...

...

FERMER

Маълумки, мамлакатимизда лалмикор экин майдонлар 750 минг гектардан ортиқни ташкил этади. Лалми майдонлар деҳқончилиги янги техника ва технологияларни, қурғоқчиликка чидамли экинлар навларини жорий қилиш орқали янада ривожлантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Полиз экинлари қурғоқчиликка чидамлилиги билан оддий экинлардан ажралиб туради. Шу сабабли уларни иссиқ иқлимли тоғолди ҳудудларида суғормасдан етиштириш мумкин. Ўзбекистонда лалми шароитда кўпроқ тарвуз экилади. Лалмикор ерларда қовун етиштириш даражаси тарвуз етиштиришга қараганда паст. Ваҳоланки, бугунги кунда лалмикор полизчиликни ривожлантириш жуда муҳим, чунки суғорилмайдиган экин майдонида етиштириладиган мевалар таъми суғориб етиштирилган меваларга нисбатан ширинроқ бўлади, тоғолди ҳудудларда полиз экинлари етиштириш бирмунча кенг тарқалган, шунингдек, лалмикор полизчиликда экинликларда касалликларга чалиниш ҳолатлари кам кузатилади. Лалмикор полизчилик Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида кенг тарқалган. Мамлакатимизда лалми ер майдонларини 30-40 минг гектарга, олинадиган полиз маҳсулотининг ялпи ҳосилини 150 минг тоннагача етказиш имкониятлари мавжуд. Бу имкониятлардан тўла фойдаланиш аҳолининг полиз маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда муҳим омил ҳисобланади. Полиз экинлари навлари лалмикор полизчиликка ҳар хил мослашиб, турлича натижа беради. Тарвуз ўсимлигининг илдизи тупроқда чуқур жойлашгани сабабли, бу экиннинг ламикорликка мослашишини таъминлайди. Самарқанд вилояти лалмикор экин майдонларида тарвуз етиштириш жуда кенг тарқалган. Ҳолбуки, вилоятимиз ҳудуди лалмикор экин майдонлари қовун етиштиришга етарли даражада мос келади. Самарқанд давлат университети биология факултети магистри Дурдона Эргашева “Лалми шароитда етиштириладиган қовуннинг физиологик кўрсаткичлари ва ҳосилдорлигига баргдан озиқлантиришнинг таъсири” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Илмий раҳбари ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси профессори Акмал Санақулов.

– Ўзбекистонда ҳозирги вақтда қовуннинг 160 дан ортиқ навлари тарқалган бўлиб, улар бир-биридан тезпишарлиги, ҳосилдорлиги, касалликларга ва бошқа ноқулай шароитларга бардошлилиги, таъми, сақланувчанлиги, ташилувчанлиги, қайта ишлаш ва қуритишга яроқлилиги кабилар бўйича фарқланади, - дейди тадқиқотчи Дурдона Эргашева. - Қовун меваси жуда сершира бўлиб таркибида 4,5-20% қандлар (сахароза, глюкоза, фруктоза ва бошқа қандлар), органик (олма, лимон) кислоталар, витамин С, В1, В2, РР, Р ва Э, каротин, пантатен ва фолий кислоталар, пектин, хушбўй ва бошқа моддалар бор. 92%гача сув сақлайди. Қовун этида кўп миқдорда темир, калий ва бошқа элемент тузлари бўлади. Уруғи ҳам биологик фаол моддалар (25%дан ортиқ ёғ, қандлар, оқсил ва бошқа бирикмалар)га бой.

-Тадқиқотим давомида турли фракциялардаги уруғларидан ундирилган қовун навларининг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигини тадқиқ қилиб, қовуннинг айнан қайси навлари лалми шароитга мос келиши ҳамда бу жараёнда унинг ҳосилдорлигини оширишда қайси микроелементларнинг таъсири юқорироқ бўлишини ўрганишга ҳаракат қилдим. Самарқанд вилоятининг лалмикор тупроқлари шароитида ўтказилган тадқиқотларимизда, микроелементларни тупроққа қўллаш ҳамда уруғларни микроелементлар эритмаларида ивитиб экиш таъсирида қовун меваларининг массаси ва ҳосилдорлиги ортишини аниқладик. Микроўғитлар тупроқда қўлланилганда назорат-микроўғитсиз вариантда битта мева массаси 4,2 кг ни ташкил этган бўлса, микроўғитлар қўлланилганда 5-6,4 кг ни ташкил этганлиги қайд этилди. Бунда энг юқори кўрсатгич марганес қўлланилганда ҳисобга олинди. Микроелементларни қўллаш таъсирида қовун ҳосилдорлиги сезиларли даражада ўзгарди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, вилоятимизнинг лалмикор типик бўз тупроқ шароитида қовуннинг Амири нави юқори ҳосил бериши аниқланди.

Қовун тарвузга қараганда қандга бой. Турли қовун меваларида умумий қанд миқдори 7,04 дан 14,47 фоизгача ўзгариб туради. Марказий Осиё қовун навлари меваларидаги қанддорлик 14-16 фоизга етади. Шунинг учун қовун етиштириш технологияларини такомиллаштириб, янги шароит ва ҳудудларда қовун етиштиришни йўлга қўйиш орқали қанд ва шакар саноати ривожига ҳам сезилари равишда ҳисса қўшиш мумкин.


FERMER канали

dunyo.news

Report Page