...

...

FERMER

Президентнинг 2021 йил 2 февралдаги «Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида шоличиликда илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш ҳамда ушбу турдаги маҳсулотни етиштиришда сув тежайдиган технологияларни кенг қўллаш вазифалари белгилаб берилди.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги тажриба майдонида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти томонидан шоли етиштиришда ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда.

—«Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитларида шоли етиштиришда сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш» лойиҳаси асосида ҳудудда шоли етиштиришда сув билан бирга бошқа ресурслар тежалиши ҳам кутилмоқда, — дейди Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти таянч докторанти Ерлан Ботирбаев. — Жумладан, йиллик сув сарфи миқдори тупроқ-иқлим шароитига ва навларни биологик хусусиятига мос равишда 60-70 фоизгача, уруғлик сарфи 40 фоизгача, кимёвий минерал ўғитлар 15-20 фоизга, бегона ўтлар ва касалликларга қарши фойдаланадиган гербицидлар 30 фоизга иқтисод қилинади. Ёмғирлатиб, томчилатиб суғориш орқали экилган уруғларнинг унувчанлиги 40-50 фоиздан 70-80 фоизгача ортади ва шоли 25-30 кун эрта пишади. Ҳосилдорлик 40-50 фоизгача ортади.

Нукус туманидаги 1,5 гектар тажриба майдонида шолининг «Гулистон» нави экилган бўлиб, ҳозирда шоли майдонининг бир қисмига ёмғирлатиб, бир қисмига томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилган. Айни кунлар шоли ривожи баравж ва мутахассислар тавсиясига кўра тежамкор технологиялар асосида суғориш ишлари олиб борилмоқда.


Ғ. Отажонов, xs.uz

FERMER канали

Report Page