...

...

AGROBLOGER

Жиззах вилояти ҳокимлиги кимни алдамоқда: Бахмалда фермерларнинг ерлари олиб қўйилишига президент қарорининг алоқаси йўқ!

Kun.uz сайти мухбирлари Бахмал туманида фаолият кўрсатаётган фермерлар мурожаатига асосан мазкур туманда бўлиб, журналист суриштируви ўтказди. Ўрганиш натижаси ўлароқ «Бахмалда фермерларнинг ери товон тўланмасдан итальянларга берилмоқда: депутатлар кимнинг фойдасига қўл кўтаришган?» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

18 июль куни Жиззах вилояти ҳокимлиги расмий веб-сайтида ушбу мақолага раддия билдирилди.

Раддияда «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 апрелдаги «Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4670-сонли қарорига мувофиқ «BMB-TRADE GROUP» компанияси ва Италия давлатининг «OPERA SRL» компанияси ҳамкорлигида Бахмал туманида «BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Италия қўшма корхонаси ташкил этилгани, ушбу қўшма корхона 2020-2022 йилларда доривор ўсимликларни етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчилар рўйхатига заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси ташаббускори сифатида киритилгани айтилади.

Эътибор қилинг, юқорида тилга олинган Президент қарорида асосий турдаги доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослаштириладиган ҳудудлар рўйхати ҳам эълон қилинган. Таассуфки, мазкур рўйхатга кўра Жиззах вилояти, хусусан Бахмал туманида аччиқ эрмон, доривор лимонўткатта зубтурумқалампир ялпизқизил зиркбўймадаронжағ-жағола ўтСамарқанд бўзночитиканли ковулТуркистон арслонқуйруғи, дўланаси экиш кўзда тутилган.

Ҳужжатнинг бирор бандида ЗАЪФАРОН ҳақида гапирилмаган!

Демак, бу ерда Бахмал туман ҳокимлиги энг камида Президент қарорини бошқача талқин қилиб, ундан бошқа мақсадда фойдаланмоқда.

Президент қарорига кўра, Жиззах вилоятида умуман заъфарон экиш кўзда тутилмаган бўлса-да, нега вилоят ҳокимлиги бу лойиҳанинг тепасида турибди? Нега аниқ келтирилган рўйхатдан четга чиқилган? Жиззахда фермерларнинг ери олиниб, заъфарон экилаётганидан Ҳукумат ва бошқа расмий идораларнинг хабари борми?

Раддияда Kun.uz га интервью берган учта фермер хўжалиги деярли ноқонуний фаолият кўрсатаётгани, ерни ташлаб қўйгани, электр энергиясидан қарздорлиги ва иш ўрни кам яратгани айтилмоқда. Бундан ташқари, «BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ қўшма корхонаси фаолиятини бошласа, фермерларга қараганда бир неча баробар давлатга солиқ тушумлари ортиши маълум қилинган.

Бизга бу маълумотлар тақдим этилган бўлса-да, мақолада фойдаланмаганимиз айтилмоқда. Ваҳоланки, Бахмал туман ҳокимлигидан таҳририятга атиги иккита ҳужжат тақдим этилди. Бири – халқ депутатлари туман кенгашининг 2020 йил 7 апрелдаги қарори. Эътибор беринг, бу қарор раддияда асос қилиб кўрсатилаётган Президент қарори қабул қилинишидан 3 кун аввал чиққан! Унда туманнинг «Тонготар» массивидаги 400 гектар ер, хусусан мурожаатчи фермерларнинг ери захирага қайтариб олиниши кўзда тутилган.


Иккинчи ҳужжат эса, Бахмал туман ҳокими М.Анорбаев жорий йилнинг 27 майида имзолаган баённома бўлиб, бу «ҳужжат»да ҳам ҳокимлик ўзини оқлаш мақсадида «фойдаланаётган» президент қарори ҳақида лом-мим дейилмаган.

Мақолада ҳар иккала ҳужжат ҳам тилга олинган ва улар туман раҳбарларининг сиёсий иродаси билан амалга оширилишига эътибор қаратганмиз.

Қолган «тақдим қилинди» дейилаётган гапларнинг ҳаммаси ҳоким ўринбосарининг оғзаки жавоблари, холос. Ва у ҳам бўлса видеолавҳада жойлаштирилган. Фермерларнинг суст ва самарасиз ишлаётгани ҳақида Бахмал туман фермерлар кенгашининг хулосаси сўралганда, бу ҳужжат тақдим этилмаганини тасдиқловчи видео ва аудио ёзувлар Kun.uz да мавжуд.

Бундан ташқари, Жиззах вилояти ҳокимлиги сайтида эълон қилинган раддияда фермерлар фойдаланиб келган электр энергияси билан таъминловчи 0,4 кВ қувватда ишловчи электр узатиш тармоғи мутлақо хавфсизлик қоидаларига жавоб бермаслиги айтилган. Бу Бахмал туман электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан ўтказилган мониторингда аниқланибди.

Қизиқ, электр узатиш тармоғининг талабга жавоб бермаслиги фермернинг ерини тортиб олишга асос бўлиши мумкинми? Унда нега ишлатилган электр энергияси учун йиллар давомида тўлов қилиндию, «Э, бу ёқда артезиан, трансформатор борми, фермерлар даласига сув оляптими» деб биров сўрамади?

Яна бир гап. Аслида, фермерлар аллақачон бу ҳудудда артезиан қазиш, электр энергияси тортиб келиш ва қонун доирасида ишлаш учун ҳужжатларини тайёрлаб бўлган. Ўнлаб ташкилотларга тўловини қилиб, экспертиза хулосасини ҳам олиб қўйган.







Муаммо шундаки, бу ҳужжатларни Бахмал туман ҳокими тасдиқлашни истамаган, холос.

«Ушбу ер майдонларида фаолият олиб бораётган 38 та фермерлардан 35 таси истиқболда амалга оширилаётган лойиҳани қўллаб-қувватлаб, қўшма корхона фаолияти ривожлантирилиши учун ўз ҳиссасини қўшишини билдириб, ўз ташаббуси билан ер ижара шартномасини бекор қилишни сўраган» дейилади Бахмал тумани ҳокимлиги муносабатида.

Биз аввалги мақоламизда ҳам яна ўнга яқин бахмаллик фермерлар ери ноқонуний тортиб олинаётганидан норози эканини маълум қилгандик. Бу лойиҳа фақатгина учта – «Шаҳбоз-Жавоҳир», «Жўрабек-Достон даласи» ҳамда «Нигора Тоғаева» фермер хўжаликларнинг муаммоси эмас.

Айни вақтда бизда яна заъфарон экиш лойиҳаси билан «Бахмал чашмаси», «Дониёров Абдуваҳоб», «Шерзодбек Усанов», «Юсуфбек Диёри», «Аввалбоев Акбаржон» каби ўндан ортиқ фермер хўжаликларнинг ери тортиб олинаётгани тўғрисида мурожаат бор. Буни қарангки, уларнинг барчаси 2019 йилда оптималлаштирилган. Туман ҳокими М.Анорбаевнинг имзоси билан улар қайта расмийлаштирилган, самарали ишлашига ишонч билдирилган. Мана, бир йил ўтмасдан, фермерлар ҳосилини йиғиб олмасдан туриб «самарасиз, ноқонуний ишлади», каби баҳоналар билан ер олиб қўйиляпти.





Энди холис ўйланг. Бунақада ким фермерлик қилади, ким ишонч билдириб ерга маблағини тикади? Биз бўлса, инвесторларнинг йўқлигидан нолиймиз...

Яна бир муҳим маълумотга эътибор қаратинг: давлат раҳбарининг 2020 йил 10 апрелда имзолаган қарорида доривор ўсимликлар кластерларига ер майдони доривор ўсимликлар етиштиришга мос бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга ажратилмаган ва қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан, захирадаги ерлардан, шунингдек, лалми ва ўрмон фонди ерларидан ажратилади дейилган.

Мана шунинг ўзи ҳам Бахмалдаги бу фермерларнинг ерлари тортиб олинаётганлигида йирик коррупция ҳолати мавжуд эканлигига ишора қилмаяптими?

Раддиядаги энг кулгили ҳолат – Бахмалда 38 та фермер хўжалиги айни кунларда 51 та иш ўрни яратган, «BMB-OPERA ZAFFERANO» МЧЖ 200 нафар доимий ва 3500 нафар мавсумий иш ўрни яратади, деб даъво қилинмоқда.

Холбуки, шу сайтда 20 май куни эълон қилинган мақолада, «BMB Trade Group» компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов «Лойиҳанинг қиймати 25 миллион еврони ташкил этиши, лойиҳа ишга тушиши натижасида 800 та доимий, 20 мингга яқин мавсумий ишчи ўрни яратилишини»ни айтган.

Қаранг, икки ойда яратилажак ишчи ўринлар сони шунчага камайибди. Балки заъфарон экилгунча яратиладиган ишчи ўринлар янада камаяр... ва ҳозир бахмаллик фермерлар яратган ўша кам сонли иш ўринларидан ҳам камроқ бўлар! Нега ҳали йўқ, мавҳум нарса билан мақтанаяпти вилоят расмий сайти?

Хулоса ўрнида: раддияда Жиззахда заъфарон экилиши Президент қарорида кўрсатиб ўтилган, дейилган катта иддао бор. Ваҳоланки, асло ундай эмас! Фермерлар эса ҳокимлик таърифланганидек «олабўжи» эмаслиги ҳам аён бўлмоқда. Камига, доривор ўсимликлар кимнингдир обод қилган ерида эмас, захирадаги, лалми ва ўрмон ҳудудларда экилиши белгилаб қўйиляпти.

Бахмалдаги вазият эса жиддий. Буни вилоят ёки туман ҳокимлиги ихтиёрига ташлаб қўйиш – мавжуд қонунларнинг оёқости бўлишига, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари янчилиб, ер билан яксон қилинишига олиб келади.

Вазият Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва бошқа масъул идоралар томонидан ўрганиб чиқилиши зарур.

Қолаверса, бу машмашаларни Италиядаги ҳамкор – «OPERA SRL» компанияси билармикан? Қани, демократик қадриятларга сажда қиладиган итальянларга ҳам Ўзбекистонда мана шундай ҳамкорлар керак эканми?


@AGROBLOGER канали

Исомиддин ПЎЛАТОВ,

Kun.uz мухбири


Report Page