...

...

AGROBLOGER

Республикамиз қишлоқ хўжалиги экинларининг ўн мингдан ошиқ зараркунандалари бўлиб, улар боғ ва томорқалар учун ҳам катта зарар етказади. Боғ зараркунандаларига қарши самарали кураш, ундан юқори ҳосил олиш гаровидир.

Анорзорлар учун энг хавфли ҳашарот бу - КОМСТОК қуртидир. Бу зараркунандани таниқли олим П.П. Архангельский 1939-йил таърифлаб берган. Комсток қурти анорнинг гулкосаларига ўрнашиб олиб, ўша ерга тухум қўяди. Натижада анор меваси ифлосланиб, сифатсиз бўлиб қолади. Қурт йилига уч бўғин бериб ривожланади. Тухум ҳолатида дарахт танаси, бутоқларининг пўстлоғи тагида ва синган тана ёриқларида қишлайди. Тухумларни тўп-тўп қилиб, пахтасимон оқ халтача ичига жойлайди, бу халтачани урғочи қуртнинг ўзи тухум қўйиш пайтида ясайди.

Биринчи бўғин личинкалар туғилиши анор дарахти қуртак ёзадиган даврга тўғри келади. Бу бир ойча давом этади.

Иккинчи ва учинчи бўғин личинкалар катта-катта тўдалар ҳосил қилади ҳамда уларнинг ҳар бири 200-600 донагача тухум қўяди.

Анорзорда мавсумнинг биринчи ярмида комсток қурти асосан анор тупларининг бачки навдалари ва бегона ўтлар ҳисобига ривожланади. Кейинчалик новдалар ва бегона ўтлар қарий бошлагач, личинкалар анор гулкосоларига ўтиб, ўша ерда тухум қуяди. Бу зараркунандага қарши курашишнинг энг самарали йўли - бутун мавсум давомида анорзорингизни бачки новдалардан тозалаб боринг. Ҳар сафар суғоришдан сўнг бегона ўт босишига йўл қўймаслик учун туплар атрофини қўлда юмшатиб чиқинг. Анор танасига тирговуч қўйиб баландроқ кўтаринг. Иложи бўлса, анорзорингиз атрофида тут дарахти, декоратив ўсимликларни бўлишига йўл қўйманг. Негаки, комсток қурти ушбу дарахтларда жуда кўп микдорда кўпаяди.

Комсток қуртига қарши химиявий курашиш учун Би-58 суюқлиги ва 2 процентли фозолон эритмаси ишлатилади. Химиявий усул икки бор ўтказилади: биринчи марта майнинг ўрталаригача, иккинчи марта бир ой ўтказиб, июн ойининг ўрталаригача, илдиз бўғзидан шохларигача пуркалади.

Қуйида биз зарарли ҳашаротларни йўқотиш учун табиий қайнатма ва захарли дамламалар тайёрлаш усулларини тавсия қиламиз.

Тамаки димламаси - сўрувчи зараркунандаларни йўқотиш учун ишлатилади. Бир кг тамаки чигитига 10 л қайноқ сув солиб, бир сутка димлаб қўйинг, сўнг сузиб олинг.

Уни пуркаш олдидан ўзидан 2,5 баравар кўп сувга солинади ва 10 л сувга 40 г совун қўшилади. Саримсоқ гўшт майдалагичдан чиқарилади ва 10 л сувга солинади. Бу димлама - турли бит ва каналар, ширларни йўқотади. Тухум қўювчи капалакларни чўчитади. Димламани анор мева туғиш олдидан тайёрлаган заҳоти ишлатинг.

Мохорка, саримсоқ ва пиёз пўстидан тайёрланган димлама - барча зараркунандаларга қарши ишлатилатилади.

200 г тамаки, 200 г майдаланган саримсоқ ва 200 гр пиёз пўсти олиниб, 10 л сувга солиб, икки соат қайнатинг. Сўнг уни совутиб, сузиб олинг. Сепиш олдидан 10 л сув ҳамда 80 гр совун қўшинг.

Исфарак (дельфиниум) димламаси - табиий ҳолда ҳамма ерда учрайди. Уруғи йиғиб олиниб, ёш шохлари барглари билан бирга қуритилади. Қуритилган ўсимлик майдалиниб, сувда икки сутка димланади. Бунда бир қиём ўсимлик 10 қисм қайноқ сувга солинади. Димлама инсон учун захарли ҳисобланиб, эхтиёт бўлиб ишлатиш керак.

Бу димламадан анор қуртлари, куялари ва бошқа зарарли ҳашаротларни йўқотиш учун фойдаланилади.

Фарғона водийси боғбонларининг ажойиб тажрибалари бор - анзур пиёзини анор ва анжир дарахти томирига яқин экилса, ўша дарахтга қурт тушмайди, ширадан омон бўлади.

Ушбу дарахтлар томири ёки мевасида қурт пайдо бўлса, пастки қисм томирлари очилгунча кавланиб, кул билан тўлдирилса, барча қуртлар нобуд бўлади. Агар анор шохи кулини сичқон ўлдирадиган дорига қўшиб, анор томирига сепсангиз, қуртлар бу дарахтга яқин келмайди. Анор мевасига қурт тушмасин десангиз анор шохларининг кули ва майин олтингугурт аралаштириб, қийғос гуллаган анор дарахти устидан пурканг.

Олтингугурт ва арра кипиғи аралаштириб, қилинган тутун анорзорингиздаги ҳар қандай қуртни даф қилади.

Анор дарахтингизни чумоли босиб кетган бўлса, гултожихўроз барги ва шохини эзиб дарахтга сепинг ёки чумоли уясининг майин тупроғига олтингугурт ва сурма аралаштириб сепинг. Бирорта чумоли ва бошқа қурт-қумурсқа омон қолмайди.

Агар анор мевасини қушлар тешса, ошқовоқ барглари ва шохини анорнинг устига илиб, қўйинг, кушлар яқин келмайди. Кейинги йилларда айрим боғбонлар зараркунандаларига қарши биологик усулда кураш йўлларини тадбиқ этиб, самарали натижаларга эришмоқдалар.

Ғўза зараркунандаларига қарши ишлатилаётган трихограмма, хабробракон ва олтинкўздан анорзорингиз учун фойдалансангиз ширалар, бит ва каналар, турли қуртлар таҳдид қилиб турганда муҳим самарага эришасиз.

Трихограмма капалаклар тухумининг кушандаси бўлиб, 70 дан ортиқ ҳашаротлар тухумларида ривожланади. Уни боғингизга апрел ойидан зараркунандалар тухум қўйишга киришган вақтдан бошлаб тарқатинг.

Хабробракон турли хил қуртларни камайтиришда катта ёрдам беради.

У ўрта ва катта ёшдаги қуртларни зарарлайди. Боғингиз атрофида полиз ва сабзавот ёки маккажўхори бўлса, браконни кўпроқ тарқатинг. Урғочи бракон 500 метр атрофга тарқалиб, 150-300 та қуртни чақиб зарарлайди. Шол бўлган қуртлардан 8-10 кунда бракон ривожланиб чиқади.

Анор зараркунандаларини йўқ қилиш учун олтинкўздан фойдаланиш ҳам самара беради.

Олтинкўз анорнинг барги қалин салқин жойига тухум қўяди. Оқ рангли, юмалоқ, пилла шаклидаги тухумдан 4-5 кун ичида личинка чиқиб, 30-40 кун яшайди ва ҳаёти давомида 250-300 тагача тухум қўяди.

Бир кунда 7-30 тагача умри давомида 500-600 та ҳашаротни нобуд қилади. Бир йилда 4 -5 авлод берадиган бу ҳашарот боғларимиз учун қанчалик катта фойда келтиришини энди тасаввур қилиб кўринг.

Айрим боғбонларимиз катта маблағлар сарфлаб, турли захарли химикатларни анорзорлари узра пуркамоқдалар.

Яхшиси, ҳамёнингизни бўшатманг. Бизнинг номимиздан ёзилган ва ота- боболаримиз қилиб келган юқоридаги яхши амалларни ўз боғингизда синаб кўринг. Худо хоҳласа, албатта яхши натижаларга эришасиз.


@AGROBLOGER канали

Неъматов. "Анорчилик сирлари". 

dehqon.uz


Report Page