...

...

@AGROBLOGER

Мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигига инновацион технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ҳақиқий аҳвол таҳлили мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва хорижий давлатларга экспорт қилишда иссиқхона хўжаликларининг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланишга тўсқинлик қилаётган муаммолар сақланиб қолаётганидан далолат бермоқда. Хусусан, иссиқхона комплекс­лари ишлаб чиқариш буйича замонавий қувватларнинг мавжуд эмаслиги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ускуналарни хориждан келтиришга мажбур қилмоқда, бу эса уларга сервис хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ муаммоларга ҳамда катта миқдорда куч ва маблағ сарфлашга сабаб бўлмоқда. Ресурс ва энергия тежайдиган технологияларга асосланган иссиқхона хўжаликларини жадал ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, соҳани малакали мутахассислар билан таъминлаш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмларини ошириш мақсадга мувофиқдир.

Қарорда қуйидагилар республикамизда иссиқхона хўжалигини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланган:

• энергиянинг муқобил манбалари, энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий иссиқхона комплексларини яратиш;

• иссиқхона комплексларини улар жойлашган ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, тупроқ-иқлим шароитлари, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинлари турлари, туташ инфратузилма ва логистика объектлари, ҳудудларнинг энергия ресурслари билан таъминланиш даражаси ва иссиқхона хўжалиги самарадорлигига таъсир этувчи бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш;

• бозор конъюнктураси таҳлили асосида ва қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг замонавий усулларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқарилаётган экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотлари турларини кенгайтириш;

• иссиқхона хўжалиги соҳасида кадр­лар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат бозорида ушбу йўналишдаги малакали мутахассисларга бўлган талабни тўлиқ қондириш каби вазифаларни кўзда тутади.

Қибрай туманида Корея технологияси асосида помидор ва бодринг маҳсулотларини етиштириш бўйича Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор ўқитувчилари ва бир қатор магистратура талабалари ҳамкорлигида илмий-тадқиқот ва ўқув-тажриба ишлари олиб борилмоқда. Иссиқхонада помидор кўчатлари уч ой ичида пишиб етилиб, 7–8 ой давомида узлуксиз ҳосил беради. Корея технологияси асосида помидор етиштиришнинг афзалликлари талайгина. Бу ерда тупроқ ва гўнгдан умуман фойдаланилмайди. Шунга қарамай, ўсимликларнинг сув ва минерал озиқа моддаларга бўлган талаби ўз вақтида таъминланади. Оддий иссиқхоналарга нисбатан сув 60–70, иссиқлик эса 25–30 фоизгача тежалади. Барча агротехнологик жараёнлар гидропоника, яъни томчилатиб суғориш технологияси асосида амалга ошириляпти.

Томчилатиб суғориш тизими ёрдамида сув ва озуқа эритмалари ўсимлик илдизига тўғридан-тўғри етказилади. Тупроқдаги касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш, ерни экишга тайёрлаш, органик ва минерал ўғитлар билан бойитиш, суғориш учун эгатлар очиш, бегона ўтларга қарши кураш тадбирлари талаб қилинмайди.

Иссиқхона технологиясининг экологик муҳитга умуман салбий таъсири йўқ. Тизим автоматик тарзда компьютерда бошқарилади. Иссиқхона каркас типидаги яримайлана метал конструкцияли, тепа, ён томонлари махсус полиэтилен плёнка билан қопланган. Қуёш иссиқлиги, ҳаво ҳарорати ва намлигини назорат қилиш ҳамда тартибга солиб туриш учун махсус мосламалар ўрнатилган. Туманлатгич ускунаси ва шамоллатиш тизими ўсимликлар бир маромда ривожланишига хизмат қилади. Тўрпардалар ташқаридан зарарли ҳашаротлар кирмаслигини таъминлайди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз ўринлики, Корея технологияси асосида помидор ва бодринг етиштиришни сувтежамкор технологиялар асосида, хусусан, томчилатиб суғориш усулидан фойдаланиб суғорилганда шу кунгача қўлланилиб келаётган маҳаллий иссиқхоналарга нисбатан 60–70 фоиз миқдоргача сув тежаб қолинади, иссиқлик эса 25–30 фоизгача тежалади. Помидор ва бодринг экинларининг пишиб етилиши 20–30 кунга қисқариб, ҳосил олиш даври 50–60 кунга узаяди. Экинларнинг ҳосилдорлиги оддий иссиқхоналардагига нисбатан 2–2,5 баробар кўп бўлади.


С. Салимов,

Р. Ҳайдаров

@AGROBLOGER

Report Page