...

...

AGROBLOGER

Тошкент давлат аграр университетининг ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш илмий тадқиқот марказида энтомофагларни тарқатиш ускуналари яратилди. Ушбу ускуналар трактор ҳамда дронларга ўрнатилиб, зарарли қуртларга қарши трихограмма тухумхўрини тез ҳамда ресурстежамкор технологиялар асосида қўллаш имконини беради.

Биология фанлари доктори, профессор, академик Хожимурод Кимсанбоев ЎзА мухбирига ушбу тадқиқотнинг амалиётдаги натижалари хусусида сўзлаб берди.

— Қишлоқ хўжалиги экинларига жуда кўплаб зарарли хашаротлар, бегона ўтлар хавф солиши натижасида ҳосилдорликнинг йўқотилиши кузатилмоқда. Соҳада зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Ҳақиқатдан ҳам бугун нафақат бизда, балки бутун жаҳонда қишлоқ хўжалиги экинларига жуда кўплаб зараркунандалар хавф солиб, ҳосилнинг катта қисмини нобуд қиляпти. Юртимизда ҳар йили зарарли хашаротларга қарши курашиш жараёнлари олиб борилади. Битта хашарот тури оммавий кўпайиб кетган тақдирда ҳам ҳосилнинг эллик-олтмиш фоизи нобуд бўлиши мумкин.

Зарарли хашаротларни ҳамма вақт кимёвий усуллар билан бошқариш анча мураккаб. Республикамиз далаларидаги зараркунандалар хавфини камайтириш ёки батамом йўқ қилиш, экологик тоза маҳсулот олиш мақсадида ўсимликларни табиий усул билан зараркунандалардан ҳимоя қилиш ғояси илгари сурилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан пахта- тўқимачилик кластерларида илмий марказлар ташкил этиш асосий вазифа қилиб қўйилганди. Ана шу ташаббус доирасида Сирдарё вилоятида пахта-тўқимачилик кластерлари ичида биринчи бўлиб Сайхунобод туманидаги "POLY TEX SIRDARYO" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги пахта- тўқимачилик кластерида илмий марказ ташкил қилинди. Вилоят прокурорининг қўллаб-қувватлаши ҳамда "POLY TEX SIRDARYO МЧЖнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчиси Холйигит Раимбердиев ва илмий марказ раҳбари Ахадқул Пиримқуловларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли кластер далаларида трихограммани дрон орқали тарқатиш технологияси бўйича янги йўналиш очдик. Бу жуда фойдали жараён. Асосан ғўзага тушадиган кўсак қурти ва зарарли хашаротларни йўқ қилишга мўлжалланган.

— Бу амалиёт халқона тушунтирилганда ҳосилга тушган зарарли хашаротларни фойдали хашаротлар, яъни трихограмма билан йўқ қилиш жараёни, шундайми?

— Албатта, ўзимиз яратган аппарат дронларга ўрнатилиб, унинг ичига трихограммалар солиниб пахта далаларига тарқатиляпти. Энг камида 500-600 одам қиладиган ишни битта дрон бажармоқда. Ҳозирча натижаларимиз жуда яхши. Кўсак қуртининг тухуми, қуртлари ҳам деярли йўқ. Ҳаттоки, дала ўсимлик битлари ва шираларидан ҳам деярли тоза.

— Трихограммани кўпайтириш учун асосан қандай маҳсулотлардан фойдаланасизлар

— Трихограммани шогирдим, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Азимжон Анорбоев 140 тур ичидан Ҳиндистон популяциясини олиб келиб, интродукция қилган тури бор, бу “трихограмма чилонис”, дейилади. Бу жуда кўп зараркунандалар тухуми билан озиқланади, ҳам кўпаяди. Бундан ташқари, маълум бир суюқликдан, “in vitro” усулида трихограммани кўпайтириш технологиясини яратди. Лабораториямизда трихограмманинг эвенеси ва пинтои турлари кўпайтирилади. Трихограмма эвенеси яшаб қолиши учун 75 фоиз намлик бўлиши, 25 даража ҳароратдан ошмаслиги керак. Ҳарорат 30 даражадан ошса, ушбу тур нобуд бўлади. Трихограмма пинтои худди шунақа 40-50 фоиз намлик бўлса ҳам кўпаяди. Лекин 35 даражадан ошса бу ҳам ўлади. Ҳозир далада 50-60 даража иссиқ бўлгани учун 30 дажаражадан паслаган вақтда, кечаси ёки эрталаб далага қўйилади.

Ҳиндистондаги трихограмманинг интуродукция қилиниши бизнинг жуда катта ютуғимиз бўлди. Чунки тропик харорат юқори бўлган, қурғоқчилик авж олган мамлакатларда трихограмма яхши ишлайди. Бу трихограммани ё дронда тарқатасиз ёки банкани очиб қўясангиз ўзи учиб, ўлжасини излаб кетаверади. Бу жуда мураккаб жараён, лекин натижаси жуда яхши. Чунки шамол бўлса ҳам, ёмғир бўлса ҳам баргдан тушиб кетмайди. Тухумни қидириб топиб, зарарлаб, сўнг ўзи кўпаяди.

— Ҳозирги кунда пахтага зарар етказадиган хашаротлар қайсилар?

— Жаҳонда ғўзани мингга яқин зарарлайдиган хашаротлар бор. Ўзбекистонда 250 га яқин зарарли хашаротлар мавжуд. Кўсак қурти (Heliothis armigera Hub), деган қурт бу ҳар йили ҳосилга жуда катта хавф солади. Кўсак қурти баргдан бошлаб шона, гул, тугунча, кўракни зарарлайди. Айрим йиллари баъзи зараркунандалар камайиб ёки кўпайиб кетади. Лекин кўсак қуртининг учта авлоди ҳар йили ғўзага тушиб, жуда катта зарар етказади.

Яна ғўзага тушадиган карадрина, деган хавфли қурт бор. У кўпроқ ғўзанинг баргини, қисман шоналарини зарарлайди. Шу нуқтаи назардан кўсак қурти ўта хавфли зараркунанда ҳисобланади. Ҳозирги бизнинг қилаётган ишларимиз кўсак қуртини тухум ҳолида йўқ қилишга қаратилган. Трихограмма кўсак қуртининг тухумларини чақиб, ичига ўзининг тухумини қўйиб, яна табиатга кўпайган ҳолда қайтади.

— Бу усулнинг кимёвий методдан афзаллиги нимада?

— Бунинг кимёвий жараёндан афзаллиги шундаки, кимёвий усулда қаерга дори сепган бўлсангиз, ўша ерда зараркунанда ўлади. Биометодда эса трихограмма қўйилган жойдаги зарарли қуртлар тухумларини нобуд қилиб, бошқа жойлардаги қуртларни ҳам зарарлайди. Чунки унга ўлжа керак. Яъни, кўпайиш, насл қолдириш учун ўлжасини излаб топиб, йўқ қилиб, ўзи яна кўпаяди. Кимёвий дорининг ўрнига кластерда 100 фоиз тоза маҳсулот олиш мақсадида эрта баҳордан буён меҳнат қиляпмиз.

— Ҳозирги кунда далаларимизда мош, ловия, ерёнғоқлар қулоч ёзиб, ўсиш жараёнида. Бу амалиётни уларда ҳам қўллаш мумкинми?

— Албатта, жуда яхши натижа беради. Бизда ғўза экилган майдонлар катта бўлгани сабабли кўпроқ эътиборни пахта далаларига қаратяпмиз. Азимжон Анорбоев “Сабзавот экинларини сўрувчи зараркунандаларни биологик усул билан ҳимоя қилиш” мавзусида фан доктори диссертациясини ёқлади. Сабзавот бўйича изланиш олиб боряпти. Албатта, бу изланишлар натижасини биз сабзавотчиликда ҳам қўллаш ниятидамиз.

— Боғдорчилик, яъни мевали дарахтлар ҳосилдорлигини кўпайтиришда қандай натижа беради?

— Ҳар йили ўрик, олма дарахтига жуда кўплаб зараркунандалар тушиб, ҳосилни яроқсиз ҳолатга келтиради. Биз ҳаётда кўпроқ қайси нарсага талаб бўлаётганига қараб кетиб қоляпмиз. Масалан, боққа, полизга камроқ эътибор беряпмиз. Ҳозир энди мақсадимиз боғларга ҳам ўтиш. Шунинг учун ҳозир мевали боғларда трихограмма эвенеси қўлланиляпти, у 60-70 фоиз самара беради. Мақсад зараркунандани тухум ҳолида йўқ қилиш. Тухумдан чиқиб, қуртлар мевага кириб кетганда у самара бермайди. Бундан ташқари, трихограмма эмброиофагум, дегани бор, олма қуртига қарши қўлланиладиган энтомофаг. Унинг ҳам самарадорлиги жуда яхши.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Нигора Раҳмонова, Шуҳрат Суяров, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА

AGROBLOGER канали

Report Page