

Юқори унумдор ерларга ўртача соф ҳолда 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий, ўртача унумдор ерларга ўртача 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий ва унумдорлиги паст бўлган майдонларга 320 кг азот, 220 кг фосфор ва 100 кг калий бериш лозим.

Пиёз учун муқобил бўлган азотли ўғитлардан сулфат аммоний, карбамид, фосфорли ўғитларидан эса суперфосфат, аммофосдир. Ҳар хил даражада шўрланган ерларда пиёз етиштирилганда азот ўғити сифатида аммоний сульфат, калий ўғитларидан калий хлорид, калий сульфат каби ўғитларни бермаслик керак. Бу хилдаги ўғитлар тупроқда оз миқдорда бўлса ҳам шўрланиш даражасини оширади. Бу пиёз ўсимлигини униб чиқаётганда, ўсиб-ривожланишига, ниҳоят олинадиган ҳосилга, маҳсулот сифатига салбий таъсир этади.

Режалаштирилган ҳосилга белгиланган фосфор ўғитнинг йиллик миқдори 70–75% ернинг асосий ишловида, қолган қисми эса ерни бороналашдан олдин берилади. Азот ўғитини эса вегетация даврида озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш пиёз ягоналаб, пиёз боши ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса шакллана бошлаганда берилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнг берилганда гўнгдаги бегона ўтлар уруғлари униб чиқиб, олинадиган ҳосилга салбий таъсир этади.

Пиёз ҳаво нами паст жойларда яхши ўсади, аммо тупроқнинг сернам бўлишини хоҳлайди. Пиёзнинг барг шапалоғини кичиклиги ва сувни тежаб-тергаб сарфлашига қарамасдан, унинг илдизи яхши ривожланмаганлигидан тупроқ намлигига талабчанлиги ниҳоятда кучли. Уруғ униб чиқаётган ва пиёз боши шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби айниқса ошади. Фақат ўсув даврининг охирида ва пиёз бошлари етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди. Бу даврда тупроқ ҳаддан ташқари сернам бўлса, пиёз кечроқ етилади ва уни узоқ сақлаб бўлмайди. Тупроқ нами етишмаса, пиёз бошининг катталашиши сустлашади, ўсув даврини барвақт тугаллайди, камбарг ва пиёзбоши майда бўлади, натижада ҳосилдорлик кескин камаяди.

Суғорганда тупроқ етарли даражада намиқмаса барги оқиш-яшил тусга кириб, учи эгилади. Ортиқча намланганда эса барги оч яшил рангга киради.

Пиёз экилиши биланоқ кетма-кет суғорилади. Уруғни қийғос ундириб олиш учун уруғ суви берилади. Бунда сув жилдиратиб оқизилиб марзанинг тепаси қорайгунча тўхтатилмайди. Шунда тупроқ бир текис намиқиб уруғнинг ёппасига кўкариши учун шароит яратилади. Ўсимлик яхши илдиз отиб ўзини обдон ўнглаб олгунича (кеч кузгача) сувдан қолдирмайди. Шу мақсадда пиёз кузги ёғингарчилик бошлангунича ўсув даврида уруғ сувидан ташқари яна икки марта суғорилади. Кузги пиёз кўкламда апрель ойидан бошлаб, яъни ёғин-сочин тўхтагандан кейин суғорилади.

Касалликлардан сохта ун шудринг, илдиз чириш, бўғин чириш касаллигига қарши 1 фоизли Бордо суюқлиги (мис сульфати бўйича 60–80 кг/га), 10 фоизли Топаз эм.к. 0,125–0,150 л ёки Курзат н.кук. Р 2,0–2,5 кг меъёрда 600 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.

Пиёз пашшаси, тамаки трипси ва бошқа зараркунандаларга қарши курашда 1 гектарга препаратлардан 10 фоизли ДВА-три эм.к. 0,4 л, Талстар эм.к. 0,3–0,4 л, 20 фоизли Конфидор эм.к. 0,25–0,3 л ҳисобида сепилади.

Катта майдонларда бегона ўтларни йўқотишда гербицидлардан фойдаланиш мумкин. Бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларни йўқотиш учун уруғни экишгача ёки униб чиққунига қадар гектарига 50 фоизли Гезогард сус.к. гербициди 2,0–3,0 кг ёки 33 фоизли Стомп эм.к. 1,0-2,0 литр ҳисобида 400 литр сувга аралаштирилиб сепилади.

Пиёз ниҳолларида 3–4 тадан чинбарги чиққан даврида майдондаги бегона ўтларга қарши 12,5 фоизли Фюзилад супер эм.к. (1,0–2,0 л/га) ёки 20 фоизли Набу эм.к. (1,5 л/га) сепилади. Кўп йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши эса Зеллек супер эм.к. (1 л/га) ёки 12,5 фоизли эм.к. Фюзилад супер (2,4-4,0 л/га) препаратларини бегона ўтларнинг бўйи 5–10 см бўлганда сепиш тавсия этилади.

Ушбу ойда кўкат сабзавотларни экиш ва етиштриш мумкин бўлиб, кўкат сабзавотлар асосан унумдор, гумосга бой, бегона ўтлардан ҳоли, сув билан яхши таъминлан майдонларда етиштирилади.

Укроп уруғларини жанубий ҳудудларда: 1-10 сентябрь, марказий минтақаларда 10-20 августгача экиш лозим. Укроп уруғи полларга сепилади ва уруғ сарфи 10–12 кг/га. Экиш учун Ором, Анет, Алигатор, Харковская–85 навлари тавсия этилади.

Кашничдан узлуксиз ҳосил олиш учун уруғи қуйидаги муддатларда сепилади: ёзгиси 15–20 июнь, ёзги-кузгиси 15 август. Пол қилиб сепилганда уруғ сарфи 8–10 кг/га. Экиш учун Орзу, Янтарь навлари тавсия этилади.

Петрушканинг Нилуфар, Сахарная, Новас навларининг уруғи 10 июлдан 10 августгача сепилади. Уруғ сарфи 5–6 кг.

    Ш.Аминов, Е.Лян, Ф.Расулов 


Report Page