...

...

AGROBLOGER

Андижон вилоятидаги Қўрғонтепа туманида иссиқхона шароитида аэропоника усулида уруғлик картошка етиштиришни йўлга қўйиш бўйича қиймати 5 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунинг учун 1,5 гектарлик иссиқхона қурилди, ҳозирги кунда монтаж ишлари олиб борилмоқда, деб хабар берди EastFruit мутахассислари.

«Аэропоника усули, таъбир жоиз бўлса, ҳавода ҳосил етиштириш деганидир. Бунда картошка тупроқ ёки сувда эмас, балки, ҳавода муаллақ ҳолатда парваришланади. Унга керакли озуқа пуркаш орқали етказиб берилади. Натижада вируссиз ҳосил олиш имкони яратилади. Қолаверса, ҳосилдорлик уч баробарга ортади. Бир гектар майдондаги иссиқхонада Фарғона водийси вилоятлари учун уруғлик картошка етиштирилади. Бунда бир йилда тўрт марта ҳосил олиш мумкин. Биринчи босқичда 3 минг гектар майдонга етадиган уруғлик олишни режалаштирганмиз», – дейди “Оrganik sits” МЧЖ раҳбари Ойбек Тўрақулов “Халқ сўзи” нашрига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, EastFruit 2021 йилнинг декабрь ойи охирида Жанубий Кореялик мутахассислар гектарига 35 тоннагача ҳосил олиш имконини берувчи ва Ўзбекистон тупроғи ҳамда иқлимига тўлиқ мослашган юқори ҳосилдор уруғлик картошка тақдимотини ўтказгани ҳақида ёзган эди. Ушбу уруғлик картошка етиштириш учун Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида “Асл табиат боғлари” ва Жанубий Кореянинг GS-BIO компаниялари негизида 10 гектарлик махсус иссиқхона ташкил этилган.

2022 йилнинг январь ойи бошида EastFruit польшалик инвесторларнинг Ўзбекистонда уруғлик картошка етиштириш лойиҳасини амалга оширишга тайёр эканини маълум қилган эди. Лойиҳа қиймати 11,5 миллион долларни ташкил этади. Польша томонидан ҳамкорлар сифатида “Польша-Ўзбекистон” савдо-саноат палатаси, Ўсимликларни иқлимлаштириш ва етиштириш институти Картошка маркази, “Zamarte” уруғлик картошкасини етиштирувчи маркази иштирок этиши режалаштирилган эди. Лойиҳа in vitro лабораторияси ва уни энг янги технологиялар билан жиҳозлаш, совутиш мосламалари, шунингдек, 5 гектар майдонга эга иссиқхона ва умумий майдони 1000 кв.м.лик совутгич бинолар қуришни назарда тутади.


EastFruit

AGROBLOGER канали

Report Page