...

...

AGROBLOGER

Мутахасислар вегетация даврида картошкани қуйидаги схемада (тартибда) ўғитлашни тавсия этишади:

- картошка экилгандан кейин (1-2 ҳафта ўтиб) кўкариб чиқиш даврида. Агар янги кўклаб чиқаётган картошка ниҳолларининг ўсиши сал секинлашиб, кўриниши оч-яшил тус олган бўлса, демак ўғитлаш зарурати жуда юқори эканлигини англатади;

- ғунча чиқараётган даврда ўғитлаш;

- гуллаш даврида ўғитлаш.

Одатда деҳқонлар картошка парвариши жараёнини қулайлаштириш учун ўғитлашни чопиқ ва агатни ғумбаклаш (картошка остига тупроқ тўплаш) ишлари билан бирга амалга оширишни маъқул кўришади. Ўғитлар чопиқ, культивация ва тупроқни ғумбаклашдан олдин киритилади.

Илдиздан озиқлантириш усуллари

Илдиздан озиқлантиришнинг асосий хусусияти, тупроқнинг чуқурроқ қисмига ўғитни киритиш билан ифодаланади. Картошкани озиқлантиришда тупроқнинг юзаки қисмига ўғитни киритиш тўғри келмайди. Озиқлантиришни тўғри амалга ошириш учун катта агрохўжаликларда махсус техника ишлатилади – озиқлантирувчи культиваторлар ёки тупроқ тўпловчи (окучка қиладиган) культиваторлар.

Кичик майдонлардаги картошкани ўғитлашда деҳқонлар “қозиқ остига” усулини қўллашади. Бунинг учун ариқларда (яъни қатор ораларида) 20-30 см чуқурликда учбурчак шаклида қозиқ қоқилади. Яъни, битта чуқурча 3 та тупни ўртасида жойлашиб, уларни озиқлантиришга хизмат қилади. Бу нарса озиқа илдиз тизимини куйдирмаслиги учун қилинади. Қозиқ қоқишдан сўнг ҳосил бўлган чуқурчаларга ўғит аралашмалари қуйиб чиқилади ва буғланадиган ўғитлар учиб (буғланиб) кетмаслиги учун чуқурчаларни усти тупроқ билан ёпилади.

1-расм. Картошкани “қозиқ остига” усулида ўғитлаш

Илк озиқлантириш

Илк озиқлантиришнинг вақти келганлиги одатда кўкариб чиққан ниҳолларнинг оч-яшил туси орқали маълум бўлади. Бу нарса (ниҳолларнинг оч-яшил тус олиши) палакнинг фаол ўсиш даврида азот етишмаётганлигини билдиради.

Илк маротаба қуйидаги ўғит билан озиқлантириш мумкин:

-    500 мл янги мол гўнги ва 15 г мочевина 10 л сувда аралаштирилиб, ҳар бир туп тагига 0,5 л миқдори ҳисобидан қуйиб чиқилади.

Мол гўнги ўрнига товуқ гўнгини ҳам ишлатиш мумкин. Мочевинани ўрнига аммиакли селитра ёки сульфат аммонийни ишлатиш мумкин.

Иккинчи озиқлантириш

Иккинчи озиқлантиришда азот бўлмаслиги керак. Бу даврда ўсимлик бутун кучини илдизмевани ҳосил қилиш ва уни ўстиришга беради. Ҳосилни мўл бўлиб бўлмаслиги шунга боғлиқ. Иккинчи озиқлантиришда асосан калий ва фосфор беришга урғу қилинади:

-    15 г калий сульфат, 125 мл (ярим стакан) кул ва 15 г қўш суперфосфат 10 л сувда аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашма ҳар бир тупга 0,5 л миқдорида қуйиб чиқилади.

Учинчи озиқлантириш

Охириги озиқлантириш ҳосил йиғиб олишдан камида 20 кун олдин амалга оширилиши лозим. Минерал-органик қоришма қўлланилади:

-    30 г оддий суперфосфат ва 250 мл янги мол гўнги 10 л сувда аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашма ҳар бир тупга 0,5 л миқдорида қуйиб чиқилади.

Юқорида тавсияларимиз асосан кичик майдонда етиштирилаётган картошкаларни ўғитлашда қўл келади.


@AGROBLOGER канали

1. bezogoroda.ru

2. ogorod.ru

3. plodovie.ru

dehqon.uz

Report Page