...
AGROBLOGERФарғона вилоятининг Бағдод туманилик Жамолиддин ака Қодиров эсини таниганидан буён боғдорчилик билан шуғулланади.
15 йилча аввал туманнинг дашт ҳудудида ўз исми билан аталувчи фермер хўжалигини ташкил қилган. Тан олиш керак, тош-шағалли ерда бирор бир гиёҳни ундиришнинг ўзи катта гап: ёзнинг чилласида билакдай сув отлиққаям топилмай қолади. Лекин боғбон эрта баҳорда ўз еридан 80 метрлик қудуқ қазиб, бу муаммога нуқта қўйди.
– Боғимизда шафтоли, ўрик, олма каби харидоргир меваларни етиштирамиз, – дейди Жамолиддин ака. – Шукр, бу йил ҳам кам бўлмадик, етиштирган ҳосилимиз бозорнинг олди нархларида сотилди. Анчадан бери сувсизликдан қийналардик, бир қанча кўчатларимиз нобуд ҳам бўлди. Лекин «юрган – дарё, ўтирган – бўйра» экан, бир йўлини қилиб, сув чиқариб олдик. Кўз тегмасин, ҳаракатимизга яраша барака олдик бу йил.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, Жамолиддин аканинг ўғли Абдулаҳад экин-тикин вақтида боғдаги кўчатлар остига Америкадан келтирилган ошқовоқ уруғини синамоққа экиб чиқди. Оби-тобига етказиб парвариш қилди. Мана, кеча бориб, пайкалдан дастлабки ҳосилни йиғиштириб келди. Ошқовоқмисан ошқовоқ бўптида, ўзиям. Таваккал биттасини танлаб тарозига қўйсак, 29 килодан ортиқ тош босиб турибдию!
– Қарасам, ҳар сафар кўчатларнинг таги бўш қолиб кетяпти, – дея суҳбатга қўшилди Абдулаҳад. – Кел, ўша ерларга мошми-ловиями экиб қўяй, ҳарна рўзғорга асқотади, деган ўйда уруғчилик дўконига бордим. Сотувчи чет элдан келтирилган ошқовоқ уруғини тавсия қилди. Соя-салқинга чидамли, озгина меҳр билан қаралса, «Абдуллажон»даги (шу номли бадиий фильмни назарда тутди, чоғи) ошқовоқларданам ўтиб кетади, деб қолди. Ишониб-ишонмасдан 200 та уруғ экдим, 150 таси соғлом униб чиқди. Ишонасизми, ҳар бири 4-5 тадан «бола туйди», ҳар биттаси кўз ўнгимда катталашиб борди. Кеча пайкалга борсам, озмунчаси пишиб етилибди. Айримларини икки кишилашиб кўтардик.
Жамолиддин ака ҳозир шундоққина йўл бўйида ўзи етиштирган тарвузларга қўшиб, улкан ошқовоқларни ҳам сотиб ўтирибди – килоси 2 минг сўмдан.
Жамолиддин ака бир нарсани ўйлаб қолди: бунақа ҳажмдаги ошқовоқ битта рўзғор учун катталик қилади, сақлаш ҳам муаммо. Шунга шарбат ишлаб чиқарувчи фирмалар билан шартнома тузиб олса, келаси йилдан кенгроқ майдонда етиштирса, қалай бўларкин? Жа-а яхши бўладида! Ўғли Абдулаҳад шу мақсадда келгуси йил учун деб 30 сотих ер ажратиб қўйди. Қолаверса, боғ ҳудудини айлантириб экади, дарахтлар тагига экади, эгатларга экади... Хуллас, кейинги йил учун боғбоннинг янги режалари бор.
@AGROBLOGER канали
ЎзА