...

...

@AGROBLOGER

Жорий йилнинг 20 июль куни Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган пахта-тўқимачилик кластерлар раҳбарлари ва фермерлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

“Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти раиси Н.Отажонов, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи бош директори М.Бойқувватов, академик Р.Матжонов, Тошкент давлат техника университети профессори А.Садриддинов ва бошқалар қишлоқ хўжалиги машинасозлиги саноати охирги йилларда ачинарли аҳволга келиб қолгани, уни ривожлантириш учун кўп вақт ва имкониятлар бой берилгани, бир пайтлар ушбу тармоқнинг мақтанса арзигулик тарихи бўлгани, бугунги кунда соҳа вакиллари, олимлар олдига қишлоқ хўжалиги машинасозлигини тубдан қайта ташкил қилиш вазифаси қўйилганини таъкидлади.

Тизимдаги корхоналар йилига 26 минг дона техника ишлаб чиқариш қувватига эга бўлса-да, ўтган йили “Ўзагротехсаноатхолдинг” корхоналари томонидан 11,5 минг дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилган холос. Жорий йилнинг биринчи ярмида 3 минг дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилди ва бу рақам ўтган йилгига нисбатан 50 фоиз кам.

“Ўзагролизинг” АЖга жорий йилнинг олти ойида 2 минг 374 дона техникага буюртмалар келиб тушган, уларнинг маълум қисми бажарилмади. Ички бозорда юртимизда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникасининг улуши 80 фоизни ташкил қилса-да, маҳаллийлаштириш даражаси ўртача 25 фоиздан ошмаётир. Ишлаб чиқарилаётган техника воситалари нархи ҳам хориждаги бошқа турдош корхоналарники билан рақобат қилолмайди.

Мулоқотда локализация даражасини ошириб, импортни қисқартириш мақсадида Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида 5 та корхона ташкил этиш режалаштирилгани, айни пайтда ҳамкорлар билан ушбу корхоналарни ишга тушириш юзасидан изчил иш олиб борилаётгани таъкидланди.

Тадбирда фермернинг маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича фикр-мулоҳазалари, таклифлари эътиборга олинадиган бўлди. “Мирзакаримов Тешабой” фермер хўжалигига замонавий техника совға қилинди. Фермер хўжаликлари ва кластерлар “Ўзагролизинг” ва “Ўзагромашсервис” акциядорлик жамиятлари билан техникани лизингга бериш ва жойларда уларга хизмат кўрсатиш бўйича шартномалар имзолади.


Манба: Вазирлик матбуот хизмати

@AGROBLOGER

Report Page