Ахолини сифатли нон билан таьминлаш - мухим масала


Бухоро вилоятида карантин кунларида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, нон ва нон маҳсулотларига бўлганэҳтиёжи тобора ортаётгани ҳам бор гап. Пандемия шароитида ҳокимият томонидан ажратилган фонд бўйича ун ҳамда нон маҳсулотларининг нарх-навоси Бош прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан мунтазам назорат қилиб бориляпти. 

Навбатдаги тезкор тадбир жараёнида Бухоро шаҳридаги “Олтин бошоқ” МЧЖда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ушбу корхона сертификатида ҳар бир қолипли нон 500 грамни ташкил этиши алоҳида кўрсатиб қўйилган. Афсуски, назорат тариқасида ўлчаб кўрилганда ҳар бир қолипли нон 475 граммни ташкил этди. Ушбу корхона ҳокимият томонидан бир ойда 26 тонна ун маҳсулотини имтиёзли нархларда сотиб олганига нима дейсиз?

Ойбек брусчатки МЧЖда нон ишлаб чиқариш санитария қоидаларига умуман эътибор қаратилмаганлиги, тайёрланган хамир очиқ ҳолатдалиги, ходимларнинг иш халатисиз ишлаётганлиги, тозалик ва озодаликка риоя этилмаётганлиги яққол кўзга ташланди. Мазкур Корхона раҳбари иштирокида нонлар давлат стандартлари асосида тайёрланаётганлиги текширилди. Таассуфки, сертификатда 600 грамм бўлиши белгиланган. Аммо нонлар ўлчанганда 450 грамни ташкил қилди. Ҳақиқат олдида ҳеч қандай важ ва бахона тош босмаслигини барчамиз яхши биламиз. Бир ойда 13 тонна имтиёзли ун олаётган раҳбар наҳотки шуни англаб етмаган бўлса?

Худди шунингдек, Масторум саркор МЧЖда ҳам бу каби сансоларлик, кўпнинг ҳақига хиёнат қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлиш мумкин.

Вилоятнинг олис туманларидан бири Пешкўдаги "Боғи Мусо ширин нони" корхонаси ҳокимият томонидан имтиёзли нархларда бир ойда 10 тонна ун маҳсулортлари олади. 1 кунда эса 800 донадан кўпроқ нон маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Назорат тартибида ўлчаб кўрилганда 500 грамм ўрнига 475 грамм нонлар ишлаб чиқарилаётганлиги аниқланди. Корхона раҳбари бу камчиликни ҳароратнинг юқорилиги билан хас-пўшлашга уринди. 

Мазкур тумандаги яна бир корхона "Нон ва мазали ширинликлар" оилавий корхонасида назорат тадбирлари давом эттирилди. Ушбу масканда 3 тонна имтиёзли нархларда ун маҳсулотлари қайта ишланади. Бир кунда 300-500 дона нон ишлаб чиқарилади. Ҳар бир донаси 1500 сўмдан сотилаётган нон маҳсулотлари назорат тартибида тарозида ўлчаб кўрилганда 450 граммга тенглиги ойдинлашди.

Шунингдек, Олот туманидаги "Комил ташаббус" хусусий корхонаси ҳамда Ромитан туманидаги "Ширмой нон" МЧЖларида ҳам худди шундай камчиликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланди.

Вобкент туманидаги "Вобкент нон ва қандолотлари" хусусий корхонасида ҳам ўрганишлар олиб борилди. 1 ойда ҳокимият томонидан 15 тонна имтиёзли равишда ун маҳсулотларини олаётган корхона аҳолига нон тайёрлаб етказиб беряпти.

Ғиждувон туманидаги "Муштарийбегим Мафтуна орзуси" МЧЖ ўмариб қолишда халқ ҳақини ўйлаб ўтирмаган кўринади. Бу ердаги қолипли нонлар оғирлиги назорат тартибида ўлчаб кўрилганда 350 грамни ташкил этди.

Ачинарлиси, мазкур корхонада санитария ва тозалик ишлари ҳам талаб даражасида эмас. 1 ойда 20 тонна имтиёзли нархларда ун олган корчалон раҳбар ҳалолликни бутунлай унутганга ўхшайди.

Юқорида айтиб ўтилган корхона раҳбарлари белгиланган тартибда ва нормада нон маҳсулотларини ишлаб чиқариб, аҳолига асоссиз равишда нархларни оширмасдан етказиб беришлари борасида ҳам огоҳлантирилди.

Албатта ҳар бир фаолиятда қонунийлик, одамийлик ва инсоф унутилмасагина инсон баракага эришади. 

Департаментнинг Бухоро вилоят бошкармаси


My Life


Report Page