....

....


Mohira O'tkirovna

ҚИРҚ БИРИНЧИ КУН (ҳикоя) Кун ёйилиб кетганига қарамасдан Нозима эрта туриш одатига хилоф тарзда шифохонанинг ўзи учун ажратилган, деразаси кунчиқишга қараган хонасида бир ўзи ёлғиз, ташқи дунё билан биттагина боғлаб турган восита — дераза томонга қараб ёнбошлаганча кўзларини юмиб ётарди. Унинг хонаси кенг, ёруғ ва барча қулайликлари бор эди. Деворларию бутун жиҳозлари, пардаларидан тортиб чойшабларигача бўлган ҳамма нарсаси мовий рангда эди. Бир қарашда у ухлаётгандек тасаввур уйғотар, узун қора сочлари паришон, тартибсиз ёйилганча бутун ёстиғини қоплаганди. Қўш қанотларининг бири кенг ётоқдан пастга тушиб, полга тегай-тегай деб турар, иккинчиси эса худди устига чопон ташлаб қўйилганга ўхшаб унинг тиззасигача ёпиб турарди. Нозимага ажратилган хона катта бир бинонинг еттинчи қаватида бўлиб айвондан бутун атрофни томоша қилиш мумкин эди. Аммо Нозима бу ишни ҳар куни бир неча марталаб бажаргани учун унга бунинг қизиғи ҳам қолмаганди. Хонасидаги бутун жиҳозлар уни зериктирган, фақат бўйи баробар келадиган катта кўзгугина қизнинг ёлғиз овунчоғи эди. У ҳар куни ўзини кўзгуга солиб қараб ўтирар, баъзан бу соатлаб давом этарди. У муолажалар қандай ижобий таъсир кўрсатаётганини билиш учун шундай қиларди. Отасининг елиб-югуриши натижасида шифохонага келтирилганининг дастлабки ҳафтасида у тузалиб кетиш умиди билан ўзида йўқ хурсанд яшади ва шу кунларда бу кўзгу хонасида пайдо бўлди. Орадан яна анча кунлар ўтиб, ўзида ҳеч қандай ижобий ўзгаришларни кўрмагач, умидлари шубҳа, гумон, иккиланишларга айланди. Кейин зерикди, сўнг ҳаммасига кўникди. Айни дамда унинг руҳида кўникишдан кейинги бефарқлик ҳукмрон эди. Жимгина ётган Нозиманинг қулоғига дастлаб яқинлашиб келаётган таниш қадам товушлари, кейин хонасининг доим қулф турадиган эшигининг шиқирлаб очилган эшитилди. У беихтиёр кўзларини очди. — Хайрли тонг, қизим, мени жажжи фариштам, яхши дам олдингми? — деди Нозимага қараб турувчи ҳамшира Мунира опа. Меҳр билан айтилган бу сўзлар Нозиманинг энсасини қотирди. У аввалига бу аёлни яхши кўриб қолган бўлса, кейинчалик унинг сўзи ва амали бошқа-бошқа эканлигини пайқаб қолди. Умуман, кейинги пайтларда Нозима ўзида аввал унчалик эътибор бермагани — ички сезгилари билан одамларнинг нима ҳақда ўйлаётганини билиб олиш қобилияти пайдо бўлганини сезди. У одамларнинг сўзларини тинглаб, кўзларига диққат билан тикилиб хаёлидан нималар кечаётганини, айни пайтда нималарни ўйлаётганини билиб олаётганди. Мунира опанинг Нозима билан тенгдош қизи бўлиб, уни соғинган кўнглини юпатиш учунгина Нозимани қизим-қизим дер, уни эркалагандек эркаларди. Чунки Мунира опа ҳам бошқа шифокорлар каби бу ердан ҳеч қаерга чиқмаётганди. Айни мана шу жойига Нозима тушунолмай ҳайрон бўларди. Мунира опа шартномадаги иш куни тугаши билан бу ердан учиб кетишга шай турар, кейин қаердадир Нозимани кўрса ё кимдандир эшитса билиб-билмаганга олиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди. — Ўзингни қандай ҳис қиляпсан? — деди Мунира опа хушмуомалалик билан катта бир дафтарининг янги варағини очиб. — Ўзингиз-чи ? — Нозима ўрнига жойлашиб ўтириб оларкан, совуққонлик билан жавоб қайтарди. — Илтимос, Нозима, бусиз таҳлиллар аниқ чиқмайди, шунинг учун ҳамма саволларимга тўғри жавоб бер. — Ҳар куни бир хил саволлар, — деди у ҳафсаласизлик билан. — Аммо жавоблар ҳар куни ўзгариши мумкин. — … — Саволни яна қайтарайми? — Йўқ, шарт эмас. Биласизми, Мунира опа, ўзимни… — Нозима бир оз ўйланиб қолди. Сўнг ўзи талаб қилиб хонасига ўрнаттирган катта кўзгуга қараб гапини давом эттирди, — ўзимни худди оппоқ, ҳашамдор, этаклари жуда узун тўй кўйлагида ботқоққа қулаган келиндек ҳис қиляпман. Аввалига кўйлагинг учун ичинг ачийди, лой ўз домига тортавергач эса жонинг кўзингга ширин кўриниб уни унутасан. Севикли либосинг эса сени ботқоққа қўшилиб ер қаърига тортаверади, тортаверади… — Бўлди, тушунарли. Иштаҳанг қандай? — гапини бўлди ҳамшира. — Билмадим. Ҳеч нарса егим келмайди. Аммо нима берсангиз шуни қолдирмай еяпман. — Ҳожатга чиқяпсанми, яъни ич қотиши ё… — Ҳаммаси жойида. — Танангда яна бирор ўзгаришни сезяпсанми? — Сезяпман. «Елканларим» кун сайин ўсиб боряпти. — Нозима! – бир оз овози кўтарилди ҳамширанинг. У Нозиманинг бундай гапларини ёқтирмас, инжиқликларини кўтаришга ҳаракат қилар, аммо баъзида ҳаддидан ошса, уни койиб ҳам турарди. Бу сафар индамади. Тўлдираётган дафтарига қараб давом этди. — Бу бизга маълум. Яна бошқа бир ўзгаришни, масалан, қизариш, шишлар, тошмалар… — Яна бирон нима ўсиб чиқмаяптими деб сўрамоқчи бўлсангиз, ҳаммасига умумий жавобим – йўқ! Мунира опа ортиқ Нозима билан одамга ўхшаб гаплашиб бўлмаслигини тушунди ва сўради: — Сенга яна нима ёқмаяпти, қизим? «Яна қизим дейсиз-а? Шу сўзингиз онамни соғинган юрагимга ханжардек ботишини билсангиз эди», хаёлидан ўтказди Нозима. — Мана шу дафтарингиз, саволларингиз ғашимга тега бошлади, опа. — Яхши. Унда дафтарни олиб қўяман. Сен эса нималар бўлаётганини тўғрисини айтасан, келишдикми? — муросага келишга уринди ҳамшира. — Менга нима бўлаётганини сизлар мендан кўра яхшироқ биласизлар. Ахир 24 соат назорат остидаман. Мени асабийлаштираётгани сизлар бераётган дориларингиз мени тузатмаяпти, аксинча баттар ўсиб боряпти булар, — Нозима кийимининг чап елкасини жаҳл билан тушириб ташлади. Унинг оппоқ нозик елкасига сочлари тўкилди. У орқасини ўгириб Мунира опага елкаларидек оқ, нозиккина қанотларини кўрсатди. Қанотлар кўкрак қафаси қобирғасининг тахминан бешинчисидан ўсиб чиққан бўлиб, уларни кесиб ташлаш Нозиманинг ҳаёти учун хавфли эди. Аммо у қанотларини ўзининг бир тана аъзосидек қабул қилолмаётганди. Шунга қарамай, улар иссиқ-совуқни сезар, бегона қўл у ёқда турсин, ўзи беихтиёр тегиб кетса ҳам, дарров бутун аъзойи бадани бошқача жунжикиб кетарди. Ҳис қиларди, сезарди, аммо бошқа тана аъзолари каби қабул қилолмасди. Қанотларига худди бировнинг эрта-индин олиб кетадиган омонатидек, бу меники эмас дегандек қарарди. Шундай тонг отиб, кун ботаётган, қанотлар ўса бошлаган, отасининг таъбири билан айтганда «касалликка чалинган»ининг ўн учинчи кунида уни шу ерга жойлаштиришди. Умуман, Нозимага қаерда эканлигининг фарқи қолмаганди. Чунки ҳеч қаерга чиқмай, тўрт девор ичида яшаётган кунларида бу деворлар уйиникими ё касалхонаникими — фарқи йўқ эди… — Бу ерга келганимга бугун 28 кун тўлди. Шу ҳолга тушиб қолганимга эса 40 кун. Бу нима дегани биласизми, опа? Мен кун санаяпман. Мана шу палакат билан яшаётган, – қанотларига ишора қилди у, — оиламдан узоқда, зерикарли кунларимни алам билан санаяпман. Тузалишга умид қилиб кун санаяпман!!! — асабийлашиб кетди Нозима ўзи хоҳламаган бир тарзда. Мунира опа бир оз наридаги стулни олиб Нозиманинг ётоғига яқинроқ сурди. Жойлашиб ўтириб олиб сўради: — Ким сени касал деди? — сўради унинг аҳволига бепарво қараб. — Кўрмаяпсизми? Бу шундоқ кўз ўнгингизда турибди. — Менга қара, қизим, исталган битта мен буткул соғломман дейдиган одамни олиб келиб тирноғидан сочини учигача текширсанг — энг камида иккита касалликни топасан. Энг камида! Сендан эса бир ойдан бери ҳар куни текшириб битта ҳам касаллик топишолмаяпти. Профессор ҳам, бошқа шифокорлар ҳам ҳайрон. Сен мутлақо соғломсан. — Ростми гапларингиз? — ҳайратланиб, аллақандай умид билан сўради Нозима. — Албатта. — Бу нимадан далолат унда? — деди Нозима курагига ишора қилиб. — Қанотчаларингни айтяпсанми? — кулиб қўйди Мунира опа «Эҳ, сени қара-ю» дегандек. — Қизалоғим, одамларга ўхшамаслик, ҳаммадан бошқача бўлиш касалсан дегани эмас. Бошқалардан фарқ қилиш, йўлини топсанг устунлик ҳам бўлиши мумкин. — Нимани назарда тутяпсиз? — Бу чиройинг, келишган қоматинг ва энг асосийси, инсоният тарихида ҳали кўз кўриб қулоқ эшитмаган мана бу ҳақиқий қанотларинг билан (гарчи, улар ҳеч бир иш бажамарса-да) бутун дунёни забт этишинг мумкин. Пулнинг ўзи дарё-дарё бўлиб сенинг ёнингга оқиб кела бошлайди. Сен эса унда қанотларингни ростдан ҳам елкан қилиб сузиб юришинг мумкин ва яна… — Менга бу нарсалар керак бўлмаса-чи? — ҳамширанинг тўлиб-тошиб айтаётган гапларини бўлди Нозима. — Ҳозир дунё эътибор марказида бўлишни истайдиганларга тўлиб тошган. Улар бунинг учун шунчалик аҳмоқона телбаликлар қилишяптики, кўриб беихтиёр «Астағфируллоҳ» дейсан. — Муҳими, Аллоҳнинг назаридан қолмаслик, бандасиники ўткинчи. — Албатта, қизим, шундай. — Опа, мен нима гуноҳ қилдимки, Худойим мени бундай жазолади? Охирги пайтлар ота-онамни кўп ранжитдим, шунгамикин-а? Кўп ёлғон гапирардим, бошқаларга қўшилиб ғийбат ҳам қилардим, дилозор эдим, кўча-кўйларда тиланиб юрувчи бева-бечораларга раҳмим келмасди, аксинча жирканардим, на инсониятга, на ҳайвонотга фойдам теккан. Балки мен шунинг учун жазолангандирман? — жавдираган кўзларини Мунира опага тикиб, аллақандай ўкинч билан гапирди Нозима. — Қўй, қизим, ундай дема. Ҳаммамиз ҳам шундаймиз. Санасам, айтсам, ҳозир қилаётган ҳар бир ишимиз — гуноҳ, юрган йўлимиз — гуноҳ. Сен бундай бемаъни нарсаларни ўйлаб бошингни қотирма. Ҳеч бир иш беҳикмат бўлмас. Мана, сен ҳеч кимга фойдам тегмаган дейсан, ахир сен сабаб нечта профессор-шифокорлар илмий иш бошлаб, оламшумул янгилик қилиш арафасида туришибди. Улар сен сабаб бутун дунёга машҳур бўлишади. Сен одам эволюциясида янги босқични бошлаб бераётган бўлишинг мумкин. Бунинг нима эканлигини тасаввур қиляпсанми? — Шошманг, шошманг! Қанақа илмий иш, қанақа оламшумул янгилик? Ахир улар дадамга мени бу аҳволим ҳақида ҳеч кимга айтмасликка ваъда беришганди-ку, — ҳайрону лол бўлиб қолди Нозима. Мунира опа суҳбат қизиб, айтиши мумкин бўлмаган гаплар ҳам оғзидан чиқиб кетгани учун лабини тишлаб қолди. — Демак, мен соғлом бўлсам, улар мени… шунча кундан бери фанга ҳали номаълум бўлган бу тезўсар қанотчалардан даволаяпмиз деб алдаб, илмий иши учун тажриба қуёнчасидек қамаб ўтиришган экан-да? — кўзларидан ўт чақнаб Мунира опага тикилди Нозима. — Йўқ, йўқ, қизим, ундай эмас. Сен нотўғри тушундинг. «Йўқ, энди ҳаммасини тушундим, ҳаммангизни энди тушундим. Мени бу ерда бутун дунёдан узиб, ота-онам билан ҳам учраштирмай маҳбусдек тутиб туришингизнинг боиси — мени биринчи бўлиб кашф қилиш экан. Аниқроғи, на одам, на қуш бўлган аросатдаги мавжудотни «Одам эволюциясининг янги босқичини бошлаб беряпти» деб оламга жар солиб, ўзларига обрў, менга эса машҳурлик деб атаётганлари — шармандалик келтиришмоқчи! Сиз айтган «машҳурлик» менга керак эмаслигини кошки тушуна олсангизлар эди. Мен эл қатори яшашни истайман. Биров билиб-билмай, биров таниб-танимай. Тушунасизми шуни, оддий одамдек яшашни истайман!» Мунира опа жон куйдириб нималарнидир тушунтиришга уринар, бироқ Нозиманинг қулоқлари ортиқ ҳеч нарсани эшитмаётганди. Тўғрироғи, яна ёлғонларни тинглашни истамасди. Мунира опа Нозиманинг индамай қолганини ўзича тушуниб, ҳар кунги дориларини берди. Нозима ҳеч бир қаршиликсиз уларни ичди. Бундан ҳамширанинг кўнгли жойига тушиб, хавотирларини ўринсиз деб топиб хонадан чиқиб кетди. Нозима анчагача бундан кейин нима қилишни ўйлаб боши қотиб ўтирди. Деразанинг мовий пардалари енгил шамолда ўйнар, нимаси биландир у Нозимани ўзига тортарди. У дераза ёнига яқинлашди. Пардаларнинг шамолдаги «рақсига» кўзларини юмиб юзини тутиб берди. Ташқаридан у жуда хотиржам кўринса-да, қимтилган лабидан, юмуқ кўзларининг пир-пир учишидан, чуқур-чуқур нафас олишидан унинг ичида бўрон қутураётганини сезиш мумкин эди. Бир оз шу ҳолича тургач у деразани ёпиб қўйиб ўз «қафас»ига яна бир бор кўз югуртирди. Ҳамма нарса меъдага тегмайдиган мовий рангда! «Жин урсин бу рангни, — биринчи марта ўзининг севимли рангига нисбатан нафрат билан қаради у, — шу пайтгача ёлғонни севиб, ардоқлаб келган эканман-ку. Сувни мовий рангда ифодалайсан. Қўлингга олиб қарасанг унда бу рангдан асар ҳам йўқ бўлади. Осмонни мовий дейсан, У ҳам шунчаки рангсиз. Олис йўқликлар кўзингга шундай кўринади. Мовий тоғлар ҳам йўқ аслида, ҳаммаси ёлғон, сохта, алдамчи! Мен шу хонада, шу пайтгача ёлғон ичида яшаб келган эканман». Нозима аламли ўйлар исканжасида деразани қайта очди. Аввал хонаси учун зеб деб билгани, айни пайтда кўзига балодек кўринаётган, «мусаффо осмон»га ҳеч қачон ёпишмаган кўзгуни бор кучи билан кўтарди-да, деразадан пастга отди. Еттинчи қаватга унинг қарсиллаб ерга тушгани эшитилди. Бир оздан сўнг унинг хонаси нима бўлаётганини тушунолмай қўрқиб кетган «меҳрибонлари» билан тўлди. …Нозима минган, деразалари қорайтирилган машина ўз уйининг олдига келиб тўхтаганида вақт тушликка яқинлашган эди. У қафасдан қутулаётган қушдек машинадан тушишга шошилаётган бир пайтда минг бир вазифа олган Мунира опа уни тўхтатди ва Нозимани даволаётган, айни пайтда эса унинг устида илмий иш олиб бораётган профессорнинг гапларини яна бир бор эслатмоқчи бўлди. — Мунира опа, ҳаммаси эсимда. Ақлли қиз бўлиб уйдан чиқмасликка ваъда бераман, — деди у қатъий ишонч билан. Бир неча соат олдин содир бўлган ўша кўзгунинг синиши воқеасидан сўнг унинг руҳий аҳволини яхши эмас, деб топган шифокорлар бир кечага уйига боришига рухсат беришганди. Улар шу йўл билан Нозиманинг кўнглида туғилган шубҳаларни йўққа чиқармоқчи, юз бериши муқаррар бўлган муаммоларнинг олдини олмоқчи эдилар. Нозима кўчада одам йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ёпинчиғини устига ташлаб уйига кириб келди. Уларнинг дарвозаси доимгидек қулфланмаган, дадаси ишда, уйда эса онасидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бу кутилмаган ташрифдан Шарофат опа жуда хурсанд бўлди, худди узоқ кутган азиз меҳмони келгандек ўтқазгани жой тополмай қолди. Қизи учун тикиб қўйган янги кўйлагини олиб кўз-кўзлади. Нозима аввалгидек кийим-кечакка ўч эмас эди, у онасининг истаги учунгина кўйлакни эгнига кийиб чиқди. Шарофат опа яхши тикувчи эди. Кўпчиликка турли кийимлар тиккан. Аммо биринчи марта ҳозир Нозиманинг эгнидагидек этак ва енглари узун, орқа елкаси йўқ кўйлак тикиши эди. Бу кўйлак Нозиманинг ҳозирги ҳолатига мос ва унга жуда ҳам ярашганди. У шу туришида эртаклардаги фаришталарни эслатарди. Нозима кўнгли алланечук бўлиб, ўзини онасининг бағрига отди. Бир сўзсиз, кўз ёшлари билан миннатдорлик билдирди… Баъзан қилаётган ишингнинг охири кўнгилсизлик билан тугашини олдиндан сезиб турсанг-да, ўша ишга катта таваккал билан қўл урасан. Азбаройи қизиқувчанлигингдан эмас, нотинч ўйлар ичидаги аросатдан қутулиш учун ҳам шундай қиласан. Нозима ҳам бир оз кеч тушишини кутиб сўнг уйдан чиқди. Анчадан бери келмаган жойи – боққа борди. Ўзига яхши таниш ва қадрли бўлган кекса оқ тераклар остидаги ўтирғичда нотинч ўйларининг сабабчиси — Асқар уни бесабрлик билан кутиб ўтирарди. Нозима йигитни узоқдан кўриб таниди, юраги қаттиқ-қаттиқ ура бошлади. У ёғига боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай тўхтади. «Мени кўриб қай аҳволга тушади. Қандай қабул қилади. Қани унга қўнғироқ қилганимдаги жасоратим, у бирдан қаерга йўқолди?!» деб хаёлидан ўтказди у. Нозима ортга қайтмоқчи ҳам бўлди, аммо кечикканди. Асқар уни узоқдан, ёпинғичи-ю, ёқа қалпоқ кийганига қарамасдан таниганди. Ва илдам юриб унга яқинлашиб кела бошлади. Нозима шошиб қолди. Юраги баттар безовта ура бошлади. Миясида эса фақат биргина савол чарх уриб айланарди: «Мени кўриб қай аҳволга тушади?» Ўз тахминидан ўзи қўрқиб кетарди шуни ўйласа. — Нозима! — ўша соғиниб кетгани, ёқимли, эҳтиросли овоз эшитилди унинг қулоғига. — Асқар, – жилмайишга уриниб кўрди Нозима ҳам. — Қаерларга кетдинг, Нозима? Шунчалик ҳам бемеҳр бўладими одам, — деди Асқар унга яқинлашаркан. — Тўхтанг, — қатъий гапирди Нозима. — Менга… яқин келманг. — Нима бўлди ўзи, тинчликми? Менга ҳам тушунтириб берасанми? — ҳайрон бўлганча турган жойида қотди Асқар. — Ҳа, тушунтираман. Мен… касал бўлиб қолдим! — Буни эшитдим. Сени чет элга кетиб даволаняпти дейишди. Уйингга неча марта бориб бир сўз айтолмай ортимга қайтдим. Телефон қилавериб чарчадим. Сендан қанчалар хавотир олганимни биласанми? — Ҳар қанча гина қилишга ҳаққингиз бор, — кўзларини ерга қадаб гапирди қиз. — Наҳот, бир оғиз телефон қилиш, «Яхшиман» деб қўйишнинг иложи бўлмаган бўлса? — куюниб гапирарди Асқар. — Мендан хавотир олдингизми? – Нозима кўзларини ердан узиб Асқарга меҳр билан тикилди. — Хавотир олиш ҳам гапми? Ақлдан озишимга сал қолди. — Асқар, эсингиздами, бир пайтлар менга «Сен қўлларимдан тутсанг, бас, мен уларни ҳар қандай вазиятда ҳам қўйиб юбормайман», дегандингиз. — Дегандим, Нозима, дегандим. Сен билан бирга ўсиб, бирга катта бўлдик. Ҳаётимизнинг қолган қисмини ҳам бирга ўтказишга ваъдалашганмиз. Ҳар не бўлса ҳам мен сендан воз кечмайман, Нозижон. У қандай касаллик бўлса ҳам бирга енгамиз, ишон… Асқар бу гапларни чин дилдан, бир-бир қадам босиб яқинлашиб келиб айтди. Ва секингина Нозиманинг титроқ қўлларини кафтига олди. Унинг гаплари самимий эканлигини сезиб турган Нозима қўлларини тортиб олмади, аксинча, унинг қўлларини маҳкам тутди ва… ёпинғичини ечиб юборди. Атрофга кеч тушган, боғнинг хира, кўкиш чироқлари Нозиманинг ортидан нур сочиб турарди. Шунинг учун Асқар дастлаб ҳеч нимани пайқамади. Аммо кейин ерга тушган қора ёпинғич устига нимадир тушиб турганини, ва у секин-секин ҳаракатланаётганини кўрди. Нозима Асқарнинг юз ифодасига кўз узмай қараб турди ва боядан бери яширишга уринаётган қанотларини қоқди. Асқар ҳайратда эди. У кўриб турган кўзларига ишонмаётганди. — Асқар, бу мен сизга айтолмаган «касаллигим», – деди у чуқур қайғуга ботиб. Асқар беихтиёр қўлларини куч билан тортиб олди. У бу иши билан шундай бўлиши мумкинлигини кутган, аммо айни пайтда кутмаган Нозимани силтаб юборганди. — Бббуу бббўлиши мумкинмас. Ҳазиллашяпсан-а мен билан Нозима? — деди овози қалтираб Асқар. Унинг ҳаракатлари Нозиманинг кўнглини чилпарчин қилди. Жавоб кутиб турган Асқарга «Йўқ» дегандек бош чайқади ва қанотларини борича ёзди. Асқар тирик мурдани кўргандек ортига тисарилди. Орқасига ишончсиз, пайдар-пай қадам босиб Нозимадан узоқлашди. — Бўлиши мумкин эмас, — дерди у ҳайрату қўрқувини ифодалашга бошқа сўз тополмасдан. Шундай туйғулар бўлади, сўзлар ифодалашга ожиз. Ёки инсон туйғулари залворидан уни тилига чиқаришга иродаси етмай қолади. Булар — севги, нафрат ва ёки соғинч бўлиши мумкиндир, эҳтимол. Асқар ҳам айни дамда ҳис қилаётганларини тилига чиқаролмаётган бўлса-да, у ҳаммаси ҳақида ўйларди. Шунинг ўзи Нозима учун етарли бўлди. Нозима аввалдан кўп изоҳларни дилига тугиб келган, аммо Асқарнинг кўзларида кўрган совуқ ифода ва хаёлидан ўтказганларидан сўнг тилини тишлади. Сўнгра у иззат-нафси каби ер бўлган ёпинчиғини тезда олиб, ўзига қўрқув, ачиниш ва ҳатто жирканиш билан қараётган йигитдан узоқлашиб қоронғиликда кўздан йўқолди. Асқар гўё сеҳрлангандек турган жойида қотиб тураверди. Фақат Нозима узоқлашиб кетганидан сўнггина ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмайдиган, ожиз товушда «Нозимааа» деб чақирди. Оқшом чўккан кўчаларни чироқлар ёритиб турар, Нозима тез-тез қадам босиб қаергадир кетиб борарди-ю, қаергалигини ўз ҳам билмасди. «Эҳ, нимага ҳам келдим, нимага тинчгина шифохонамда қолавермадим? Энди кўнглинг таскин топдими? Асқарнинг юрагини ёриб, ўз-ўзингни шарманда қилиб нимага эришдинг, Нозима? Нимага, нимага?! – Нозиманинг ичи ўт бўлиб ёнар, дарди-дунёси қоп- қора эди унинг. Асқар шу бугунги кунгача ҳаётининг ажралмас бир бўлаги эди. Усиз келажагини, ҳаётини тасаввур қилолмасди. Энди уни бир умрга йўқотди. Ҳа, энди у йўқ эди Нозима учун. Эртага у излаб келса ҳам, ҳеч нимага қарамай ҳаммаси аввалгидек қолишини айтса ҳам Нозима уни қабул қилолмасди. Чунки у буни ўзи истаб эмас, Нозимага ачинганидан қиларди. Нозима учун эса бундан ортиқ хўрлик йўқ эди. Бу таниш кўчалар уни ўз уйига олиб келганида дарвоза қаршисида бир оз тўхтади. Кўз ёшларини тийиб туролмагани учун уйга киришга шошилмади. Аммо ичкаридан отасининг қаттиқ-қаттиқ овози эшитилгач, хавотир олиб уйга кирди. — Калта ўйлайсан-да доим. Мен нега ўша шифохонага уни жойлаштириб келдим-а? Саволимга жавоб бер-чи? — отаси одатда секин, вазмин гапирарди. Айни пайтда эса жуда жаҳли чиқиб кетган, бундай пайтларда онаси ким ҳақлигидан қатъи назар жим турарди. Нозима секин келиб айвон деразаларидан ичкарига қаради. У отасини жуда соғинган, айни пайтда бориб қучоқлаб кўришгиси келар, аммо, ундай қилолмасди. — Ўша ерда қолиб даволанса тезроқ тузалади, дедим. Одамлар кўзидан, ортиқча гап-сўзлардан нарироқ бўлсин, дедим. Сен нимани ўйлайсан ўзи? Хўп, соғиниб келибди, нега кўчага чиқарвординг? Кимдир кўриб, таниб қолса нима бўлади? Кимсан палончиевични қизи шунақа бўлиб қолибди деб гап тарқасинми энди? Нозиманинг нафаси бўғзига тиқилди. Боши айланиб, оёқларидан мадор кетди… Турган жойида деворга суяниб қолди. — Нега унақа ёмон ният қиласиз? Ахир қачондан бери бир хонадан ташқари чиқмайди. Бир оз тоза ҳавода айланиб келса, бунинг нимаси ёмон? — синиқ овози эшитилди онасининг. — Ёмон! — қатъий жавоб қайтарди отаси. — Жуда ҳам ёмон! Нозима энди аввалгидек эмас. У энди аввалгидек одамлар орасида бемалол юролмайди, бемалол яшолмайди, ҳатто биз билан ҳам. Сен онасисан, буни кўнглига тегмайдиган қилиб тушунтиришинг керак эди. Нозима ортиқ отасининг гапларини эшитишга кучи етмади. Қандай билдирмасдан кириб келган бўлса, шундай чиқиб кетди. У ортиқча тушунтиришларсиз ҳаммасини тушунган эди. У яна таниш кўчаларидан юриб кетаверди… Нозима кўп қаватли уйлардан бирининг томида, пастга қарасанг кўз тинадиган даражадаги баландликдан ерга тикилганча хомуш турарди. У авваллари баландликдан жуда қўрқарди. Энди эса бу қўрқувдан ҳам кучлиларини бошидан кечиргач, у арзимасдек бўлиб қолгани учунми ё еттинчи қаватдан ерга тикилавериб-тикилавериб кўникиб кетгани учунми, ҳар холда қўрқувдан асар ҳам йўқ эди. Нозима анчадан бери бир жойдан кўз узмай қараб турар, бу жой тахминан агар ўзини шу ердан ташласа бориб тушиши керак бўлган асфальт йўлакча эди. У кўп ўйлаб шундай қарорга келган, аммо бундан заррача қўрқмаётганди. Унинг қалби ҳозир бўм-бўш бўлиб қолган, худдики дунёдан юз буриб, ички хотиржамликни топгандек эди. Вақт ярим тундан оғиб, ой тиккага келиб қотиб қолганди. Шу пайт Нозиманинг юзига тунги шамол келиб урилди. У чарчаган кўзларини юмиб ўзини шамолга топширди. Атроф дунёни унутиб, икки қўлини кенг ёзди. Шу туришда узоқ туриб қолди. Шунда шамол, тоза ҳаво, осмону ундаги жимир-жимир юлдузларни ҳис қилди. Ўзини уларнинг бир парчасидек, улар билан бир бутундек сезди. Бутун танаси енгиллашганини, аллақандай бир ёқимли туйғу вужуди бўйлаб илиқ қондек айланаётганини англади. Қанотлари эса янада ўсиб, ўз-ўзидан пастга тушди. Унинг нозик учи ерга тегай-тегай деб турар, кўринишидан доирага қопланган терини эслатувчи, аммо ундан оқ ва шаффоф, афсоналардаги фаришталарни эслатувчи қанотлари билинар-билинмас силкинар, чамаси… учишга шайланарди. Нозима эса буни сезмас, бир маромда нафас оларди. Ўзини одамлар орасида бегона, аслида эса табиатнинг бир парчасидек туйди. Илк бор ўз-ўзини борича қабул қилди ва қанот қоқди. Унинг шу туришини кузатишга мушарраф бўлган одам гўзалликдан, табиат мўъжизасидан кўз узолмай қоларди. Нозима худди қанот қоқишни олдиндан билгандек кўринарди. У бир меъёрда шошмасдан, ғоят нафислик билан қанот қоқар, шу кўринишида ниҳоятда гўзал эди. Аммо ўзи буни тасаввур ҳам этолмасди. Аввал Нозиманинг оёқлари ердан оҳиста кўтарилди, кейин кимдир тутиб қолишини астойдил истаб ўзини пастга отди. Аммо у ерга қулаш ўрнига ҳавода муаллақ қолди. Ердаги қирқ биринчи кун якунига етай деганда у вақт ўлчови аҳамиятсиз бўлган само қўйнига парвоз қиларди. Моҳира ЭШПЎЛАТОВА. 08.08.2020

Report Page