...

...

AGROBLOGER

Бошқа жойларда қандай, бизга қоронғу, аммо Самарқанд шаҳридаги бозорларда қора кишмиш сотаётган сотувчи борки, узум Қўшработники, деб туриб олади. Узумни фарқлайдиган харидор ҳам бозор тўла мева бўлса-да Қўшработдан келтирилганини излайди. Сабаби аён – Қўшработнинг кенг дала-даштида донаси тилни ёрар даражада пишиб етилган узум ёки майизнинг таъми ростдан ҳам ўзгача, бошқалардан фарқланиб туради.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда туманда мавжуд 7877 гектар токзорнинг 4300 гектари аҳоли томорқалари ҳисобига тўғри келади. Ҳозирда бу майдонларнинг аксарияти ҳосилга кирган.

 Шу кунларда Қўшработ токзорларида етиштирилаётган узумнинг олди бозорларда, эл дастурхонида кўриниб қолди.

– Бизнинг лалми ерларимизда ток энг сердаромад экин ҳисобланади, – дейди Қўрғон маҳалласидаги “Олтин Ниҳол” фермер хўжалиги раҳбари Олтинбой Ниҳолов. – Ҳар бир хонадоннинг камида 30-40 сотих томорқасида узум боғи бор. Бундан ташқари, деҳқон хўжалиги ташкил қилиб ёки фермер бўлиб бир неча гектарда узум етиштираётган деҳқонлар ҳам кам эмас. Токзор ташкил этганларга субсидия берилиши натижасида икки-уч йилдан буён бундай хўжаликлар кўпайиб қолди. Ўзим ҳам ўтган йил 35 гектар ер олиб ушбу фермер хўжалигини ташкил этдим. Асосий фаолиятимиз узумчилик бўлгани учун, энг сара навларни танлаб экдик. Жумладан, 5 гектар ерда “Сирлибой” навли кишмиш етиштиряпмиз. Бу навни қўшни қишлоқдаги Сирлибой ака яратган. Сирлибой узуми ёки майизи, десангиз ҳамма танийди. Донаси катта-катта, майизбоп узум. Ўз вақтида ишлов бериб, озиқлантирсангиз бир боши 0,5 килограмдан 7 килограмгача тош босади. Узум ҳолида ҳам жуда харидоргир. Уни парваришлашда кўпроқ меҳнат талаб қилинади. Лекин даромади яхши, бир кило майизни 150-180 минг сўмгача сотиш мумкин. Шунинг учун ушбу навдан экиб, кўпайтираётганлар кўпчилик. Биз ҳам аввалги йилги ток кўчатларимиздан қаламча олиб, яна 15 гектарда “Сирлибой” экмоқчимиз.




 Шу йилнинг 7 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда узумчиликни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлардан келиб чиқиб, туманда уч минг гектар майдонда экспортбоп янги узумчилик плантациялари ташкил этилади.

 – Янги токзорларнинг 50 гектари эски самарасиз токзорларни реконструкция қилиш, 2250 гектари лалми ерларни ўзлаштириш ҳисобига, 700 гектари эса маҳаллаларни ихтисослаштириш орқали аҳоли томорқасида яратилади, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Мухтор Қувондиқов. – Туманимизда сув муаммо эканлиги эътиборга олиниб, янги узумзорларда тўлиқ томчилатиб суғориш технологияси қўлланилади. Соҳага илм ва инновацияни кенг жорий этиш орқали ҳосилдорликни икки баравар ошириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, янги, истиқболли соҳа бўлган “энотуризм”ни ривожлантириш учун зарур инфратузилма яратилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу ишларни амалга ошириш учун 4 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилади. Асосийси, 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни очилади.

Хонадонларда узумчиликни ривожлантириш асосий драйвер сифатида танланиб, маҳаллалар узум етиштиришга ихтисослаштирилади ҳамда 1197 та хонадонда қўшимча 100 гектар томорқада янги токзорлар барпо этилади.

Бу йил тумандаги мавжуд токзорлардан 37 минг 440 тонна узум олиш кутилмоқда. Ҳосилнинг 15 минг тоннаси қайта ишлашга, 21 минг тоннаси узум ҳолида экспортга, 1310 тоннаси ички истемолга йўналтирилади.

 

 Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page