...

...

AGROBLOGER

Фитофтороз деҳқонларнинг энг ашаддий душманларидан биридир. Бу касалликдан энг кўп зарар кўрадиган экинлар: помидор, картошка ва қулупнайдир. Фитофтора тупроқ, тугунаклар, уруғлар орқали жуда тез ва осон тарқалади.

Бу касалликнинг асосан иссиқхонада етиштириладиган помидорларнинг аксариятида пайдо бўлиши бир қатор сабаблар билан ифодаланиши мумкин:

-     Ҳавонинг юқори намлиги;

-     пасайган ҳарорат;

-     кундузги ва кечки ҳарорат орасидаги кескин фарқ;

-     тонгги шудринг.

Фитофтора профилактикаси

Ўсимликлар касалланмаслиги учун замбуруққа қарши энг аввало профилактик ишларни олиб бориш лозим: иссиқхонани шамоллатиб туриш, экинларни кўздан кечириб туриш, тупроқни кузда ва баҳорда зарарсизлантириб туриш.

Бироқ агар сиз баргларда кулранг-қўнғир доғларни пайқаб қолсангиз, дарров чора кўриш керак бўлади. Чунки бу, экинларнинг фитофтора замбуруғи билан зарарланишининг илк аломатларидир. Ўз вақтида унга қарши кураш олиб борилмаса, замбуруқ бутун ҳосилни барбод қилиши мумкин.

Фитофтороз билан зарарланишнинг илк аломатларида помидор палакларини сут, йод ва хамиртуруш аралашмаси ишлов бериш тавсия этилади.

Фитофторага қарши сут, йод ва хамиртуруш аралашмасини тайёрлаш усули

Бу аралашмани нафақат замбуруққа қарши курашишда, балки уни профилактикасида ҳам ишлатиш мумкин. Ушбу аралашманинг самарадорлиги кўп йиллар давомида деҳқонлар томонидан текширилган.

Аралашмани тайёрлаш учун керакли нарсалар:

- 1 литр сут;

- йод;

- бир пакетча қуруқ хамиртуруш (ачитқи);

- бир челак сув;

- озроқ суюқ совун.

Сутда хамиртурушни эритиб, ярим кунга дам берамиз. Кейин дамламага 15 томчи йод ва озроқ суюқ совун қўшамиз. Ҳосил бўлган қоришмани бир челак сувда аралаштирамиз.

Аралашма тайёр. Бу аралашма билан помидорларга эрталаб ёки кечки пайт, қаттиқ иссиқ бўлмаган вақтда ишлов бериш лозим. Процедурани 10-12 кун оралиғи билан 2-3 марта амалга оширган маъқул.

1-расм. Фитофторага қарши сут ва йод билан помидорга ишлов бериш

Фитофторага қарши сут ва йод билан помидорга ишлов беришнинг устунликлари

Биринчидан, бу табиий ва хавфсиз восита. Иккинчидан, аралашма жуда тез тайёрланади. Учинчидан, қиммат турмайди. Тўртинчидан эса, керакли барча малзамалар қулай топилади.

- Сут - ўсимлик баргларини ҳимоя пардаси ҳосил қилиб, ўраб олади. Шу билан замбуруқ, бактерия ва микроблар тушишига қарши тўсиқ бўлиб хизмат қилади. Сут ўрнига зардоб, қатиқ ҳам ишлатса бўлади. Гап шундаки, замбуруқлар нордон муҳитни севмайди. Шунинг учун фитофторани йўқотиш учун деярли ҳар қандай сут маҳсулотини қўлланиш мумкин.

- Хамиртуруш - помидор иммунитетини кучайтиради. Фойдали замбуруқлар ўсимликларга жойлашиб, касаллик келтириб чиқарадиган замбуруқларнинг ҳужумига қаршилик кўрсатади.

- Йод - жуда яхши зарарсизлантирувчи воситадир. У экинларни микроб ва бактериялардан ҳимоя қилади. Бундан ташқари, йод ўсимликларнинг умумий иммунитетини оширади, фойдали микроэлементларнинг ўзлаштирилишини осонлаштиради.

- Суюқ совун - аралашманинг баргларга яхшироқ ёпишиши учун керак.

Мана шундай оддий аралашма иссиқхонадаги помидорларда фитофторанинг ривожланишини олдини олишда ва ҳатто уни енгишда ёрдам беради.


@AGROBLOGER канали

 sadoezh.ru

dehqon.uz

Report Page